Миллатнинг бахти

0
83

Адабиёт назариясида билдирилганидек, ҳар бир асарнинг мазмуни унинг шаклини белгилайди. Биз бу мақоламизда ҳаётий мисоллар, тарихий ва янги хотиралар, шахсий кузатиш ва кечинмалар, эскартиш, изоҳ ва шарҳлар, таҳлил ва талқинлар келтириш орқали унинг халқона бўлишига интилдик, токи ўқувчи уни қизиқиб ўқисин, озми-кўпми маънавий ва маърифий озиқ, оз бўлса-да, бирор янгилик олсин.

* * *

Яна бир неча ойдан сўнг атоқли давлат арбоби, Биринчи  Президентимиз Ислом
Абдуғаниевич  Каримовнинг таваллудига 80 йил тўлади. Серқирра си¸сий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан
Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирган, мамлакатимиз нуфузини халқаро миқёсда танитган Биринчи  Президентимиздан порлоқ хотира, улкан маънавий мерос, кўп жилдли асарлар, самарали, такрорланмас ишлар қолди. Булар миллатимиз бахтининг ифодаларидандир.

Бахт тушунчаси бутун коинотдан ҳам улкан, осмон қадар юксак, Баҳри Кабир — Тинч Океандан-да теран. Унинг қирралари ҳам кўп, санаб адоғига етиб бўлмайди. Менимча, инсоний бахтнинг учта муҳим қирраси бор. Биринчиси: одамнинг ўзи ҳаётда бахтли яшаб ўтиши. Иккинчиси: халқининг бахтига бахт қўшиш. Учинчиси: ўзидан муносиб издошлар қолдириш. Халқимизнинг севимли фарзанди Ислом Каримов ана шундай сиймо эди.

* * *

 Одам қазо қилганда, айниқса, унинг орқасидан дарҳол “охирати обод бўлсин!” дейилади. Хўш, охират қачондан бошланади? Бизнингча, охират дафн маросимидан бошланади. Албатта, дафн маросими рисоладагидек ўтиши унинг орқасида қолганларнинг раъйига, оқибатига, садоқатига, ҳурмат-иззатига — бир сўз билан айтганда, издошларнинг муносабатига боғлиқдир. Беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да, “Издош — изидан борувчи, йўлини давом эттирувчи” деб таъриф берилган.

Салкам саксон йиллик умрим давомида кўплаб дафн маросимларини кузатдим, юзлаб жанозаларда қатнашдим, яқинларимнинг мозорбошисида туриб, бир кафт тупроқ узатдим. Мавриди келди, шулардан айримларини эслаб ўтаман.

1957 йили Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташкилотчиси ва биринчи раиси, муфтий Эшон Бобохон Абдулмажидхон ўғли ҳазратлари  қарийб 100 йил яшаб вафот этдилар. У кишининг дафн маросимларида шунчалик кўп киши қатнашдики, бутун Ҳастимом даҳаси тирбанд бўлиб кетди, атрофдаги кўчаларга ҳам одам сиғмасди. Ҳатто аёллар паст-баланд томларга чиқиб, маросимни кузатиб кўзёши тўкишар, рўмолларининг учи билан кўзёшларини артиб қўйишарди.

Эшон ота халқ меҳрини қозониб, эл-юртга беминнат хизмат қилиб, муфтийлар сулоласига асос солиб ўтди…

…Аниқ эсимда — 1962  йилнинг июнида буюк геолог олим, давлат ва жамоат арбоби Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаевни Тошкент аҳли, асосан, зиёлилар ва талабалар сўнгги йўлга — Чиғатой (асл тарихий номи  — Қўшчи ота)  қабристонига кузатиб қўйди. Дафн маросими иштирокчиларининг аввали Ҳадра майдонига етиб келганида давоми ҳали Ўрда кўпригидан ўтмаган эди…

* * *

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2016 йил 3 сентябрда матбуотда эълон қилинган ахборотидан Биринчи Президентимиз, буюк давлат арбоби Ислом
Абдуғаниевич Каримовнинг  2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этганидан чуқур қайғу билан хабар топдик. Барчамиз учун қадрли бўлган Биринчи Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри
Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилди. Биринчи Президентимиз билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Ҳали ҳеч қачон мамлакатимизда Ислом Каримовга кўрсатилгандек иззат-икром намоён бўлмаган бўлса керак. Бутун Тошкент аҳли — барча ёшу  кекса Ислом акани кўзда ёш билан мотам либосида — эркаклар кўк ва қора дўппида, аёллар одми либосда, юксак ҳурмат билан Самарқандга кузатиб қўйди. Пойтахтимиз отасидан айрилган етимдек маъюс бўлиб қолди. Мен умрим давомида халқимизнинг бундай қайғурганини, бундай уюшганини, бирлашганини кўрмаган эдим. Моҳир созанда ва хонандалар уч кеча-кундуз муттасил ижро этган  мумтоз куй-қўшиқларимиз халқимиз қайғусига малҳам бўлди, инсон ўткинчи бўлса-да, хотира мангу эканини тасдиқлаб турди. Шундай мусиқий хазинамиз борлигидан, моҳир созандаларимиз билан фахрландик, юпандик.  Уч кунлик мотамдан кейин диний таомилга кўра, марҳумнинг еттиси, йигирмаси, қирқи, йиллик маросими, ифторлиги ўтказилди, хайр-эҳсон қилинди, юртга ош тортилди, бу тадбирларда Президент Шавкат Мирзиёев, депутатлар, Сенат ва Ҳукумат аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қуръони карим сураларидан ўқилди, дуои фотиҳа қилиниб, марҳумнинг руҳи покига бағиш­ланди — муқаддас китобларда ёзилишича, жамоат дуоси ижобат бўлғусидир.

Талабалик йилларида ўқиган эдим: бутун дунё тараққийпарвар инсоният эътироф этганидек, ҳинд халқининг даҳо фарзанди Маҳатма Гандининг вафоти Ҳиндистон халқларини  бирлаштириб, озодлик, мустақиллик ва тараққиёт сари даъват этган. Худди шу каби Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг вафоти Ўзбекистон халқини  янада кучлироқ бирлаштириб, улуғ ишларга чорлаганига шоҳид бўлдик.

* * *

Энди сўз васият ҳамда унинг моҳияти ва зарурати ҳақида боради. Маълумки, ота-оналар фарзандлари ёки яқинларига тирикликларида, ҳали соппа-соғ, чарақлаб, яшнаб юрган кезларидаёқ васият қилиб қўйиш одати ота-боболаримиздан қолган урфлардан биридир. Туғилмоқ бор экан, ўлим муқаррардир. Васият қилиш ҳаёт қонунини олдиндан эътироф этишдир. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас, бунинг  учун журъат керак. Яна шуниси ҳам борки, баъзи кишиларнинг дилларида васият қилиб қўйиш нияти бўладию, лекин бу ниятларини ошкор қилишга улгурмасданоқ, тўсатдан бандаликни бажо келтирадилар. Шунинг учун ҳам халқимизда “Ўлим — ҳақ, бемаҳалидан асрасин” деган дуо ҳам бор. Бинобарин, васият қилиб қўйишлик, рамзий айтганда, яхши ўлим топишнинг шартларидан бири экан. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эса ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-
одатларига биноан дафн этилиши ҳақида васият қилганлар. Бу эзгуликка чорловчи, аниқ мақсадга қаратилган ниятдир. Бундан ҳамма, айниқса, ёши улуғ замондошларимиз ибрат олсалар арзийди. Бу ҳолатда дафн маросими олдида иккиланиш ва мажҳулликларнинг олди  олинади. Зеро, ўлим кутилмаганда, сўраб ўтирмасдан келади.

Шу ўринда ўтмишимиздан васиятга доир иккита мисол келтирамиз. ХХ асрнинг атоқли уламоларидан бўлмиш Қози домла — мулла Фозилхўжа эшон бу дун¸даги сафари қариганини сезгач, “жанозамни Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ўқисалар…” деб васият қилади. Бу васият сўзсиз амалга оширилган. Орадан кўп ўтмай, машҳур ва пешво уламоларимиздан бири, Амир Темурнинг “Тузуклар” китобининг таржимони ва ноширларидан бўлмиш Алихонтўра Соғуний ҳазратлари 91 ёшда вафот этади. Ул улуғ зотнинг васиятлари бундай бўлган: “Бул ожиз бандани шайх Зайниддин бобо қабристонига — мулла
Фозилхўжа эшон ёнига дафн этинглар”. Бу васият ҳам сўзсиз бажарилган. Шундай қилиб, ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раиси шайх Зиёвуддинхон Бобохоновнинг сафдошлари бўлган икки  улуғ зот — мулла Фозилхўжа эшон ва Алихонтўра Соғунийларнинг қабрлари ёнма-ёндир. Бизнинг хилхонамиз ҳам Шайх Зайниддин бобо қабристонида бўлгани боис мазкур мозористонни вақти-вақти билан зиёрат қилиб турамиз, ахир, ҳаёт йўлимизнинг энг сўнгги   қисми — охирги манзилимиз шу ерда бўлади-да.

Васиятни бажармаслик ножоиздир. Бу виждон ишидир. Ҳуқуқшуносликда васият мажбурияти деган тушунча ҳам бор. Фуқаролик ҳуқуқида васият юзасидан ворислар зиммасига муайян шахс (шахслар) фойдасини кўзлаб бирон-бир мажбуриятни юклашга васият мажбурияти дейилади. Васият мажбурияти билан алоқадор хуқуқий меъёрлар Ўзбекис­тон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1120-моддасида белгилаб берилган. Васиятномага оид қонун-қоидалар эса шу  Кодекснинг 1120—1131-моддаларида белгиланган. Ҳар бир фуқаро, айниқса, зиёли одам буларни билиб қўйиши фойдадан холи эмас.

* * *

Юртнинг чуқур илдизлари ва Ватаннинг теран томирлари нима? Менимча, юртнинг чуқур илдизлари, Ватаннинг теран томирлари мамлакатимиздаги қабристонлардир. Ҳар бир шаҳару қишлоқларимизда бундай теран томирларимиз бор. Самарқанддаги Шоҳи Зинда — Тирик Шоҳ — Муҳаммад (с.а.в.)нинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос ётган қабристон, Амир Темур мақбарасида ётган темурийлар қабристони, булар юртимизнинг теран томирларидандир.

Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуаси юртимиздаги энг қадимий қадамжолардан биридир. Биринчи Президентимиз Ислом
Каримов ўз васиятларига кўра исломий удумларга биноан бу қадамжога дафн этилди. Бу бутун халқимиз учун, айниқса, ёши улуғ онахону отахонларимиз учун бир ибрат бўлди. Ҳар бир инсон ўз ота-онаси, аждодлари ётган жойга — ўз хилхонасига дафн этилиши, ўзи  туғилиб ўсган ота ҳовлисидан, ўз уйидан сўнгги йўлга кузатилиши нақадар таъсирлидир. Улуғ Юртбошимизни дафн этиш маросими телевидение орқали кўрсатиб борилиши халқимизга вафот этган кишининг иззати жойига қўйилиши бобида бир ибратли мактаб, инсонлик шарафига бир мадҳия бўлди, муқаддас динимиз ва миллий урф-одатларимиз олдидаги айрим тўсиқларни олиб ташлашга даъват этди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи
Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз васиятига кўра, Самарқанддаги Ҳазрати Хизр (а.с.) мажмуасидаги қадамжога — ўз хилхонасига дафн этилиши бежиз эмас. Маълумки, Хизр — Қуръонда “Аллоҳнинг қули” номи билан тилга олинган тақводор зот. Хизр (а.с.) одамларда Аллоҳга бўлган эътиқодни мустаҳкамлаш учун Исо, Илёс ва Идрис сингари абадий ҳаёт ато этилган пайғамбарлардан ҳисобланади. Ривоятларга кўра, Хизр (а.с.) оролларда яшайди, осмонда учади, ҳамиша дунё бўйлаб кезиб юради, ҳар йили ҳаж қилади, жума кунлари Макка, Мадина ва Қуддус шаҳарларидаги масжидларда намоз ўқийди. Денгизда су­зувчиларга ҳомийлик қилади, махсус дуолар билан чақирилса, ёрдамга келади, сувга чўкаётганларни қутқаради, ёнғинни ўчиради, ўғрилар ҳуружидан, жинларнинг ҳийлаларидан, илон чақишидан халос этади ва шу кабилар. Сўфийлар Хизр (а.с.)ни  авлиёлар Пири сифатида эъзозлайди. Ҳазрати Хизр (а.с.) қадимдан халқлар, жумладан, ўзбек халқи тасаввурида одамлар мушкулини осон қилувчи, у билан учрашган кишиларга бахт ато этувчи художўй қариядир. Худо ёрлақаган одамларгагина Хизр (а.с.) йўлиқиши мумкин. Мусулмон шарқ мамлакатлари, жумладан, бутун Туркистонда Хизр (а.с.) номи билан боғлиқ қадамжолар, масалан, Самарқандда Ҳазрати Хизр масжиди мавжуд. Самарқанднинг энг қадимги ерида қурилган масжиднинг ҳозирги биноси XIX асрнинг ўрталарида, Самарқанд Бухоро амирлигига қараган пайтда қадимий бино пойдевори устида бунёд қилинган. Бинобарин, Ҳазрати Хизр (а.с.) мажмуаси нафақат Самарқанддаги, балки бутун мамлакатимиздаги энг қадимги қадамжолардандир.

Ҳазрати Хизр номининг, ул зотнинг  фазилатлари ва кароматларини шунинг учун ҳам тилга олмоқдамизки, Ислом Каримов билан бир жамоа­да бирга ишлаган зиёли сифатида, у кишининг фаолиятини кузатган, ўрганган, у киши ҳақида ўндан ортиқ китоб, (масалан, тўрт марта нашр этилган “Бизким, ўзбеклар”, “Миллат овози” асарлари), ўқув қўлланма ва рисолалар ёзган, кўпгина мақолалар эълон қилган, фармонлари ва қарорларини шарҳлаган адиб сифатида ўртага иймонни қўйиб, шоҳидлик бераманки, Биринчи Президентимиз, халқ ибораси билан айтганда, Хизр (а.с.) назар солган инсон эди.

* * *

Қатъий эътироф этмоқ керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Биринчи Президентимизнинг дафн этиш маросимини ўтказиш бўйича Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида тузилган комиссия моҳирлик билан зўр ташкилотчилик намунасини кўрсатди, марҳумга юксак иззат-
икром билдира олди. Бутун халқимиз худди шундай фикрда. Бу ҳол Ислом Каримовнинг сафдошлари муносиб издош эканлигига ёрқин далилдир. Биринчи Президентимиз ўз васиятига кўра мусулмон одатларига биноан дафн этилди. Зеро, Биринчи Президентимиз миллий истиқлолимизнинг дастлабки ойлариданоқ дин олдидаги тўсиқларни  олиб ташлашга доир ишларни амалга ошира бошлаган эди. Масалан, Рамазон ва Қурбон ҳайи­тининг биринчи кунлари умумхалқ байрамлари бўлди. Муборак ҳаж зиёратига дастлаб Ўзбекистондан  йилига 500 киши юборилган бўлса, йил сайин бу рақам ошиб, 2016 йили 5 минг ватандошимиз муборак ҳаж зиёратига ташриф буюрди. 2017 йили эса 7200 ўзбекистонлик муборак ҳаж зиёратини ўтади. Бунга қўшимча тарзда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан 72 киши йўлдошлари билан муборак ҳаж зиёратини ўташга муяссар бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ислом динининг асл моҳиятини очиб бериш борасида халқаро миқёсда муҳим воқеа бўлди, бу ҳолни сессия қатнашчилари мамнуният билан эътироф этди. “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро конференцияси ўтказилиши бутун ислом оламида ҳам катта воқеа бўлди. Буларнинг бари муқаддас ислом динимизга тўғри муносабатда бўлиш борасида Ислом Каримов бошлаб берган савобли ишлар изчил ва тизимли давом этаётганини кўрсатиб турибди. Бинобарин, Ўзбекистон динга бўлган тўғри ва оқилона муносабати туфайли бутун ислом оламида етакчи ўринда бўлиб келмоқда.

* * *

Маълумки, 2016 йилнинг 8 сентябрь куни халқимиз, мамлакатимиз, давлатчилигимизда тарихий воқеа бўлди: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу қарор халқимиз тақдири ва давлатчилигимизнинг пойдорлиги ишончли қўлларда эканини ифодалади. Мамлакатимиз Бош вазирининг ушбу қўшма мажлисдаги маърузасида келажакка бўлган қатъий ишонч туйғулари уфуриб турди, босиқлик, салобат ўз ифодасини топди. Бу ҳол халқимиз кўнглини  кўтарди, келажагимиз, давлатчилигимиз тақдири ишончли қўлларда эканига комил ишонч уйғотди. Биринчи Президентимиз мамлакатимизни бошқарган 27 йиллик давр мобайнида миллатимиз етук миллат даражасига кўтарилганини исботлади. Раҳбариятимиз халқ ва давлат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишидан халқимиз кўнгли таскин топди.

2016 йил 4 декабрда муқобиллик асосида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон Респуб­ликасининг Президенти этиб сайланган
Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида дастурий нутқ сўзлади.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, нотиқнинг маҳорати, воизлик санъати, фикрини равон ифодалаши, мақсадини тинг­ловчига аниқ ва тиниқ етказиб  бера олиши алоҳида эътиборга молик. Бундай нотиқларни танаффуссиз, бошқа ишга чалғимасдан, берилиб тинглайсиз, билимингиз ошади, қалбингизда некбин туйғулар уйғонади, яшашга завқингиз ошади, ижод аҳлининг илҳоми жўшади. Нутқдаги ушбу сатрлар шу фикримизни тасдиқлаб турибди: “Биз охирги 25 йил давомида жуда кўплаб муҳим анжуман ва йиғилишларни ўтказдик. Уларнинг барчасига муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилик қилганларидан яхши хабардорсиз. Бугун эса тарихимизда биринчи марта бундай муҳим йиғилишни азиз раҳбаримизнинг иштирокисиз ўтказмоқдамиз. Гўёки хаёлимизда у киши ҳозир залга кириб келадигандек.

Ўйлайманки, бугунги мажлисда қатнашаётган ҳар бир инсон шу залда  буюк йўлбошчимизнинг руҳи ва нафасини сезиб турибди. Ўзбекистон Республикасининг
Биринчи  Президентининг ўлмас ғоялари, фикр, кўрсатмалари бизнинг қалбимиз ва онгимизга шундай чуқур сингиб кетганки, улар бизнинг келажак сари қатъият билан боришимизда барчамизга доимо таянч ва суянч бўлиши муқаррар”. Бу нутқда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга муносиб издошлик яна бир бор очиқ-ойдин ифодаланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови”, деб аталди. Чунки қонун устувор бўлса, инсон манфаатлари таъминланади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 8 декабрь Конс­титуциямиз қабул қилинган кун сифатида байрам қилинади. Конституциямизнинг яратилиши ва ҳа¸тга тадбиқ этилиши Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номи билан боғлиқдир. Ҳақиқатан ҳам Конституция­мизнинг бош муаллифи Ислом Абдуғаниевич Каримов бўлганига биз ҳам шоҳидмиз, ўша кезлари камина ҳам Президент девонида етакчи консультант лавозимида хизмат қилардим. Конституциямиз дунёга келишида учта нарса омил бўлган. Биринчи: халқимизнинг бой ҳуқуқий мероси ва ҳуқуқий маданияти, халқимизнинг урф-одатлари, шу жумладан, шариат — ислом ҳуқуқшунослиги, масалан, ирқи, жинси, миллати ва шу кабилардан қатъий назар фуқароларнинг тенг ҳуқуқли эканлиги тамойили, иккинчи: Соҳибқирон Амир Темурнинг “Тузуклар” асари, учинчи: чет эл мамлакатлари конституцияларига ижодий ёндашиб, ўзимизга мос ва хос андоза олиш. Ўшанда 65 кишидан иборат ишчи гуруҳи жаҳоннинг 44 мамлакати конституцияларини, жумладан, тараққий этган мамлакатлар — АҚШ, Англия, Франция конституцияларини, МДҲга аъзо айрим мамлакатларнинг конституциялари (ҳали ҳамма республикаларда ҳам янги конституция­лар қабул қилинмаган эди) ўрганиб чиқилди, уларга ижодий ёндашилди. Бу қутлуғ ишнинг тепасида Биринчи Президентимиз турдилар, йўриқ ва йўналишлар берди. Конституциямиз истиқлол даврида яратилган, халқ иродаси ифодаланган биринчи тарихий ҳужжат бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Биринчи Президентимизнинг саьй-ҳаракатлари билан Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган тушунча марказий ўринга қўйилган эди. Фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. 2016 йилнинг 4 декабрида мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Президенти сайловида халқимизнинг фаол иштироки эса бунинг яққол исботидир. Сайлов жараёнида 5 та халқаро ташкилот  ҳамда 46 та давлатдан 600 га яқин кузатувчи иштирок этди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо берди. Халқимиз ўзининг хоҳиш-иродаси билан Президентликка номзодлардан бири Шавкат Миромонович Мирзиёевни қарийб 90 фоиз овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлади. Бу муҳим сиёсий воқеани халқимиз билан биргаликда бутун дунё тараққийпарвар жамоатчилиги қувонч билан кутиб олди. Шу муносабат билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат арбобларидан, самимий тилаклар билдирилган қутловлар келди. Уларда якдиллик билан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Президент этиб сайлангани Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб берди, ўзаро умумий манфаатларимизни ҳисобга олиб, мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида биргаликдаги ишларимизни давом эттирамиз, дейилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 25 йиллиги” кўкрак нишони таъсис этилди. Бу ҳам Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва  жамоат арбоби Ислом
Каримов бошлаб берган  қутлуғ ишлар, кўриб-билиб, шоҳид бўлиб турибмизки, муносиб издошлари томонидан ҳар борада изчил давом этаётганига бир ишончли далилдир.

* * *

Дейдиларки, Аллоҳ таоло бандасига унинг феъл-атворига қараб марҳамат қилади. Шунга ўхшаш халқнинг феъл-атворига қараб, унинг ўзига монанд юрт ва Юртбоши беради. Алҳамдулиллоҳ, юртимиз ҳам, Юртбошимиз ҳам ўзимизга муносиб. Бинобарин, Ўзбекис­тон деган мамлакатимиз ҳам, ўзбек деган миллатимиз ҳам то дунё тургунча туражак!

Абдуқаҳҳор ИБРОҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
санъат арбоби, профессор

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг