Орзу мақсадга айланди

0
15

…Болалиги Самарқанднинг Булунғурида ўтди. Бувисининг сеҳрли ривоят ва эртаклари оғушида улғайди. Кейинчалик юртимизнинг қадимий осори-атиқалари, улар қаъридаги тарих, эртакнамо боғлар фусункорлиги уни буткул мафтун этди. Улар ҳақида жўшиб ёзгиси, донғини дунёга достон этгиси, шундай жаннатмакон диёр тароватини ўзга мамлакат одамларига ҳам борича етказгиси келарди.

Орадан йиллар ўтди. Ширин орзуларини мақсадга айлантириши учун чет тилларни ўргана бошлади. Сўнг инглиз тилидаги мақолалари бирин-кетин матбуот юзини кўра бошлади…

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 4-босқич талабаси
Дилшодабону Аввалбоева юртимиздаги фаол ёшлардан бири. 2017 йилда унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясининг таълим йўналиши (журналистика) совриндори бўлиши ҳам, албатта, бежиз эмас.

— Дилшодабону интилувчан, ўз устида тинимсиз меҳнат қилиши, қийинчиликлардан чўчимаслиги сабаб профессор-ўқитувчилар ва тенгдошлари эътиборини қозонган, — дейди университетнинг халқаро журналистика факультети декани Алишер Матёқубов. — Унинг, айниқса, ёшлар муаммоларини матбуотга дадил олиб чиқаётгани таҳсинга сазовор.

Дарҳақиқат, бир неча йилдан буён Дилшодабону “Ёшлар овози”, “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати”, “Куч — адолатда”, “Ҳуррият”, “Янги авлод” каби марказий газета ва журналларда, kun.uz, norma.uz, sharh.uz, tafsilot.uz, telegraf.uz, tnews.uz каби ҳуқуқий ва таҳлилий, ахборот сайтларида ёшлар ҳаёти ва муаммоларига оид юздан ортиқ мақолалари билан иштирок этиб келмоқда. Қатор мақолалари ихтисос­лашган халқаро ва республика илмий журналларида, конференция тўпламларида чоп этилди. Хусусан, жорий йилда Дилшодабону Аввалбоева Австриянинг Вена шаҳрида, Россиянинг Москва ва Чита шаҳарларида ўтказилган илмий конференцияларда муваффақиятли иштирок этди.

Шунингдек, 2017 йил 9-10 август кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этган “Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида уюшмаган ёшлар билан олиб борилаётган ишларда натижадорликка эришишнинг илмий-амалий масалаларига бағишланган республика конференциясида фаол иштирок этди.

Иқтидорли талабанинг шу кунгача “Рекламанинг телевидение тараққиётига таъсири”, “Пресс-релиз қандай ёзилади?”, “Биз билган ва билмаган дунё”, “Имо-ишора тили” каби услубий қўлланма ва рисолалари китоб ҳолида чоп этилган. Машҳур адиб Дейл
Карнеги асарларини инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, тўплам ҳолида нашр эттирди. Буларни ҳам албатта, ўқувчилар илиқ кутиб олди.

— Ҳозирги кунда “Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида илмий изланишлар олиб боряпман, — дейди Дилшодабону Аввалбоева. — Чунки   мамлакатимизда 18 ёшгача бўлганлар аҳолининг 35, 30 ёшгача бўлганлар эса 64,5 фоизини ташкил этади. Бу ҳар уч кишининг иккитаси ёшлар, дегани. Шундай экан, аввало, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш устувор вазифалардан саналади. Бу вазифани самарали амалга ошириш учун эса ёшларга давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот бериш, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлардан уларни доимий равишда хабардор қилиб бориш механизмларини янада такомиллаштириш лозим.

Ёш иқтидор эгаси илмий изланишлар олиб бориш билан бирга республика миқёсида ташкил этилаётган танловларда ҳам мунтазам қатнашиб келмоқда. Масалан, ўтган 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий суди ўтказган “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари — журналист нигоҳида” кўрик-танловининг “Энг яхши Интернет материал” номинацияси ғолиби деб топилди. “Амалиёт эътирофи — 2017” танловининг илмий мақолалар йўналишида ҳам биринчиликни қўлга киритди. Шунингдек, у Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­сининг аъзоси сифатида партия ўтказаётган турли танловларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда.

Дилшодабону Аввалбоева 2013 йил Олий Мажлис палаталари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкил қилган “Парламентаризм билимдони” кўрик-танловида ҳам ғолиб чиққан эди. 2016 йилда АҚШдаги “Sahar” онлайн мактабининг “Ижтимоий фаоллик ва онлайн медиа” курсини муваффақиятли тамомлаб, махсус диплом соҳиби бўлди.

Мухтасар айтганда, Дилшодабону Аввалбоева Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш, журналистика соҳаси ривожида янгиликлар яратиш ва устозлар ишончини оқлаш, ўз олдига қўйган мақсадларига етишиш йўлида дадил қадамлар ташламоқда. Энг муҳими, у ўз олдига қўйган мақсадларига осонгина эришиб бўлмаслиги, бугунги машаққат эртанги роҳат эканлигини теран англайди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг