Мақом санъатининг мақоми юксалади

0
17

…1997 йил август ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” биринчи халқаро мусиқа фестивали кунлари Германиядан ташриф буюрган созанда Томас Оггер ижросида чанг чолғу асбобида Регистон узра ажойиб мусиқа янгради. Кўп сонли мухлисларни ўша дам битта савол қизиқтирарди: Германия Бах, Бетховендек буюк композиторларнинг Ватани бўлса, уларнинг юртдоши бўлмиш созанда Оггернинг Шарқ мусиқа санъатига юзланганининг боиси нима?

Эртаси куни “Афросиёб” меҳмонхонасида айнан шу савол билан унга мурожаат қилдим.

— Европада мусиқа санъати техник ҳодисага айланганга ўхшайди, — деган эди Томас Оггер. — Айни пайтда Шарқ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда миллий мусиқага эътибор кучайиб бораётгани қувонарли ҳол. Биласизми, сизлардаги миллий мусиқа, айниқса, мақом санъатида илоҳийлик бор. Ростини айтсам, мени мақом сеҳри Самарқандга, ушбу мусиқа фестивалига ундади. Бу заминнинг ҳар бир гўшаси асрлар оша мерос бўлиб келган мумтоз санъат намуналарига бой. Ўзбек халқи бошқа санъат турларига сира ўхшамас дурдоналарнинг ворисидир…

Мақом тароналарини болаликдан яхши кўраман. Чунки уйимизда Ҳожи Абдулазиз Расулов, Юнус Ражабий, Ориф Алимахсумов, Бобоқул Файзуллаев, Барно Исҳоқова, Берта Давидова ва яна ўнлаб мақом ижрочиларининг пластинкалари бўларди. Меҳмон келганида, албатта, мумтоз мусиқа намуналари, хусусан Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Олмахон Ҳайитова, Фахриддин Умаров ва Боймуҳаммад Ниёзовнинг қўшиқлари суҳбатларга мазмун ва завқ бағишларди. Немис халқи вакилининг афсонавий Регистон майдонида айтган сўзлари эса қалбимдаги мақом санъатига бўлган меҳрни янада оширди.

Ўша кунлари саҳнага чиққан Муножот Йўлчиеванинг ижрочилик санъати ҳам япониялик таниқли мутахассис, профессор Хорума Кашибо хоним раислигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди. Учинчи халқаро фестивалда Насиба Сатторова ҳам дунё аҳлини лол қолдириб, бу шукуҳли санъат байрамининг асосий мукофотини эгаллади.

Ўзбек миллий мақом санъати дарғаларининг дунё саҳналаридаги ютуқлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Дортмунд университети профессори Теодор Левин (АҚШ), франциялик мутахассислар Жон Гутье, Мино Род, Жан Дюрингларни ҳам мақом санъати мафтун этган, улар бу бебаҳо мерос ҳақида мақолалар ёзган. Фаттоҳхон Мамадалиев, Турғун Алиматов, Абдуҳошим Исмоилов, Муножот Йўлчиева, Матлуба Дадабоева, Зулайҳо Бойхонова ҳам Европа саҳналарида юксак миллий санъатимизни намойиш этиб, мухлислар қалбини забт этгани рост. 2003 йил “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан башариятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани ҳам бежиз эмас. Мақом санъати тингловчини Алишер Навоий, Огаҳий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий каби буюк сўз алломалари меросига яқинлаштиради. Мақом санъати — мумтоз адабиёт талқини ва унинг таъсирчан тарғибот воситаси ҳам дегани. Сўз ва мусиқа жон билан тандек. Буюк бастакор Мутал Бурҳонов: “Марказий Осиё халқларининг ўтмиши, ҳозирги ва келажак мусиқий маданиятини Шашмақомсиз тасаввур этиш мумкин эмас”, деб ёзган эди.

Маълумки, мақом санъати яқин ўтмишда тарихнинг ноҳақ зарбаларига дучор бўлган. Бу беназир миллий қадриятимизни асраш, янада ривожлантириш осон кечмаган. Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидова бир суҳбатимизда Ўзбекистоннинг оқил раҳбари Шароф Рашидов ҳам мақом шайдоси бўлганлиги, академик Юнус Ражабийнинг мақомни тарғиб этиш, унга сайқал бериб бориш йўлидаги заҳматларини ҳамиша қўллаб-қувватланганлигини таъкидлаган эди.
Самарқандда 1997 йилдан буён бугунга қадар ўн бир марта ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳам бевосита мумтоз мусиқамизнинг жаҳон мусиқа оламида ўз мақомини топаётганидан дарак беради. Фестиваль доирасида мақом санъати муаммоларини қамраб олган илмий-амалий анжуманлар ташкил этилиши ҳам, албатта, бежиз эмас.

Лекин шунга қарамай бой миллий қадриятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланмиш мақом санъатининг тарғиботи сўнгги йилларда унинг мақомига муносиб йўлга қўйилмаган эди. Жумладан, мақом намуналари телерадио дастурларидан аҳён-аҳён жой оларди. Атоқли мақом ижрочилари ҳақида тадқиқотлар ҳам етарли эмас эди. Ҳозирда ҳам гоҳида кўрсатув, радиоэшиттиришларда мақом таркибида бўлмаган халқ қўшиқлари, ашулаларни мақом тароналари сифатида талқин этиш ҳоллари кузатилмоқда. Мақомшунослар давраси, баҳсу мунозараларини одамлар соғинган.

Шу нуқтаи назардан мавжуд муаммоларни ҳал этиш, мақомнинг мақомини миллий ва халқаро даражада юксалтириш мақсадида қабул қилинган Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни муддао бўлди. Қарорга мувофиқ ташкил этилган Ўзбек миллий мақом санъати маркази зиммасига улкан ишлар ва масъулият юклатилган. 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ташкил этиш эса шак-шубҳасиз мақом ривожига катта туртки бўлади. Агар Ҳожи Абдулазиз, Юнус Ражабий, Левича Бобохонов, Ориф Алимахсумов, Турғун Алиматов каби мақом устозларига бағишлаб танловлар ўтказилса, улар босиб ўтган йўл, ижролари хусусида ҳужжатли фильмлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугун мақомот тарихи, унинг шаклланиш ва ривожланиш масалаларининг илмий-амалий аспектларини мукаммал ҳамда муфассал ўрганган ва ёшларга ўргатаётган етук олимлар, мутахассисларимиз бор. Давлат мукофоти совриндори, атоқли олимимиз Отаназар Матёқубовнинг “Мақомот”, “Бухоро Шашмақомига яна бир назар”, икки жилддан иборат “Узбекская классическая музика” (“Ўзбек классик мусиқаси”) китоблари ёки Исҳоқ Ражабовнинг “Мақомлар” монография­си, Файзулло Кароматли, Оқил Иброҳимов ва яна кўплаб мутахассисларимизнинг тадқиқотлари қайта нашр этилса, китоб қилинса, жамоатчиликка етиб борса нур устига нур бўларди. Бундан ташқари Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолаи мусиқий” асари бугунги авлодга етказилса, мақом санъати, унинг тарихи ва ижрочилари асосида “Мақом” энциклопедияси тайёрланса, бу соҳа янада ривожланиши, шубҳасиз.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг