Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди

0
7

Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар кенгашининг миграция масалалари ва чет эл фуқароларини ижтимоий-маданий мослаштириш комиссияси аъзолари юртимизда ташриф билан бўлиб турибди.

Россиялик меҳмонлар 12 февраль куни Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ташриф натижасида бугунги кунда нафақат мамлакат доирасида, балки ҳудудлар ўртасида ҳам иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Шунингдек, меҳнат миграцияси масалалари бўйича томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш борасида кўплаб истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва жўнатиш маркази фаолият кўрсатмоқда.

Делегация раҳбари, Россия Давлат думаси депутати А.Журавлев ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар кенгашининг миграция масалалари ва чет эл фуқароларини ижтимоий-маданий мослаштириш комиссияси раиси А.Паскачев Ўзбекистондан бораётган меҳнат мигрантларини Россия қонунчилиги билан таништириш, уларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди. Ушбу йўналишда ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Россиялик меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва жўнатиш маркази ҳамда Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди.

Делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканларни зиёрат қилди.

 Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг