“Шеър — дард, дард — сиёсат” ёхуд таниқли ёзувчи, публицист ва партия фахрийси Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ўзликни англаш формуласи

0
32

Ўзлигини англаган шахс — ўз “мен”ини тарбиялаган, маънавияти юксак, теран фикр­ли, кенг тафаккурли инсон. Бундай юксак фазилатлар эгасидаги донишмандлик секин-аста зоҳирдан ботинга кўча бошлайди, ўзининг яхши фазилатлари, интеллект даражаси билан атрофдагилар меҳр-эътиборини қозонади.

Ўзлик тушунчаси шу қадар қадимий ва теранки, у ҳақда узоқ йиллардан бери гапирилади, таҳлил ва талқин қилинади. Ўзлик муаммоси шу қадар долзарбки, унинг аҳамияти ҳақида истаганча баҳслашиш мумкин. Бугун замон жамиятнинг ҳар бир аъзосидан миллий ўзлигини англаш, ўз “мен”и, ўз позициясига эга бўлиш, қарашлар ва манфаатлар тўқнашуви жараёнларида ёт ғоялар “вируси”га чалинмасдан ўтишни тақозо қилаётган бир пайтда, ўзликни англаш ҳақида бот-бот суҳбат қуриш мумкин.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ҳамда “Миллий тикланиш” газетаси ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Ўзлик ҳақида суҳбат”ларни мана шу эзгу мақсад йўлидаги қадам, дейиш мумкин. Лойиҳанинг бу галги меҳмони таниқли ёзувчи, публицист, партия фахрийси Хуршид ДЎСТМУҲАММАД бўлди. Асарларида ҳиссиёт ва тафаккур бир-бирини тўлдириб, ҳаёт ҳақиқати ва бадиий ҳақиқат уйғунлиги акс этиб турувчи ижодкор билан суҳбатни “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Исмат ХУДОЁРОВ олиб борди.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Аввало, таклифимизга розилик билдириб, партиямиз фаоллари билан ўзлик ҳақида суҳбатлашиш, унинг теран маъносини англашда ўз тажрибангиз билан ўртоқлашишга розилик билдирганингиз учун ташаккур…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча саъй-ҳаракатларини кўриб, кузатиб турибмиз. Амалга оширилаётган ҳар бир катта-кичик ишнинг ўз ўрни ва аҳамияти бор. Жумладан, “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси замирида ҳам катта маъно ва мақсад мужассам. Ўзлик ниҳоятда кенг тушунча: глобал масалаларнинг барчаси ўзлик тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Бугун глобаллашув шиддати авж олаётган XXI асрда “Миллий тикланиш” демократик партияси бу тушунчани кун тартибига қўйишининг ўзи ҳам  унинг бошқа сиёсий партиялардан фарқли жиҳатларини кўрсатиб турибди.

Мен талабалик кезларимдан ўзлик, шахс “мен”и, психологияси, фалсафасини ўрганишга қизиққанман. Буни қарангки, орадан шунча йил ўтиб, бугун ўзликни англаш катта бир сиёсий дастурга айланди. Мана шу ғояни шиор қилиб, исталган баҳс майдонида курашиш мумкин. “Энг бахтли одам — ўйлаганидек гапирадиган, гапирганидек ўйлайдиган одамдир”, деган эди файласуфлардан бири. ЎзМТДП фаоллари билан  бугунги суҳбатимизнинг мавзуси ҳам айнан шунга бағишлангани эътиборга молик.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси дунё жамоатчилигининг ҳам эътиборини тортди. Халқимиз уни нафақат парламентга, балки юртимизнинг ҳар бир фуқаросига бўлган мурожаат сифатида қабул қилди. Ушбу Мурожаатномадан сўнг кўнглингиздан қандай ўйлар ўтди?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентга мурожаати воситасида бугунги энг муҳим масалаларни тилга олди, кўплаб долзарб ташаббус ва таклифларни билдирди. Давлат раҳбарининг парламент аъзоларига мурожаати дунёда кенг қўлланилаётган тажриба. Бироқ бизда у илк марта амалга киритилди. Президентимиз дунё тажрибасининг бу муҳим шаклини Ўзбекистондаги сиёсий муомалага дадил киритди.

Давлатимиз раҳбари 2016 йил 24 ноябрда Тошкент шаҳар сайловчилари билан учрашувда 4 соат маъруза қилганида мамлакатимизда тилга олинмаган масала, айтилмаган гап қолмади, деган эдим. Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллик тантанасидаги концептуал маърузадан кейин зиёли инсон сифатида парламентга Мурожаатномада қандай гап айтилар экан, ҳамма гап айтиб бўлинди-ку, деб ўйладим. Аммо Мурожаатномани тинглаб янглишганимни сездим ва қайта-қайта иқрор бўлдим.

Президентнинг парламентга мурожаати ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Шавкат Мирзёевнинг 4-5 дақиқалик интервьюсидан тортиб, ҳар бир чиқиши, концептуал маърузаларини тарихий воқеа, деб айтиш мумкин. 2017 йилнинг аҳамияти 1991 йилнинг аҳамиятидан кам бўлмади. Биринчи Президентимиз даврида мамлакатимиз биринчи уйғониш палласини бошдан кечирди. Бу давр 25 йил давом этди. Бу йиллардан фарқли ўлароқ, 2017 йилга тарихчилар, файласуфлар, жамиятшунос, шахсшунос ва сиёсатдонлар нуқтаи назаридан фавқулодда ўзгача баҳо берилиши шубҳасиз.

Шахс, жамият ва давлат бир-бири билан узвий боғлиқ тушунчалар. Юлдузлар қутб юлдузи атрофида айлангани каби ҳозирги даврнинг ҳамма муаммоси мана шу тушунчалар атрофида айланади. Мурожаатномани эшитиб, қайта-қайта ўқиб, ҳар сафар қатор саволларни ўз олдимга кўндаланг қўяман. 1917 йилдан буён орадан юз йил ўтди. Халқ қайси давр ва шароит бўлмасин эртанги куни яхши бўлишини кутади ва ишонади. Энг муҳими, ҳаммамизда бугунги кунга ишонч бўлиши керак.

Шуларни мушоҳада қилар эканман, Қозоғистонда юртдош­ларимиз билан содир бўлган фожеа юрагимни ларзага солганини айтмаслик мумкин эмас. “Дунёнинг нариги чеккасида бир бола, бир аёлнинг кўзида ёш бўлса, мен айбдорман”, деган эди Достоевский.

Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада қатор масалаларни куйиниб тилга олганда, мана шундай фожеаларнинг бўлмаслигини хоҳлаган эди. Мамлакатни беш қўлдек биладиган инсоннинг “бошқача яшашимиз керак” деб жонкуярлик билан айтган мурожаати эди бу. Бу инсоннинг шунчаки тил учида эмас, балки халқ дардини ўз дарди деб билганидан, жайдари ибора билан айтганда, муаммо борми, ҳал қилиш керак, деган прагматик бир мантиқдан келиб чиқиб гапириши бизни, ҳар биримизни яна сергакликка, 2017 йил бошлаган ишларимизни дадил давом эттиришга ундайди.

Мурожаатномани тинглаб, менда оддий бир фуқаро сифатида бир қанча савол пайдо бўлди.

Биринчидан, мамлакатда аҳвол шу даражага келган экан, биз қаерга қарадик? Нега бу муаммоларни шу пайтгача ҳеч ким гапирмади? Гапирган бўлсак ҳам чойхонада, кўча-кўйда гапирдик, на бирор сиёсий партия, на бир зиёли, на сиёсатчи бу муаммоларни минбарга олиб чиқа олмади. Иккинчидан, агар Президент Мурожаатномада тилга олган масалаларнинг ярмини айтиб, ярмини айтмаганида яна тилимизни тишлаб юрармидик? Учинчи савол: давлат раҳбари шунча масалани кўтарди, хўш, бошқа муаммолар йўқми? Агар биз ўша муаммоларни топиб, дадил айта олсак, бу давлат ривожига кўмак бўлмайдими? Президентимиз “дардингиз ичингизда қолмасин, нима муаммо бўлса айтинг”, деб портал очиб қўйди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мана шундай муҳит яратиш мақсад қилинган эди.

Демак, Мурожаатномадан хулоса жуда чуқур. Уни фавқулодда воқеа, оламшумул ҳодиса, қарашларни, Ўзбекистонга муносабатни ўзгартирган воқелик, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари тилга олган масалалар, муаммолардан тўғри хулоса қилиб, бир ёқадан бош чиқарсак, юртимиз учун қилина¸тган эзгу мақсадларни амалга оширишга ёрдам берган бўламиз.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Давлатимиз раҳбари жамиятда “Ишонч муҳитини яратиш керак”, деб кўп таъкидлайди. Сиз ҳам бир суҳбатингизда инсонларда ўзаро ишонч бўлмаса, жамиятни ривожлантириб бўлмайди, деган эдингиз…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ишонч — гўзал ва инсон учун зарур туйғу. Бу ҳақда Фрэнсис Фукуяманинг 700 саҳифали “Ишонч”  номли асарини ўқиб, изтиробга тушганман. Хўш, бизнинг халқимизда ишонч туйғуси қандай, бу туйғу шахс, жамият, давлат миқёсида қандай шаклланган? Фукуяма айтадики, пойдевор бўлмаса, бино қуриб бўлмайди. Бинони мустаҳкам қилиб турган нарса — пойдевор. Жамият ҳам бир иморат. Уни мустаҳкамлайдиган омил — ишонч. Оддий бир мисол: эр хотинга, бола онага, бемор шифокорга, ходим раҳбарга, раҳбар ўринбосарига ишонмаса, бу қандай жамият бўлади? Бугун жамиятда ишончсизлик туйғусига барҳам бериш учун ташкилотлардаги қоғозбозлик, ҳисоботбозликни четга суриб, аниқ ишларга ўтиш вақти келди.

Яқинда “Бекажон” газетасида бир суҳбат чоп этилди. Мухбирнинг Америкада тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўзбек йигити билан суҳбатида айтилишича, бу йигит 2010 йилдан буён уч фирмани бошқарар экан. Солиғини тўлагани, ҳужжатлари жойида бўлгани боис 8 йилдан бери бирорта текширув келмаган. Мана шу мисолнинг ўзи ҳам ишончнинг яққол ифодаси. Президентимиз тадбиркорлар фаолиятини ортиқча текширувлардан халос этиши замирида ҳам мана шу туйғуни мустаҳкамлаш мақсади бор, аслида.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Бугунги кун олдимизга қўяётган вазифалар миллий бирлашиш, жипслашишни тақозо қилаётгандек. Башарият тарихи тажрибасида ўтиш ёхуд янгиланиш жараёнида бу жуда ҳам зарур. Айниқса, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этишда бирдамлик, бир ёқадан бош чиқариш кутилган самарани беради. Шу борадаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Бирлашиш — жуда муҳим масала. Кичик оила ҳам бирлашмаса, оила бўлмайди. Ҳаётий мисол: 6 киши жам бўлмаса, баскетбол ўйнаб бўлмайди. Жамоа аҳил бўлмаса, қўйган қадамидан бир-бирини англаб ололмаса, тўрга копток ташлай олмайди. Биз суҳбатимизда 32 миллиондан зиёд халқ ҳақида гапиряпмиз. Бирлик, жипсликни таъминлаш юқорида тилга олган ишонч туйғуси билан чамбарчас боғлиқ. Ўтиш даври ҳақида айтдингиз. Бу давр ижодкор учун яхши, долзарб мавзуларни беради. Аммо бу оддий халқ учун мураккаброқ кечади. Чунки инсон умри ўткинчи, вақтни ҳеч ким ушлаб қололмайди. Ўтиш даври тушунчасини сиёсатчилар ўйлаб топган. Аслида халқ бир маромдаги, сокин ҳаётни яхши кўради, хотиржам бўлишни хоҳлайди. Ўтиш даври ўз йўлига. Ҳаётни бир маромга қўйиш, тўғри йўлга солиш ўзимизга боғлиқ. Бунинг учун эса бирлашиш керак.

Бирлашиш эса миллий туйғулар билан боғлиқ жараён. Афсуски, миллий туйғуларимиз ҳозир наҳорда элга бериладиган ош, никоҳ дабдабалари-ю, ҳавойи орзу-ҳаваслар даражасида. Беҳбудий, Мунаввар қори каби маърифатпарварларимиз “бу халқ қачон бирлашади?”, деб фарёд чекиб ўтди. Дунё аэроплан учираётган бир пайтда биз варрак учираётганимиздан, одамлар осмонга чиқаётган пайтда биз “ланка” ўйнаётганимиздан куюниб ўтди. Миллат бирлашиши учун мана шундай жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш керак. Тўхтамаслик, ривожланиш сари интилиш керак. Наҳорги ошлару, дабдабали тўйларни бартараф этиб, юртдошларимиз қалбига “бошқача яшаш”ни сингдириш эса “Миллий тикланиш” демократик партиясининг вазифаси.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Сиз раҳбарлик қилган “Миллий тикланиш” билан ҳозирги “Миллий тикланиш” демократик партияси ўртасида, албатта, ўхшашлик мавжуд, лекин тафовут нимада кўринади, деб ўйлайсиз?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Сиёсий партия — давр “фарзанди”. Биз фаолият юритган давр мутлақо бошқача эди. Умумий қарашлар бир хил бўлгани билан кечаги ва бугунги сиёсий партияларни ўзаро таққослаш қийин. Масалан, ўша пайтдаги “Миллий тикланиш” партиясининг иқтисодий имкониятлари билан ҳозиргисини мутлақо қиёслаб бўлмайди. Қолаверса, жамиятдаги эркинлик даражаси ҳам ҳаминқадар, рақобатга чиқиб бўлмасди. Ўрганишларга чиққанимизда ҳудудларда жуда кўп муаммоларга дуч келардик, аммо уларнинг бирини айтсак, бирини айта олмасдик. У пайтларда сиёсий партияларнинг вазифаси бироз бошқачароқ эди. Сиёсий партия ўз асл вазифасини энди амалга оширмоқда.

Бўлиб ўтган қатор сайловлар, сиёсий жараёнлар партиянинг ҳар жиҳатдан тобланиши, тажриба тўплаши, сиёсий майдонда ўз позициясини аниқ белгилаб олиши учун замин яратди. Гап берилган ваколат ва имкониятдан тўғри фойдалана олишда. Парламент ва депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланиш, одамлар оғирини енгил қилиш, муаммоларга ўзига хос тарзда ечим топиш бугунги сиёсий партиянинг дастуриламали бўлиши лозим.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Ўзлигини англаган шахслар бир-бирини тўлдиради. Шундай эмасми?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзликни англаш — интеллектуал ҳодиса. Ўқимаган одам ўзлигини ҳам англолмайди. Достоевскийнинг “Хилватдан мактублар” асари қаҳрамони “Мен ўтакетган танбалман, ялқовман. Ялқовлигим билан фахрланаман”, дейди. Кимдир безорилиги билан ўзлигини топади. Бироқ, интеллектуал ҳодиса — ўқиш, ўрганиш, китобхонлик орқали ўзликни англаш тамомила бошқа масала…

Исмат ХУДОЁРОВ: — Демак, китоб мутолааси, китобхонлик ҳам инсон ўзлигини англашининг муҳим омили экан-да? Бугунги чоп этилаётган китоблар савияси, улар қай даражада китобхонлар эҳтиёжини қондираётгани, қандай китоб ўқиш кераклиги ва бугунги китобхон образи ҳақида нима дея оласиз?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Интеллектни китобсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугун дўконларимиз, нашриётлар ва кутубхоналаримизда исталган дид, савияга мос китоблар бор. Улар орасидан танлаб, топиб, ўқиб, уқиб, уққанини амалда татбиқ этиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Инсон ҳаёти ўрганишдан иборат. Одам туғилганидан то умрининг сўнгги лаҳзасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди. Бу жараён гоҳ ихтиёрий, гоҳ ихтиёрсиз суръатда давом этади. Шу мақсад, шу ниятда у ўзидаги бор имкониятни сафарбар этади: кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковати, истеъдоди, эпчиллиги, уддабуронлиги, бойлиги… яна аллақанча “воситалари” ҳам ялписига унинг ўрганиши йўлида тиним билмай хизмат қилади. Етти қават самога парвоз қилишидан, етти қават замин қаърига тушишидан, баҳри муҳитнинг туб-тубини ўз кўзи билан кўрмагунича тиниб-тинчимасликдан кўзлаган муроди ҳам битта — ўрганиш!

Одам қанча иши, юмуши кўп бўлса, шунча кўп имконият, куч-қувват топаркан. Шахсан ўзим бўш ўтиришни тасаввур қилолмайман. Ёзиш учун алоҳида шоҳона шарт-шароит, кайфият, махсус тай¸ргарлик талаб қилмайман — ёзавераман.

Ёшларимиз орасида вақтни беҳуда совуриш касаллиги менга жуда оғир ботади. “Ҳа-а, бекорчилик, юрибма-ан…”, деган оҳангдаги гапни эшитсам, фиғоним фалакка чиқиб кетади. Ҳой, оғайни, ҳозир бекор юрадиган пайтми! Ишла, бошингни кўтармай, тунлари уйқунг келмай ишла, ўқи!..

Ўқиганда ҳам фақат бир жойда қотиб қолмаслик керак. Дунё билан бўйлашиб кўриш, атрофга бошқача назар билан қараш лозим. 1906 йилда Беҳбудий “География” асарини ёзди. У “Географияни билмагунча дунёни танимайсиз, дунёни танимагунча илмли бўлмайсиз”, деган эди. Дунё эса жуда кенг, уни англаш учун эса тинимсиз ўқиш-ўрганиш керак.

Исмат ХУДОЁРОВ: — Хуршид ака, анъанавий адабиёт вакиллари билан “модерн”чилар  ўртасида анчадан буён баҳс-мунозара юради. Бири “модерн”ни инкор этса, иккинчиси ҳимоя қилиш билан овворадек. Миллий адабиёт наҳотки тажрибаларни, изланишларни инкор этса?! Бунда у ўз қобиғига ўралашиб қолмайдими?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — ХХ аср ўзбек адабиёти ўз даврининг бадиий тафаккури сифатида тарихда қолади. Улкан адабий мактаб яратилди. Адабиёт қандай бўлиши керак ва қандай бўлмаслиги керак, деган саволга истаганча жавоб бера оладиган академияга айланди…

Дунёни бадиий идрок этишнинг чеки-чегараси йўқ. Замонавий бадиий тафаккур анча илгарилаб кетди. Ҳозирги жаҳон адабий жараёни ҳали биз кўриб, биз эшитмаган, биз “топиб” кўрмаган усулларни қўлламоқда, инсонни ўрганмоқда! Инсон бор экан, имкониятлар тугамайди, унинг адоғига етиш амримаҳол.

Адабиёт бўлмаса инсоният қандай яшар эди, деб сўрашади. Дунёни бадиий идрок этиш тўхтаса, дунё ғоятда ғариблашиб қолади. Бунинг иложи йўқ. Бадиий тафаккур бошқача фикрлаш, дунёни бошқача англаш, дегани. Миллий адабиётимиз, миллий бадиий тафаккуримиз охирига етиб бўлмайдиган даражада чуқур, теран ва мураккаб. Лекин тафаккурни янада бойитиш, ҳаётга янада бошқача қарашни хоҳлаймиз. Кафканинг бир гапи бор: “Маҳаллий адибларга тақлид қилишдан нарига ўта олмайдиган адабиёт — аянчли адабиёт”.

Мен ҳеч қачон тарафкашлик қилмайман. Хоҳласангиз Муқимийни ўқинг, хоҳласангиз Махтумқулини мутолаа қилинг. Бу борада ҳамманинг ўз фикри бор. Ўзимни модерн ёзувчи ҳам дея олмайман. Шунчаки бошқача фикрлайдиган, ёндашадиган, бошқача талқин қиладиган қаламкашман, дейман. Кўнгилнинг аллақаерида йилт этиб туғилган ғоя учқуни баъзан шиддат билан, баъзан эса ойлар-йиллар мобайнида пишиб етила боради.

Мен кўпроқ шакл излайман, синовлардан ўтган ва тайёр шакллардан имкон қадар фойдаланмайман. Қўшиқнинг муваффақиятини сўз, оҳанг ва ижро уйғунлиги таъминлагани сингари насрий асарда ғоя, баён йўсини ва сюжет шакли уйғунлиги зарур, деб ўйлайман. Шулар топилса, ер юзида янги қитъа кашф этган одамдек дўппини осмонга ирғитасиз, сиздан шодон одам бўлмайди дунёда!..

Исмат ХУДОЁРОВ: — Сўнгги йиллардаги ижодингизни кузатиб, уларнинг бугунги кун руҳи, миллийлик билан тўйинганини ҳис қиламиз. “Қичқириқ” номли ҳикоянгиз ўқувчида гўёки халқимизнинг ўзлигини англашга бўлган ҳайқириқ, чақирув ёки даъватдек таассурот уйғотади…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — “Қичқириқ”нинг қаҳрамони Султон образининг яратилиши давр тақозоси билан боғлиқ. Агар ҳикоя бу ҳақда, яъни ўзликни англашга чақириқ бўлмаганида ҳам унга “Қичқириқ” деб ном берилишининг ўзи халқни уйғоқликка чақирарди, дейишган эди ҳикояни таҳлил қилган адабиётшунослар. Сувга ғарқ бўлган қирқ кунлик келинчакни қутқариш учун пайдо бўлган инсон, унинг домига тушганни ғарқ қилувчи дарё шиддатидан омон қолиши, сув остидаги майда, кўз илғамас чиқиндилару, сув ўтлари — жамиятдаги иллатларни кўрсатиш ва уларни бартараф этишда қаҳрамонларни уйғоқликка чақиришдир.

Исмат ХУДОЁРОВ: — “Умид гули” ҳикоянгиз қаҳрамони “шеър — дард, дард — сиёсат”, деган эди. У бугун ҳам шундай фикрдами?

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ҳар бир ижодкор ўз ҳаётий ва хаёлий кечинмаларини қаламга олади. Ўз қарашларини образлар воситасида ифода этади. Мен ҳам ушбу ҳикояда ўз қарашларимни қаҳрамоним тилидан билдирганман. Шеърнинг дард, дарднинг  эса сиёсат эканини ифода қилиш учун бадиий тафаккурнинг ҳаётдаги ўрни ҳақида суҳбатлашишга тўғри келади. Аслида она алласи ҳам сиёсат. Онанинг сокин туйғулари, орзу армонлари унинг тилидан ифода этилган сиёсат бу.

Жамиятдаги ўзгаришлар, инсон онг остидаги ўзи англаб етмаган туйғуларни англатувчи дард, омиллардан бири — мусиқа. Мусиқа — илоҳий мўъжиза. Ижтимоий дарднинг кўринишлари рассомларда, шоирларда пайдо бўлади. Жамиятда кўз очаётган интилишларнинг импульслари мана шу дард орқали намоён бўлади…

Исмат ХУДОЁРОВ: — Шу кунларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 80 йиллиги нишонланмоқда. Суҳбатимиз давомида у киши билан кўп ҳамсуҳбат бўлган инсон сифатида хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Дарҳақиқат, бугун бу беназир инсонни эслайдиган вақтимиз. Ўзбекистон минг йил яшаса, минг йил ҳам унинг номи Ислом Каримовнинг номи билан бирга тилга олинади. Шу ўринда бир холатни айтмасликнинг иложи йўқ. Эътибор беринг: 1917 йилдан бери қайси раҳбар ўтса, унинг “гўрига ғишт қалаймиз”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев эса ўзидан олдин ўтган раҳбарларнинг ортидан тош отмади, эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилган фидойи инсонлар, хусусан, Ислом Каримовга ўзгача эҳтиром кўрсатмоқда. Буни халқ кўриб, билиб турибди. Шунинг ўзи бугунги кун ва олиб борилаётган ислоҳотларни бошқача тафаккур қилишга ўргатади.

Ҳар бир инсон ўз даври ва имкониятларининг эгаси. Шу даврда ишлайди, фаолият юритади. Ислом Каримовнинг бошидан ўтказган азоблар, ташвишларни айтиб адоғига етиб бўлмайди. Биз уларнинг кўпини билмаймиз ҳам. У давлат раҳбари сифатида мустақилликнинг 25 йили давомида ҳар куни ўйлади, ҳар куни бир янгиликни амалга оширди. Умумлаштириб айтганда, Ислом Каримов буюк инсон, мураккаб шахс эди. Учрашув ва мажлисларда ҳамма унинг гапларини ёзиб ўтирса, мен у кишининг кўзларига қараб ўтирардим. Шунақа фикрлаётган одамнинг кўзлари қанақа бўлар экан, деб унинг кўзлари орқали кўнглига разм солгим келарди. Мамлакатни оёққа қўйиб, тизим яратиб, тизимларни ишга солишга ҳаракат қилиб, ҳалқаро миқёсда ўзбекнинг номини кўрсатиш борасида жуда катта ишларни амалга оширди.

Кечагидек ёдимда: Амир Темурнинг Самарқанд ва Шаҳрисабзга қўйиладиган ҳайкали тайёр бўлганида унинг муҳокамасида иштирок этганмиз. 15 кишидан иборат таҳлилчилар бу ҳайкални узоқ мақташди. Шу орада мен ҳайкалнинг биттагина нуқсонини айтдим, холос.  Ислом Каримов эса чамаси бир соат давомида фақат унинг камчиликларини санаб ўтди. Соҳибқирон ҳайкалидаги тождан бошлаб, пойигача танқид қилди. Ва ҳаммаси асосли эди. Бу одам ҳайкалтарошми, санъатшуносми, рассомми, дея ҳайрон қолдик. “Амир Темур ҳайкалини деҳқон қилиб қўйибсизлар-ку, от минганмисизлар ўзи, минмаганга ўхшайсизлар. От минган инсон қаддини тик тутиб ўтиради. Бизга Темурнинг мағрур ўтириши керак. Кўрганлар ўзбек халқи мана шундай аждодларнинг фарзанди экан, десин. Унинг юзидаги ажинлари ҳақида ҳам яна бир бор ўйлаб кўринглар”, деган эди йиғилганларга. Мана шу таҳлилнинг ўзи ҳам унинг қандай фавқулодда инсон эканини англатади…

Хуршид Дўстмуҳаммад билан “Ўзлик ҳақидаги суҳбат”имиз узоқ давом этди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг тамал тоши қўйилишидан бошлаб, то бугунги кундаги фаолияти, фуқароларни ўз атрофида бирлаштириши учун керак бўладиган тажриба синовидан ўтган ғоялар,бадиий ижод, китобхонлик, маънавият ҳақидаги теран хулосалар иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Бир сўз билан айтганда, бу самимий ва очиқ суҳбат Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ўзликни англаш формуласи”ни топишга йўл очди.

Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг