“Ўзбек-корейс дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари” Тошкент шаҳридаги Инха университетида ана шу мавзуда халқаро пресс-клуб ташкил қилинди

0
18

Тошкент шаҳридаги Инха университетида “Ўзбек-корейс дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари” мавзусида халқаро пресс-клуб ташкил этилди. Унда Ўзбекистон-Корея Дўстлик жамияти вакиллари, халқаро пресс-клуб вакиллари, экспертлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда университет талабалари иштирок этди. 

Тадбирни халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекситон ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар узоқ асрлик тарихга эгалиги, икки халқ маданияти, урф-одатлари, анъаналари бирбирига жуда яқинлиги, бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги алоқалар изчил ва барқарор тараққий этиб бораётганини таъкидлади.

Маълумки, шу йилнинг 29 январида Ўзбекистон Республикаси ва Корея республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 26 йил тўлди. Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар турли соҳалар бўйича изчил тараққий этиб бормоқда. 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида Қўшма декларация имзоланган. Икки мамлакат Президентлари мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён давлат раҳбарлари даражасида 15 учрашув ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 60 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Улардан 4,5 миллиард АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017 йил якунлари бўйича Корея Республикаси Ўзбекистонинг йирик савдо шериклари орасида бешинчи ўринни эгаллаган бўлиб, умумий ташқи савдо айланмасида 5 фоиз улушга эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига жалб қилинган Корея Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчисининг маслаҳатчиси Ким Же Ун, “Ўзбекистон-Корея” дўстлик жамияти раиси, Тошкент шаҳридаги Инха университети ректори Сарвар Бобоходжаев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Каримов, “Ўзбекситон-корейс” маданият маркази ассоциацияси раиси маслаҳатчиси Валерий Сергеевич Хан сўзга чиқди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий муносабатлар халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида ривожланиб бормоқда. Жаҳон ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича томонларнинг тутган позициялари бир-бирига ўхшаш ва яқин. Таълим соҳасидаги муносабатлар ҳам динамик равишда ривожланмоқда. Масалан, 2014 йилда Тошкент шаҳрида Инха университети очилди ва бу йўналишдаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ушбу олий ўқув юрти халқаро стандартлар даражасида юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлайдиган биринчи чет эл университетидир. Бугунги кунда минг нафардан ортиқ талабалар университетда ахборот технологиялари, муҳандислик ва логистика соҳаларида таҳсил олмоқда. Тошкент шаҳридаги Инха университети Корея Республикасининг чет элда очилган биринчи кампусидир.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ҳамда талабаларнинг саволларига экспертлар атрофлича жавоб бердилар.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
Milliy tiklanish мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг