Бугунги ҳаётнинг асосий талаби — давр шиддатига мос фаолият кўрсатиб, халқ розилигига эришиш

0
51

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан ЎзМТДПнинг қабул қилган чора-тадбирлар дастури ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат
Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Пленумда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов маъруза қилди.

— Мамлакатимиз ҳаётида туб ўзгариш ва янгиланишлар даври бўлган ўтган йилда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятини Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат манфаатлари нуқтаи назаридан ташкил этди, — деди партия етакчиси. — Давр қўяётган ўткир саволларга эрта ё индин эмас, балки бугуннинг ўзида жавоб бериш партиянинг асосий мақсадига айланди. Партия ўз фаолиятида асосий эътиборни ваъдалар эмас, амалий ишларга қаратди. Жойларда депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотларининг халқ билан мулоқоти самарали йўлга қўйилиб, муайян натижаларга эришилди. Хўш, бу натижалар асосан нималарда кўринади? Давлатимиз раҳбари томонидан сиёсий партия­лар ва парламент аъзолари олдига қўйилган вазифалар, улардан кутилаётган натижалар ЎзМТДП фаолиятида қай даражада намоён бўлди?

Мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қиммати марказий ўринга қўйилган бир пайтда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган депутатларнинг ҳар ойда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш борасидаги янги тизим халқ дардини эшитиш, жамиятда илдиз отган кўплаб муаммоларга самарали ечим топишга хизмат қилди. Тан олиш керак, биз халқ билан мулоқот давомида кўплаб масалаларни ўз жойида ҳал этиш мумкинлигига ўзимиз гувоҳ бўлдик, сайловчи ва электоратимизга берган ваъдаларимизни виждонан яна бир бор сарҳисоб қилиб кўрдик, халқдан бир қадар узоқлашиб қолганимизни англадик. Аксарият қонунларимиз кабинетдан чиқмасдан ёзилгани, халқ билан ҳисоблашмай, уларнинг фикри инобатга олинмай амалиётга киритилганлигини тушуниб етдик.

Ўтган бир йил давомида фракция аъзолари ўзи сайланган округларда бўлиб, партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан бирга 16 минг 753 давлат органи, тадбиркорлик субъекти, ижтимоий соҳа объекти, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда хонадонларнинг ҳолатини ўргандилар. Минглаб аҳолининг уйига кирилиб, юзма-юз мулоқотлар ўтказилди. Фракция аъзолари бевосита ўтказган ўрганиш ва мулоқотлар давомида аҳолидан турли соҳаларга оид 7 мингга яқин мурожаат бўлди. Мазкур мурожаатларнинг ярмидан кўпи жойида ҳал этилган бўлса-да, лекин бу борадаги ишлар поёнига етгани йўқ. Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари энди маҳаллий Кенгаш депутатларининг доимий назоратида бўлади. Бу, ўз навбатида, партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ўртасидаги алоқаларнинг янада  мус­таҳкамланишига замин яратади.

Қонун ижодкорлиги — долзарб вазифа

Тан олиш керак, парламентдаги партия фракциясининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти бугунги давр қўяётган талабга жавоб бермайди. Масалан, ҳисобот даврида фракция аъзолари ташаббуси билан 20 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлса, улардан атиги 3 таси партия Дас­туридаги вазифалар доирасидадир. Фракциямиз томонидан йил давомида фақат битта парламент сўрови (“Туризм тўғрисида”ги қонун ижроси ҳамда мамлакатда соҳани ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар яратиш истиқболлари ҳақида”) ва парламент эшитуви (Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг “Қабул қилинаётган қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш тўғрисида”) ташкил этилганлиги бу борадаги фаолиятни кучайтиришни талаб этади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ЎзМТДП давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 12 июлдаги дастуриламал маърузасидан келиб чиқиб, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида улар билан ҳамкорлик Меморандуми имзолади. Ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари тузилди. Ўтган даврда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда “Археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Рес­публикаси қонунининг ижроси юзасидан 194 та депутатлик сўровини амалга оширди. Партия гуруҳлари ташаббуси билан маданий мерос объектлари муҳофазасига оид 63 мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди. Шунинг­дек, туризм йўналишида депутатларимиз тегишли мутасаддиларга 47 депутатлик сўровини юборди. Соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳамда ҳудудларда экотуризм ва маданий туризм соҳасини янада ривожлантириш борасидаги масалаларни етти ҳудуддаги маҳаллий Кенгашларнинг партия гуруҳлари ўрганиб, сессияларга олиб чиқди. Натижада, бу борада тегишли қарорлар қабул қилинди. Аммо бу ҳали етарли эмас. Партия фаоллари ва депутатларимиз ҳамкор ташкилотлар билан тузилган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқаётгани йўқ.

Пленумда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг 2017 йил давомидаги фаолияти, ютуқ ва камчиликлари сарҳисоб қилинди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари ва депутатлар ташаббуси билан 671 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. 453 таклиф халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. 284 ташаббус-масала сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Аммо сессияга масала киритиш ва қарор қабул қилиш билан иш битмайди — бу амалий ишларнинг бошланиши холос. Энг муҳими, қарорлар ижросини таъминлаш лозим. Афсуски, ижро масаласи қониқарли даражада эмас, қарорлар ижроси устидан назорат ишлари амалга оширилмаяпти. Қарорларнинг қоғозда қолиб кетиши саъй-ҳаракатларнинг бесамар ва натижасиз эканлигидан далолат эмасми?!

ЎзМТДП гуруҳлари фаолияти ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда 2017 йил давомида халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги 13 нафар депутатдан иборат партия гуруҳи сессия кун тартибига бирорта ҳам ташаббус-масала киритмаган. Айни шундай ҳолатни халқ депутатлари Асака, Хўжаобод, Жомбой, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пайариқ, Ургут, Қува, Қувасой, Чироқчи туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

Сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доим хабардор  бўлиши лозим. Бу тамойил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан
ЎзМТДП ташкилотлари фаолиятида яққол ўз ифодасини топди. Жумладан, партия ташкилотларида янги — Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш сектори ташкил этилди.

Пленумда қайд этилганидек, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизимни яратиш натижасида ўтган йили партияга жисмоний ва юридик шахслардан 8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Уларнинг 3,5 мингтаси партия кўмагида ижобий ҳал этилди. Умуман 2017 йилда партия ташкилотлари ва ЎзМТДП фракциясига уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш каби турли йўналишларда 15 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Фракция аъзолари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга 86 та депутатлик сўрови юборди. Шу асосда аксарият масалалар ижобий ҳал этилган, айримлари 2018 йил Давлат дастурларига киритилди.

Бундан ташқари, парламент ва партиянинг расмий веб-сайтига фуқаролардан келиб тушган бир ярим мингдан ортиқ мурожаатнинг 90,5 фоизи ижобий ҳал этилган. Шунингдек, ҳисобот даврида ижтимоий тармоқ орқали келган мурожаат ва таклифлар ўрганилди, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга доир масалалар ҳал этилди.

Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фуқаролар мурожаати билан ишлаш борасидаги бу каби ҳаракатлари, жойлардаги ўрганишлари келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб берди. Яъни ўрганиш ва мурожаатлар таҳлили жамиятимизда оқсаётган соҳаларни ривожлантириш бўйича зарур бўлган қонунчилик ташаббусларини илгари суришга, партия сайловолди Платформасини такомиллаштириб боришга асос бўлиб хизмат қилади. Масалан, ЎзМТДП дастурий вазифаларига мос равишда ҳудудларда таълим, тиббиёт, спорт, маданият ва туризм соҳаларининг ривожи, мавжуд муаммо ва камчиликлар, фойдаланилмаётган жиҳатлар билан танишилганда, ушбу йўналишларда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар талай эканлиги маълум бўлди. Биргина маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ўрганилганда, ҳудудлардаги кўплаб тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ талай муаммолар борлиги аниқланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш масаласи партия ва депутатлик бирлашмаларининг доимий эътибори ва назоратида бўлиб келаётир. Партия фракцияси ҳар йили Давлат бюджети лойиҳасини қабул қилиш ва унинг ижросини муҳокама қилишда мазкур йўналишга ажратиладиган бюджет маблағларига, унинг кўпайтириб борилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2017 йилда ушбу мақсадларга 22,5 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2018 йилги Давлат бюджетида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун 38,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бунда, албатта, фракция аъзоларининг ҳиссаси борлиги эътиборга молик.

Айни пайтда парламент қуйи палатасидаги фракциямиз партиянинг қуйи тузилмалари билан ҳамкорликда маданият соҳасига оид 2 та янги қонун лойиҳаси — “Маданият тўғрисида”ги ҳамда “Театр ва театр фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Бу борада партия фаоллари жойларда мутахассислар иштирокида театр соҳасидаги долзарб, ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқотларни ташкил этмоқда, ўрганишлар олиб бормоқда. Бу ўрганишлар республикамиз миқёсида маданият ва санъат ходимлари, ижодкор зиёлиларни кенг жалб этган ҳолда мунтазам равишда давом эттирилиб, соҳани ривожлантиришга оид 170 га яқин таклифлар ишлаб чиқилди. Албатта, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари партия дастурий вазифалари ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик доирасида тузилган чора-тадбирлар дастури ижросига хизмат қилади.

Ёшлар масаласи — доимий эътиборда

Президентимиз парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлами, ёшлар ва аёллар масаласида партияларнинг фаолиятидаги жиддий камчиликларни келтириб ўтган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ушбу масалада олиб борилаётган ишларни сарҳисоб қилиб, муаммолар гирдобида қолаётган хотин-қизлар ва уюшмаган ёшлар масаласига ўз таъсирини ўтказиш борасида устувор вазифаларини белгилаб олди. Пленумда қайд этилганидек, 2017 йилда партиянинг ёшлар ва аёллар масаласидаги тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди — ҳудудий ва маҳаллий партия кенгашлари раисларининг ёшлар масалалари ҳамда оила ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилди. Аммо ушбу вакиллар ўзи сайланган, яшаётган ҳудуддаги ёшлар ҳамда аёллар билан боғлиқ жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш, ишсизликка доир муаммоларни биладими? Мавжуд муаммоларни ҳал этишга қай даражада кўмаклашяпти?

— Партиямизнинг хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятида бирмунча ўзгаришлар кузатиляпти, — деди партия етакчиси. — Хусусан, партиянинг “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма уй” ҳамда “Хизмат — беминнат” лойиҳалари доирасида жами 4000 га яқин ёшлар касб-ҳунарга йўналтирилди, 300 нафардан зиёд уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, 40 нафар йигит-қизга имтиёзли кредитлар ажратилишида кўмаклашилди. Лекин бу борадаги ишларимиз ҳали имкониятларимиз даражасида эмас. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича комиссия аъзолари ўзларининг экспертлик хулосалари, ташаббуслари, ҳаракатлари билан мамлакатимизда келажагимиз бунёдкорларининг мавжуд муаммоли ҳолатларига тўғри ечим топишда асосий таянч бўлиши лозим.

Дарҳақиқат, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш — муҳим вазифа. Партиянинг  бевосита уюшмаган ёшлар учун қўшимча бепул таълим ва касбга йўналтиришга қаратилган биргина “Хизмат — беминнат” лойи­ҳаси доирасида 374 ўқув курси ташкил этилгани ва 2,6 мингдан зиёд ёшларга қўшимча бепул таълим берилгани диққатга сазовор.

Партиянинг ғоя ва мафкурасини, йўналишини ўзида ифода этган асосий қуроли — бу унинг сиёсий Дастури. Давр бир жойда тўхтаб қолмаганидек, ривожланиш, тараққиёт партия Дастурини ҳам унга мослаб ўзгартириб боришни тақозо этади. Шу боис ўтган йили ЎзМТДПнинг Дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳани такомиллаштиришда партиянинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирилди. Қизғин муҳокамалар жараёнига турли соҳа вакиллари, тарихчи олимлар, санъатшунослар, маданият ходимлари жалб этилди, хориж тажрибаси ўрганилди, қиёсий таҳлил қилинди. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса партия Дастурининг том маънода халқимизнинг бугуни ва эртасига дахлдор маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги хоҳиш-иродасини ифода этадиган стратегик ҳужжатга айланишига хизмат қилади.

Пленумда партия тизимида фаолият кўрсатаётган кадрлар, уларнинг хизмат лавозимларида ўсишини таъминлаш, келгусида соҳага доир замонавий билимларга эга ташаббускор ёшларни жалб этиш орқали кадрлар заҳирасини яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз таъкидлаганидек, сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари даркор.

Йиғилишда партия ва депутатлик бирлашмаларининг 2018 йилдаги устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди. Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик,
инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди. Партиянинг бу йилга мўлжалланган иш режаси ҳам Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди. Унда қонун ижодкорлиги, депутатлар ва партия ташкилотларининг суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, санъат ва маданият соҳасидаги вазифалари, уларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки бўйича фаолияти, амалга ошириши лозим бўлган ишлари ўз ифодасини топган. Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш, ўз навбатида, партия Дастури ҳаётга татбиқ этилишига, электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан музокарага чиққан партия Хоразм, Бухоро, Фарғона  вилоят кенгашлари раислари Ражаббой Рўзметов, Саиджон Ҳамроев, Умиджон Жабборов ва ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Азим Солиев йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш, ЎзМТДП фаолиятини такомиллаштириш ва янада юқори поғонага кўтариш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Пленумда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2018 йилдаги фаолия­тининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Таассурот ва хулосалар:

Козим ТОЖИЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Пленумда ЎзМТДП фракциясининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолияти чуқур таҳлил қилинди ва унга холис баҳо берилди. Дарҳақиқат, 2017 йилда фракциямиз аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 20 қонун ло­йиҳасидан атиги 3 таси партия Дастуридаги вазифалар ижросига оид эканлиги, йил давомида фақат биттадан парламент сўрови ва эшитуви ташкил этилганлиги фаолиятимиз қониқарсиз эканлигидан далолат бериб турибди. Ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий таҳлил қилишимиз,  жорий йил учун белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишимиз зарур. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, халқаро  стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фракциямиз ташаббусни қўлга олиши лозим.

Пленумда партия етакчиси Қонунчилик палатасидаги Ёшлар комиссияси фаолиятини кучайтириш ва партия билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур комиссия раиси сифатида келгусидаги фаолиятимизда, албатта, партия ташкилотлари билан ҳамкорликдаги иш режаларимизни ишлаб чиқиб, муштарак мақсадларимизни биргаликда амалга оширишга эътибор қаратамиз.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари:

— Маданият вазирлиги ва ЎзМТДП ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми олдимизда турган устувор вазифаларни биргаликда амалга ошириш имконини бермоқда. Бугун партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари  томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси юзасидан, тарихий ёдгорликларни ўрганиш ва асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик. Партия билан фаолия­тимизга доир ҳар қандай масалада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Партиянинг яна бир ташаббуси — “Маданият тўғрисида”ги ва “Театр ва театр фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишни илгари сураётгани диққатга сазовор. Чунки, энг аввало, соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжат бўлиши, “маданият” нима эканлигига қонун воситасида тушунча бериш соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода партия ва фракция аъзоларининг бу каби ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, келгусида ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Ўткир САИДОВ,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бош мутахассиси:

— Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, янги туристик йўналишлар очиш, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. ЎзМТДП билан ҳамкорлик асосида бу борадаги вазифаларни амалга оширишда аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Жумладан, унда туризм соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини ўрганишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, “Туризм тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш каби мақсадлар кўзда тутилган. Ушбу ҳамкорлик бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ ишга солишда, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дониёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи:

— Пленумда партиямизнинг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилинди, бир қатор самарали лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилгани, шу билан бирга, фаолиятимизда йўл қўйилган камчилик ва муаммолар мавжудлиги очиқ-ойдин айтилди.

Партия ва депутатлик бирлашмалари ўз фаолияти давомида, айниқса, маданият ва туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада қатор ўрганишлар олиб борди. Масалан, Хоразм, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида ташкил этилган ўрганишлар натижалари асосида партия фракцияси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига парламент сўрови юборди. Бундан ташқари, партия кўмагида Сурхондарё вилоятида мавжуд 374 моддий маданий мерос объект­ларининг барчаси давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр ҳужжатлари тайёрланишига эришилди. Бу йўналишдаги ишлар барча вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари ҳамда гуруҳлари иштирокида давом эттирилмоқда.

Шунингдек, 2018 йил давомида партия фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси тўғрисида”ги ахбороти ҳамда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ижроси юзасидан маданият вазирининг эшитувини ташкил этиш режалаштирилган.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг