Кириш имтиҳонларида шаффофлик таъминланади

0
17

2018-2019 йилги ўқув йилида олий таълим муасасасаларига қабул жараёнида янгича ёндашув амал қилади. Кириш имтиҳонлари замонавий услуб ва инновацион технологиялар ёрдамида бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Давлат тест маркази томонидан республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш мавзусига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида хабар қилинди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжуманида Давлат тест маркази масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этди.

— Мазкур қарор асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларида катта ўзгаришлар амалга оширилади, — дейди Давлат тест маркази директори Мажид Каримов. — Бу ўзгариш юзасидан Марказ бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли ишлар олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида комплекс чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди.

Анжуманда таъкидланишича, энди олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари 15 кунда, ҳар куни икки сменада ўтказилади, кунлик тест топширувчи абитуриентлар сони ўртача 57 мингдан 60 минггача бўлади. Тест материаллари китоб типлари асосида тайёрланиб, битта типдаги фанлар мажмуасига мос келувчи таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказиб борилади. Натижаларни тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтидан олиш мумкин. Шу мақсадда яқинда АҚШ компанияси билан шартнома тузилиб, жавоблар варақасини тезкор ўқийдиган икки дона “iNSIGHT 150” оптик сканери харид қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тест синовларини ўтказиш учун ОТМ ҳудудининг ўрнига катта сиғимдаги павилъонлар, кўп ўринли бинолар, коллежлар, катта ҳажмдаги бинолар ўрганилган. Улардан энг кичиги 240 ўринли, энг каттаси 6 минг 150 ўринли 57 бино танлаб олинди. Тест синовларида шаффофликни таъминлаш учун 2 минг 100 нафарга яқин назоратчи жалб этилади. Тест синовларига абитурент ортиқча ашёларсиз фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан киритилади. Узлуксиз ведеокузатув фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” ҳам қайта ишлаб чиқилди. Унга биноан, тест синовини ўтказиш билан боғлиқ атамаларга изоҳ берилган, энди аудитория, аудитория раҳбари каби атамалар бўлмайди, ОТМнинг қабул комиссияси тест синови жараёнида иштирок этмайди. Раис ва масъул котиб бундан мустасно. Саволлар китобида эса 36 талик тест 30 та қилиб белгиланди.

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитурентлар 20-30 август кунлари, яъни 11 календарь куни давомида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Тадбир сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Маҳлиё УМРЗОҚОВА,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг