Ҳамкорликдаги устувор вазифалар белгилаб олинди

0
9

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларидан иборат Демократик кучлар блокининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг самарали ижросида депутатлар ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ташкил этилган тадбирда Демократик кучлар блокининг Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилишда ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов иштирок этди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан ЎзМТДП фракцияси вакили Нодир Мухторов, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Шуҳрат Бафоев маъруза қилди.

Қайд этилганидек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривож­лантириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳаларида устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, Олий Мажлис палаталарининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлигига доир вазифалар парламент қуйи палатаси депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, ҳар бир йўналиш ва соҳада қатор янги қонун лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш борасида аниқ мақсад-вазифалар ўз ифодасини топгани қонун ижодкорларидан янада юксак фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади.

— Давлат дастурида қонун ижодкорлигида янгича ёндашувни назарда тутадиган Қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Нодир Мухторов. — Демократик кучлар блоки аъзолари, энг аввало, соҳадаги миллий тажрибамизга, шу билан бирга, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор амалиётини чуқур ўрганиш асосида адолатли, халқчил ва ҳаётий қонун ҳужжатларини яратишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифлар билан фаол иштирок этиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинлик­ларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят ва фуқаролик процессуал қонунчиликни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда юридик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришда Демок­ратик кучлар блоки аъзоларининг биргаликдаги ҳаракатлари самарали натижа беради. Умуман, Давлат дастурининг ҳар бир йўналишида кўзда тутилган мақсад-вазифалар ЎзМТДП ва ЎзЛиДеП дастурий ғояларига ҳамоҳанг ва муштараклиги иккала партия фракциясидан иборат Демократик кучлар блоки вакиллари зиммасига катта масъ­улият юклайди. Шундай экан, Давлат дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, ҳар иккала партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб парламент эшитувлари ташкил этиш, парламент сўровлари юбориш каби ташаббуслар билан чиқишимиз лозим.

Йиғилишда сўз олган ЎзМТДП фракцияси аъзолари Давлат дастурининг тўртинчи ва бешинчи йўналишларида белгилаб берилган устувор вазифалар, яъни ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, миллий манфаатлар устуворлиги ЎзМТДП сайловолди Платформасига тўлиқ мувофиқ келишини таъкид­лади. Оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш, давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, маданий ва археология мероси объектларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш тизимини такомиллаштириш, зиёрат туризми, тиббий туризм, агротуризм сингари истиқболда кутилаётган лойи­ҳалар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Йиғилишда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳам муҳокама этилди.

Мазкур фармонда кўзда тутилган вазифалар соҳа ривожини жадаллаштириш ҳамда мамлакатимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ 7 давлат фуқароларига респуб­ликамиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланади, 39 мамлакат фуқаролари учун Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучер тақдим этишга оид талаб бекор қилинади. Мамлакатимизнинг туристик, маданий, табиий ва спорт салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш маркази” давлат унитар корхонаси “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси сифатида қайта ташкил этилмоқда.

— Мазкур фармон ЎзМТДП дастурий вазифалари билан ҳамоҳанг эканлиги унинг ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларимиздан фаолликни талаб этади, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Абдурашид Тўхтабоев. — Фармонга асосан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номи остида мамлакат бўйлаб таништирув саёҳатлари ва турларини ташкиллаштиришнинг кенг миқёсли дастури ишга туширилади. Унинг доирасида бир миллионга яқин фуқаролар, шу жумладан, ўқув муассасаларининг ўқувчилари ва талабалари, ногиронлиги бўлган болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, ишчилар, нафақахўрлар, маҳалла фаоллари, аёллар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳам мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўладилар. Бу партиямиз сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар, жумладан, туризмнинг фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрнини оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда қайд этилганидек, фармонда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъект­ларини қўллаб-қувватлаш мақсадида назарда тутилган қатор мақсад-вазифалар Демократик кучлар блокининг биргаликдаги фаолиятини янада жонлантиради. Фармон ижросини таъминлаш ва назорат қилишда блок аъзолари фаол иштирок этади. Шу боис фармон ижроси юзасидан Демократик кучлар блокининг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Мазкур режани жойлардаги ҳар иккала партия ташкилотлари ва гуруҳларига юбориш, уларнинг ҳам фаол иштирокини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Демократик кучлар блокининг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси йиғилиш иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди. Парламент қуйи палатасидаги мазкур сиёсий блок фаолиятини янада кучайтириш, қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар бериш, ташаббус кўрсатишда фаоллигини ошириш лозим. Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишда ҳамкорликдаги ишларни мунтазам олиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан Демократик кучлар блокининг тегишли қарори қабул қилинди ва 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг