ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари

0
9

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда “Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш: ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари” мавзуида семинар ташкил этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бўлим раҳбари Ж.Бэдсворт ва бошқалар Ўзбекистонда янги тараққиёт стратегиясини белгилаш жараёнида барча соҳалар қатори ОАВ ривожига муҳим ва таъсирчан омил сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ривожланган демократик давлатларда ахборот соҳасида амалга ошириладиган ислоҳотларнинг асосий тенденцияси – бу давлат томонидан ОАВни бошқаришнинг камайтирилиши ва рухсат бериш жараёнларини максимал имконият даражасида бекор қилиш ёки уларни мурожаат қилиш тартибига алмаштириш ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий Интернет сайтларни молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида давлат фондини тузиш мақсадга мувофиқлигини, оммавий ахборот воситаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, бундай кенг кўламли вазифани талаб даражасида ҳал этиш учун Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлиги таъкидланган эди.

Семинарда ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқаришнинг самарали усуллари бўйича Буюк Британия тажрибаси тақдим этилди ҳамда мазкур соҳага оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш борасида сўз юритилди. ОАВ соҳасида ўзини ўзи бошқарувчи мустақил идораларни ташкил этиш орқали журналистлар фаолиятида ўзини ўзи бошқариш механизмларини жорий этиш муҳимлиги, шунингдек, журналистлар касбий уюшмаси томонидан Ҳаракатлар этика кодексини қабул қилиш масалалари муҳокама этилди.

– Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлари лойиҳалари www.parliament.gov.uz сайти орқали жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Р.Кучербаев. – Хусусан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга журналистларнинг касбига оид одоб-ахлоқ қоидаларини жамлаган янги модда киритиш таклиф этилмоқда. Миллий журналистика соҳасида этика институтининг жорий этилиши инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш ва одоб-ахлоқ меъёрларини изга солиш йўлидаги янги қадам бўлади.

Шунингдек, ахборот манбаси томонидан ўз номини ошкор этмаслик шарти билан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, давлат ташкилотларига ОАВ сўровига бир ҳафта давомида жавоб қайтариш мажбурияти юкланмоқда.

Семинарда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

 Байрам Айтмуродов, ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг