Томошабин ва маданият маскани: одобни унутманг!

0
13

Ҳар куни катта-кичик давраларда бўламиз, кўпчилик билан муомала қиламиз, хуллас, муносабатлар ичида яшаймиз. Аммо жуда оддий кўринган бу ҳаракатларнинг ҳам ўз одоби, нозик жиҳатлари бор. Ҳикматларда “одоб буюк тождир, уни кийгин-да, қайга борсанг боравер”, деб бежиз айтилмаган.

Ҳақиқатан ҳам одоб тожини кийган киши одобсизлик қилмайди. Бироқ борган жойини унутиб қўйиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам беҳурматлик билан қарайдиган кимсалар ҳам борки, улар бугун маълум бир маънода жамиятга-да ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Маданият масканлари ҳар куни томошабинлар билан гавжум. Ахир “яхши дам — меҳнатга ҳамдам”, деб бежиз айтилмаган. Концерт, театр, кино, хуллас, ҳаёт ташвиш­ларидан бир зум бўлсада чалғитадиган, кўнгилга ором бағишлайдиган гўшаларда ҳордиқ чиқарамиз, маънавий озуқа оламиз. Аммо сўнгги пайтларда мазкур масканларда, жамоат жойларида кузатилаётган айрим ҳолатлар киши кайфиятини бузиб, ўзини зиёли ва маданиятли деб билган ҳар бир инсоннинг ғашига тегаётгани ҳам айни ҳақиқат.

…Саҳна асари қўйилишидан аввал гарчи театр маъмурияти томоша маданияти ва қоидаларини эслатиб ўтса-да, айрим томошабинлар спектакль бошланганидан ўрнидан туриб юришни, уяли алоқа воситасида бемалол ва бамайлихотир гаплашишни ёки ёнидаги шериги билан чақчақлашиб ўтиришни ўзига эп кўраётгани таассуфли. Ёки бундай маънавият масканларида баъзан писта чақиб, атрофини худди ахлат ташланадиган жой ҳолатига келтириб қўядиган кишиларнинг ҳам учраши бор гап.

— Энг ёмони айрим томошабинлар сақич чайнаб ўтиргани етмагандай, сўнгра уни ўзи ўтирган ўриндиққа ёпиштириб кетади, — дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри фарроши Фотима Туропова. — Баъзан кетма-кет томоша бўлиб қолса, театр залини тозалашга улгуролмай ҳам қоламиз. Кейинги томошага ташриф буюрган томошабинда театр доим худди шундай ҳолатда бўладигандек таассурот қолдиради. Писта пўчоғидан оёқ босишга жой тополмайсиз. Гоҳида эса гиламларга ёпишиб қолган сақичларни пичоқ билан қириб олишимизга тўғри келади. Бунда, албатта, театр маъмурияти тозалик учун томошабин олдида хижолат чекади.

Ҳамма жойнинг ўз қонун-қоидаси бор. Булар хоҳ ёзилган, хоҳ ёзилмаган бўлсин, инсон томонидан онгли равишда тушунилиб, амал қилинаверади. Бу, албатта, кишининг фаҳму фаросати, заковати ва дунёқарашига боғлиқ.

— Спектаклларимиз асосан кечки пайтда намойиш этилгани боис катта ¸шдаги томошабинлар театрга келса-да, тартиб-интизом борасида ўзларини ¸ш болалардек тутиши ачинарли, — дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри назоратчиси Гулнора Зуннунова. — Ҳолбуки, назоратчилар учинчи қўнғироқдан сўнг кечикиб келган томошабинларни театрга киритмасликка ҳаққи бор. Бир куни ярим соат кечикиб келган томошабин назоратчидан учинчи қатордаги жойида ўтириши кераклигини талаб қилди. Бу пайтда унинг жойига аллақачон бошқа томошабин ўтирганди. Чунки залда чироқлар ўчганидан сўнг кечиккан ёки келолмай қолганларнинг ўрнига бошқа томошабиннинг ўтириши табиий. Назоратчи унга вазиятни аранг тушунтириб, бошқа жойга ўтқизишга эришди. Аслида уни умуман киритмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо биз андиша қилдик. Бу ҳол саҳнада рол ижро этаётган актёрларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. Бундай вазиятда улар асабийлашиши, сўзларини эсидан чиқариши мумкин.

Бундай ҳолатларни концерт залларида ҳам кузатиш мумкин. Яқинда “Истиқлол” санъат саройига концерт томошасига бордик. Шинам ва ёруғ санъат саройи, юмшоқ ўриндиқлар, нозик дид билан беза­тилган саҳна.  Концерт бошланишига оз фурсат қолган бўлса-да, залда томошабин сийрак. Одамлар ҳали келиб улгурмаган. Шу сабаб концерт белгиланган вақтдан ўтиб бошланди. Ҳамон одамлар узун-қисқа бўлиб, кимдир боласини йиғлатиб, қувлаб, ҳой-ҳойлаб кириб кела бошлади. Саҳнадаги хонанда-ю, созандалар ҳар замон ҳар замон кириб келаётганларга қараб қўяди. Улар эса худди “керак бўлса кутасан-да” дегандек бемалол кириб келишяпти. Ана шундай томошабинлар ичида бир эмас, уч нафар кичик ёшдаги боласини етаклаб олган аёл ҳам бор экан. У ўзи ва болалари билан дам олишни, ёқтирган хонандасининг қўшиқларидан тинглашни ният қилиб келгандир, лекин болаларнинг шовқинидан атрофдагиларнинг безовта бўлиши-чи? Хуллас, томоша ичидаги “томоша” бошланди.

Энди диққатингни жамлаб, қўшиқ эшитаман, десанг, “фалон қатор қаерда?”, деб яна кечикиб келувчилар пайдо бўлди. Уни ўрнига энди ўтқазиб, қўйишганди ҳамки, йўлакда ясан-тусан қилган бир аёл телефонда гаплашиб кимнидир қидириб ўтиб қолди. Қидирган дугонаси ҳам ўрнидан туриб уни имлади.  Аёл ҳамроҳининг ёнига борди. Шунча одамни безовта қилгани бир бўлдию, икки дугонанинг узундан-узоқ сўрашгани бир бўлди. Тўғриси, бу ҳолатга кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайсан, шундай пайт кўнглингдан концертга келмасам бўларкан, деган ўй ўтади. Концерт томошасига келганлар санъаткорга миннатдорлик сифатида гуллар олиб  келса, мақсадга мувофиқ, бироқ ҳали айтганимиздек егулик олиб кириб, худди тамаддихонада ўтиргандек овқатланиш билан машғул бўлса, яна таъбингиз хира бўлиши аниқ.

…Мана шундай ҳолатлар билан концерт ҳам охирлаб қолди. Хонанда Ватан ҳақида қўшиқ куйлай бошлади. Бу санъаткор репертуаридаги сўнгги қўшиқ эди. Томошабин у тугамасиданоқ қўзғалишни бошлади. Ўйлаб қоласан, ўзини маданиятли, тарбия­ли деб билган киши туғилиб ўсган диёри мадҳ этилаётган қўшиққа тоқат қилолмай чиқиб кетишга шошилишини қандай тушуниш мумкин?

Шундай оғир ўйлар ичида ўтираркансиз саҳнада концерт ташкилотчиларини таништириш бошланди. Залдагилар худди асирликдан қутилгандек ўзини эшикка уряпти. Кўрган кўз хижолат…

Эшик олдидаги назоратчилар ҳам шу андишада томошабинга қаттиқ гап айтолмаса керак. Улар чипталарни текшираётганда ёш болали томошабинларга эътирозлар борлигини, кечикиб келадиганлар учинчи қўнғироқдан кейин залга қўйилмаслигини ҳар гал эслатишади. Айтилган вақтида бориб, вақтида қайтишни, умуман меҳмонга хос одобга риоя этишни билган киши ўзини ҳурмат қилиш билан бирга уларга хизмат қилган мезбонга ҳам иззат кўрсатган бўлади.

Умуман олганда, одамларнинг томоша маданиятини шакллантириш, ўзини ҳурмат қилиш борасидаги маънавий-маърифий ишларни кенг кўламда олиб бориш керак. Бу борада олий ва ўрта таълим ўқув юртларида маънавият сабоқлари ўтилиши эътиборга молик. Маданият масканларида ҳам “Томошабин одоби” мавзусида мулоқотлар ташкил қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, дунё халқлари ўзбек халқи маданияти ва маънавиятини юксак дея эътироф этишади. Демак, бу эътирофни сақлаб қолиш учун ҳар бир хатти-ҳаракатимизга эътиборли бўлмоғимиз лозим.

Дилфуза РЎЗИЕВА,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази ходими

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг