Соғлом аёл — мамлакат тараққиётининг кафолати

0
63

Халқимиз оилани соғлом авлодни тарбиялаш, ҳаёт абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони, деб билади. Чунки инсон қалбида маънавиятнинг илк куртаклари, аввало, оиладаги муҳит таъсирида намоён бўлади. Маънавият инсон онгига йиллар давомида она сути, оила тарбияси, аждодлар ўгити, Ватан туйғуси билан сингиб боради. Шу боис ҳам юртимизда аёл зотига ўзгача эҳтиром кўрсатиб келинади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки улар ҳар қандай замон ва маконда ҳам оиласига, фарзандлари тарбиясига масъул ва фидойи шахс саналади.

Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ мавжуд ҳаётий муаммолар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан зарур амалий таклифлар белгилангани мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида биттадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда.

Ҳар қанча аччиқ бўлмасин айтиш лозимки кейинги пайтларда ўзбек аёлига хос бўлмаган айрим иллатлар — оилавий ажралиш­лар, низолар, жиноятга қўл уриш ҳолатлари учрамоқда. Таҳлилчилар фикрича, оиланинг дарз кетиши, ишсизлик, оиладаги носоғлом муҳит, маънавий тушкунлик каби омиллар жиноят кўчасига кираётган аёллар сафини кенгайтирар экан. Оилавий ажралиш улар орасидаги энг катта сабаблардан биридир. Бунинг оқибатида нотинч, ноқобил, кемтик оилалар вужудга келмоқда, бир қанча ижтимоий ва маънавий муаммолар пайдо бўлмоқда.

Маълумотларга қараганда, ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар, хулқий оғишлар айнан ана шундай оилаларда учрамоқда. Жамият елкасига оғир юк бўлиб тушаётган оилавий ажралиш муаммоси асоратлари анча чуқур бўлиб, унга ечим топишда афсуски ҳамон оқсоқланяпмиз. Мутасаддилар, фаол жамоатчилик мунтазам олиб бораётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, бу борадаги муаммолар камайган эмас. Мавжуд муаммонинг олдини олиш, жамият ҳаётининг маънавий пойдевори бўлган аёллар ҳаётидаги бу иллатни бартараф этиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бунинг учун маҳаллаларда опа-сингилларимиз билан бевосита иш олиб бориш, жойларда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда тизимли ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб бориш, манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами ва самарадорлигини янада ошириши лозим.

Аллома шоир Рудакий “Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини — бўлажак оналарни тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, унинг қизларини — бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг”, деганида нечоғлиқ ҳақ эди. Дарҳақиқат, ўзбек хотин-қизлари орасидан чиққан Тўмарис, Сароймулкхоним, Нодирабегим, Зебунисобегим, Увайсий, Зулфия каби аёлларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Жаҳон маданияти ва маънавияти хазинасига улкан ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Қошғарий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳамммад Бобур каби улуғ инсонларни дунёга келтирган, тарбиялаган ҳам заминимиз аёлларидир.

Шу боис бугун ҳам оила, оналик ва болаликни ривожлантириш, бу борадаги қадриятларимизни тиклаш, оила мустақиллигини таъминлаш муҳим вазифаларимиздан бирига айланди. Айниқса, бугунги тезкор замонда “маданият”лар маданиятларга ҳукмронлик қилмоқчи бўлаётган бир пайтда келажак авлод таълим-тарбиясини янада юксалтириш оналар, аёллар масъулиятини янада оширишни тақозо этади. Улар нафақат оилада, балки ишлаб чиқариш, илм-фан, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, спорт, санъат соҳаларида ҳам улкан ютуқларни қўлга киритаётгани эътиборга молик.

Фармонга мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга бериладиган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилгани аёлларга бўлган юксак эътибор, шу билан бирга, янада юксак масъулиятдир.

Мухтасар айтганда, мазкур фармон ўз мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра, хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, ушбу ҳужжат ижросини таъминлашда барчамиз бирдек фаол иштирок этишимиз лозим.

Алишер ҚОДИРОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази раҳбари


 

ЎзМТДП хотин-қизлар фаоллигини ошириш
жараёнида
  фаол иштирок этади

 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига долзарб вазифа сифатида эътибор қаратиб келинади. Албатта, жамият тараққиётининг етакчи кучи сифатида ижтимоий-сиёсий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш фаол аёллар сафининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилгани оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида самарали механизмни яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этишда долзарб аҳамият касб этади.

Фармонга мувофиқ Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш каби эзгу ишларга йўналтирилган. Жойларда оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “Аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши бевосита ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатлар беришга хизмат қилади.

Зулфия номидаги Давлат мукофотини беришда ёш чегарасининг узайтирилиши маълум соҳаларда ютуқларга эришган ҳамда илмий изланишлар билан шуғулланаётган олима қизларимиз учун кенг имкониятлар яратиб, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ушбу давлат мукофоти совриндорлари бўлган ўқувчиларни бакалавриат, магистратурага синовларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинишига замин яратади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам мамлакатда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини янада кўпайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашиш ҳамда жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилишни ўзининг маънавий-маърифий соҳадаги вазифалари қаторига қўяди. Партия ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлари доирасида 2018 йил давомида хотин-қизлар билан боғлиқ муаммолар энг кўп қайд этилган ҳудудларда депутатлар, сенаторлар ва Хотин-
қизлар қўмиталари фаоллари иштирокида сайёр қабулларни ташкил этади. Ҳамкорлар билан бирга Чиноз ҳамда Қўқон шаҳридаги қиз болалар учун ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳолатини ўрганиш, шу билан бирга, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, оилавий ажримларнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида эшитувларни ташкил этишни мақсад қилиб олган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилганлиги жорий йилдаги фаолиятимизда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш борасида амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишимизни тақозо этади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу фармони хотин-
қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамлашга, салоҳиятини тўла намоён этишига, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади. Бу борадаги ишларда эса ЎзМТДП ва унинг депутатлик бирлашмалари ҳамкорликда иш олиб боради.

Шаҳноза СУЛТОНОВА,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия
қўмитаси девони Хотин-қизлар
ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш
бўлими бош мутахассиси


 

Сайёҳлар оқими янада кенгаяди

Юртимиз ўзининг бой тарихи, бетакрор осори атиқалари, қадамжолари, тўрт фасл тепа-тенг амал қиладиган гўзал табиати билан дунё сайёҳлари эътиборида бўлиб келган. Бу эса мамлакатимизда мавжуд туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ушбу соҳани янада кенгайтириш имконини беради. Шу боис мамлакатимизда бу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, туризм соҳасидаги субъект­ларга божхона солиқ имтиёзлари берилди.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган аниқ амалий ишлар баробарида ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам борлиги соҳани комплекс ривожлантиришда муайян камчиликларни юзага келтираётган эди. Президентимиз Шавкат
Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мана шу масалалар ечимида дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Фармонда Исроил, Индонезия, Корея,
Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилди. Шунингдек, 39 мамлакат фуқаролари учун мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилиниши ҳамда 2018 йил 10 февралдан эътиборан ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби киритилди.

Мамлакатнинг туристик, маданий, табиий ва спорт салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича ишларни янада фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон Респуб­ликаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази” давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси сифатида қайта ташкил этилиши мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу фармоннинг ижросини таъминлашда нафақат иштирок этиш, балки ташаббускор бўлиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг муҳим вазифаси саналади. Сайловолди Платформасида мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ўз фаолиятида мазкур фармон ижросини таъминлаш ва аниқ амалий ишлари билан соҳа ривожига таъсир кўрсатишга интилади.

Қувондиқ РАЖАБОВ, халқ депутатлари
Хоразм  вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан
сайланган депутат

* * *

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки юртиимиз беқиёс сайёҳлик салоҳиятига эга. Фақат ундан самарали фойдаланишимиз, туризмни иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантиришга эришмоғимиз лозим.

Туризм соҳасини улкан карвон деб тасаввур қилсак, у энди ўз йўлини белгилаб олди ва манзил томон кетиб бормоқда. Навбатдаги вазифа — ушбу карвон одимларини тезлаштириш, жадалллаштиришдан иборат. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айни шу мақсадга қаратилган.

Юртимизнинг кўп ҳудудлари қатори Сурхондарё вилоятида ҳам сайёҳликнинг, айниқса, экотуризм, зиёрат туризми каби йўналишларини ривож­лантириш имконияти мавжуд. Лекин, афсуски, ҳозирда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани ҳам сир эмас.  Мазкур туризм йўналишларига нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик сайёҳларни ҳам жалб этиш мумкин. Фармонда “Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази”нинг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” этиб қайта ташкил этилишининг белгиланиши ва ушбу марказнинг фаолият юритиши учун замонавий ва юқори технологик суратга олиш ускуналари, автотранспорт воситаларини ўз ичига олган моддий техник базаси шакллантирилиши вилоятнинг табиат гўзаллиги, улкан тоғ тизмалари, аҳолисининг миллий қадриятлари-ю ананалари, халқ амалий санъати намуналарини кенг жамоатчиликка намойиш қилиш ва тарғиб қилиш имконини беради. Бундай саъй-ҳаракатлар замирида, албатта, юртимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсади мужассам.

Яна бир жиҳат — “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури фуқароларимизни юртимизнинг эътиборга молик жойларини бориб кўриш, зиёрат қилиш, улар билан яқиндан танишишни назарда тутади.

Фармонга мувофиқ юртимизда фаолият юритаётган туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъект­ларига ҳам кўплаб қулайликлар яратилганидан мамнун бўлдик. Айрим солиқ мажбуриятларининг бекор қилиниши, имтиёзли кредитлар олиш ёки хорижий инвестицияларни жалб қилиш, уларнинг кенг фаолият юритишига йўл очади.

Буларнинг барчаси пировардида соҳа ривожи, мамлакат, хусусан, ҳудуд иқтисодиётининг юксалишига халқимиз фаровонлиги фарзандларимиз бахту саодатини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур фармон ижросини таъминлашда ЎзМТДП Сурхондарё вилоят ташкилотлари ва партия гуруҳлари ҳам фаол иштирок этади.

Сайдулла АБДУРАИМОВ,
ЎзМТДП Сурхондарё
вилоят кенгаши
раиси ўринбосари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг