Тарихий тепаликдаги бозор кўчирилади

0
24

Қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлган юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос тарихга эга. Шаҳар ва қишлоқларимизда бой тарихимиздан далолат берувчи меъморий обидалар, қадимий шаҳарларимиз халқимизнинг беқиёс яратувчилик ва бунёдкорлик салоҳиятининг кўзгусидир.  Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ошириш, соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм каби тармоқларини ривожлантириш, айниқса, муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат зиёрат туризмини шакллантириш зарурлиги таъкидланган эди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳудудидаги минглаб тарихий ёдгорлик ва маданий мерос объектлари, аввало, аждодларимиз даҳоси, ўтмишимиздан дарак берувчи манзил сифатида қадрли бўлса, иккинчи томондан, улар туризм омили сифатида ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади.

Шу боис Ўзбекистон “Миллий
тикланиш” демократик партияси вакиллари — депутатлар ва партия ташкилотлари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ҳамда туристик маршрутга киритиш бўйича муайян ташаббус­ларни амалга оширмоқда. Жумладан, парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари жойлардаги ўрганишлари, аҳоли билан учрашувлари давомида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келади.

— Мамлакатимизда бугунги кунда етти мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўз тарихига эга бўлиб, аждодларимиз ҳаёт тарзи ва ўтмишидан нишонадир, — дей­ди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов. — Хусусан,
Бухорода жойлашган тарихий-меъморий обидалар, азиз авлиёларимиз мангу қўним топган зиёратгоҳлар, бу заминдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар илмий мероси, қадимий ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-
атиқалар ҳудудда зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳларни жалб қилиш учун жуда қулай макон саналади. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилган ҳудудларни ўрганиш вазифаси билан ҳар гал вилоятда бўлганимизда, албатта, бу ердаги тарихий қадамжоларнинг аҳволи билан танишишга, муаммоларини ўрганишга, туризм ривожига ёрдам бериши мумкин бўлган табиий ресурс ва шароитларга эътибор қаратамиз. Январь ойида Ромитан туманидаги ўрганишларимиз давомида ҳудуддаги айрим маданий, тарихий масканлар қаровсиз ¸ки ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, мавжуд туристик салоҳиятдан ҳали-ҳануз тўлиқ ва самарали фойдаланилмаётгани аниқланди. Масалан, бутун ислом оламида машҳур шариф шаҳарнинг етти пиридан бири — Хўжа Али Ромитаний зиёратгоҳи рўпарасида қадимги Ромитан шаҳри қолдиқларидан иборат “Қўрғон” тарихий тепалиги мавжуд. Ўтган давр мобайнида маҳаллий аҳоли мазкур тарихий тепаликдан ўз билганича фойдаланган. Бора-бора ушбу ҳудудда мол бозори ҳам пайдо бўлган. Қишда лой, ёзда чанг бўлган ушбу “бозор”нинг фаолияти ўзига хос тарихга эга бўлган тепалик қиёфасининг ўзгаришига, ҳатто буткул йўқ бўлиб кетишига олиб келмоқда. Қолаверса, юртдошларимиз, хорижий сайёҳлар канда қилмай келадиган Хўжа Али Ромитаний зиёратгоҳидаги манзара, албатта, бу ерга ташриф буюрувчилар учун ҳам ёқимсиз, ҳам ноқулай. Бундан ташқари, тарихий қўрғон ва муқаддас қадамжо муҳофазаси талабга жавоб бермайди.

Ўрганишлар давомида гувоҳ бўлинган ҳолатлар ҳамда тўпланган маълумотлар парламент аъзолари иштирокида ўтган халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида қизғин муҳокама қилинди. Фракция аъзолари ушбу тарихий тепаликда жойлашган бозорни кўчириш, тарихий масканларни асраб-авайлаш борасида муайян ишларни амалга ошириш зарурлигини илгари сурди. Билдирилган таклифлар асосида бозорни бошқа жойга кўчириш ҳақида сессия қарори қабул қилинди.

Фракция аъзоларининг ҳудуддаги фаолияти давомида эришилган ушбу амалий натижа ЎзМТДП дастурий вазифалари ижросига хизмат қилади.

Шунингдек, тумандаги ўрганиш­лар давомида соғлиқни сақлаш соҳасига оид бир қанча масалалар ҳам ўз ечимини топди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда ЎзМТДП фаоллари иштирокидаги бир гуруҳ депутатлар туман тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ўрганиб чиқди.

— Тумандаги тиббиёт муассасаларидаги ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан бир қатор амалий ишлар қилинди, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Феруза Ибрагимова. — Жумладан, тез ёрдам бригадаси сонини биттага кўпайтириш тўғрисида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таклиф киритилди ва ушбу таклиф инобатга олиниб, буйруқ расмийлаштирилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан туман кўп тармоқли марказий  поликлиникасига, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти Ромитан туман бўлими кўмаги асосида туман тез ёрдам бўлимига видеокузатув мосламаси ўрнатилди.

Ўрганишлар давомида тумандаги 41-қишлоқ оилавий поликлиникаси эски печкада иситилиши ва ундан чиқаётган тутун, газ иси тиббий хизмат сифатига, қолаверса, бу ерга шифо истаб келган беморлар соғлигига жиддий таъсир кўрсатаётгани аниқланди. Депутатларнинг саъй-ҳаракатлари асосида ушбу муаммо жойида ҳал этилиб, туман молия бўлими  мазкур муассасанинг иссиқлик тизимини таъмирлашга 30 миллион сўм ажратди.

ЎзМТДП фракцияси аъзолари ҳамда партия фаолларининг ҳудудларда олиб борган бу каби ўрганиш­лари мурожаатларни ўз жойида кўриб чиқиш, мавжуд муаммо ва камчилик­ларни қисқа муддатларда баратараф этиш имконини бермоқда.

М. РАМАЗОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг