Китоб — халқ тафаккурининг бетакрор ҳосиласи: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Исажон Султон билан суҳбат

0
118

— Исажон ака, ёзувчиликни ва умуман, ижодкорликни тақдир, қисмат, дейишади. Қисматингиздан  розимисиз?

—  Замонавий фан айтадики, улуғ аждодларнинг қобилияти авлоддан-авлодга ўтаверар экан. Инсоният ҳали санашни билмаган маҳалда ёзувни кашф қилган, достонлар ижод қилган халқ фарзандларининг қонида бадиий дид албатта, яшаб келади. Гўдакларимизнинг танглайи ҳам адабиёт, яъни алла билан кўтарилади-ку! Улуғларимизнинг ибратли ҳикоялари, кексаларнинг маталлари-чи? Қисқаси, халқимизнинг ажралмас хусусияти бўлмиш адабиётга бугун ҳам жуда кўпчилик қизиқади, бироқ, турмуш ташвишларию заҳматлари аро, истаса ҳам фурсат ё имкон тополмайди.

Энди, қайси соҳани танлашни ҳар ким ўзи ҳал қилади. Қисматимдан сира афсусланмайман. Бундан бир қанча аср аввал яшаб ўтган бир бобокалонимизнинг сўзларига қайтсак: кишилар савоб бўлсин дея мадрасалар қуришган, у мадрасада воизлар ваъзлар ўқишган. Аллома бобомиз айтадики, асар ҳам мадрасадай гап, фақат воизи — муаллифнинг ўзи. Воиз билимли, эътиқодли бўлса, халқ тумонат оқиб келади. Акси бўлса, у даргоҳга биров кирмайди. Демак, ёзилаётган асарнинг масъулияти ҳам катта…

— Ижодкорга илҳом бериб турадиган туйғулар бўлади. Сизни кўпроқ ёзишга нималар ундайди?

— Азиз ва жонажон юртимиз, албатта. Ҳалигача ҳайрат уйғотади, маҳлиё қилади. Турли урф-одатларимизни олинг. Баъзилари бир неча минг йил олисдан дарак бериб туради. Эл кўрган кунлардан сўзлайди. Анъаналаримиз жуда ибратли. Мисол учун, бир оилада чақалоқ туғилса, “топиб олдик” дейишади. “Бир гўдак топувдик, элга дастурхон ёйдик, сиз ҳам бир кириб дуо қилиб ўтсангиз”…

Ҳаёнинг, хулқнинг гўзаллигини қаранг!

Кўришиш ёки дастурхон атрофида ўтириш одобининг ўзиёқ катта бир рисола бўлади: ёши улуғ кекса кишига бошқача, ўрта ёшли одамга бошқача, танигангаю танимаганга, тенгдошга, ўзидан кичикка, момогаю опага яна ўзгача салом берилади. Оилада, дўстлар орасида, улуғлар даврасида ўтириш ёки сўзлаш одоби яна ўзига хос. Ҳаммасининг ўз теран маънолари бор ва ҳаммаси халқнинг донолигидан, жуда қадимдан шаклланиб келган анъаналардан дарак беради. У ҳолда, бугун-чи? Бир томонда урф-одатлар мустаҳкам сақланиб қолиши билан бир қаторда, дунё ва кишиларнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда. Бугунги ўзбек кишисининг руҳияти, орзу-армонлари қанақа? Шу каҳкашон ичра олға интилишга чорлаётган ёруғ ниятлар қайси?

Шунга ўхшаш саволларнинг барига адабиёт жавоб беради, шуларнинг бари асарлар учун мавзу ҳисобланади.

Энг муҳими шуки, мамлакатимизнинг қай гўшасига борманг, ҳамма “Ўзбекистон” деган муҳташам ўзак атрофида жипслашганини кўрасиз. У шунчалар қудратлики, теграмизда биз билан бирга баҳамжиҳат кун кечираётган бошқа миллатларни ҳам қамраб олган. Мисол учун, бир қўшнимиз рус, сал наридаги бошқаси украин. Шулар миллий байрамларимизнинг барчасида иштирок этади, табриклашади, биз ҳам шундай. Ўша қутлуғ ўзак туфайли бепоён Ўзбекистонимизнинг исталган жойида кишилар уйида бир кеча қўноқ бўлиб тунаб кета оласиз. Эл сира бегона тутмайди, “меҳмон” дея топган-тутганини олдингизга қўяди…

Санайверса адо қилиб бўлмайдиган ажойиб фазилатларимиз бор-да. Мушоҳада қилган сайин муҳаббатингиз ортаверади. Ижодкор шундан куч олмаса, қайдан оларди?

 

— Бугунги тезлашиб кетган ахборот сурони китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказди. ёшларимиз чет тилларни билади, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан етарлича хабардор. Кўпроқ виртуал оламда бўлишга интилмоқда. Китобни ҳам Интернетдан ўқишади. Бу,  яхши албатта. Аммо, китоб билан ошно бўлгандаги ҳайратни, унинг қадр-қийматини сезишмайди. Китоб мутолааси ҳақида қарашларингизни  билмоқчи эдик…

— Ҳақиқатан ҳам хавотирли ҳолат. Адабиёт санъат ҳисоблангани ҳолда бир тўда кишилар уни косибликка айлантирганиям бор гап. Энг хавотирли томони — айниқса, ёшлар ҳали теран мазмунли асарларни англай олмайдиган пайтида бўлмағур бир нималарни асар номи остида тиқиштирилишида. Улуғ бобокалонларимиздан бирининг мадраса ҳақидаги гапларини эсладик-ку? Уни замонавийлаштириб, университет десак ҳам натижа ўзгармайди: у воизни бир олий даргоҳ аудиториясида, деб тасаввур қилайлик. Толибларга бўлмағур бирон воқеани ҳикоя қилиб беришини кўз олдингизга келтиринг, ундай бетамиз воизга ҳеч ким боласини ишониб топширолмайди. Яна гап ижодкорнинг билимида, эътиқодида, самимиятида ва эл-юрти олдидаги ҳалоллигида қолаётир.

Бир маҳаллар китоблар тошга ёки ҳайвон терисига ёзилган. Сўнг дарахтдан олинадиган қоғозга ёзила бош­ланди. Бу борада ҳам турфа фикрларни учратасиз. “Ахир дарахт жонли мавжудот, китоб унинг бағрига ёзилмоқда-ку” дейдиганлар ҳам бор. Билганимиз шуки, сизу биз кўниккан қоғозга босилган китоб йўқолмайди. Дунёнинг энг машҳур давлат раҳбарларидан тортиб таниқли кишилар орасидаги ҳурмат ва самимият белгиси ҳали-ҳозиргача китоб бўлиб келмоқда. Ҳа, халқ тафаккурининг бетакрор ҳосилаларини жамлаган китоблар кишиларнинг уйларида, кутубхоналарда яшайверади. Электрон воситалар эса уни янада кўпроқ тарғиб қилиш, тезкор ёки шошилинч шароитда ўқиб чиқиш учун бир восита, холос. Унинг ҳам анча-мунча хусусиятлари бор. Масалан, қисқа муддат ичида минглаб кишиларга етказиб бериш, шарҳлар билан бойитиш, таассуротларни ўртоқлашиш мумкин ва ҳоказо.

Дунё ўзгарди дедик, кишилар тафаккури оламдаги ҳамда юртимиздаги замонавий ўзгаришларга мос равишда кенгайсин, деган эзгу ният ила мутолаа тарғиботига зўр берилмоқда. Бу жуда улуғ иш. Чунки оламнинг энг ривожланган ўлкалари ҳам ўз аҳолисига китоб ўқитолмай ҳалак. Фан ва технологиялар мисли кўрилмаган равишда ривожланган маҳалда инсон маъна­вияти қашшоқлашиб кетаётгани, ҳатто “инсон деградацияси” жараёни рўй бераётгани ҳақида бонг урилмоқда.

— “Генетик” романингиз йилнинг энг яхши асарларидан бири деб топилди. Унинг яратилишига нима сабаб бўлди?

— Бу асар бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган “Биз буюк юрт фарзандларимиз” ҳамда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан биргаликда қурамиз” номли оммавий тадбирлар вақтида бунёдга келди. Ундай тадбирлар нафақат халқ билан ижодкорларни, балки ижод ва илм аҳлини ҳам бир-бирига яқинлаштирди.

“Генетик” — эл-юрт орасида олтин ёмбидай етилган истеъдодли бир болакай ҳақидаги асар. Тоғ ёнбағридаги оддий қишлоқ боласининг ҳаётидан ҳамда билим билан тўйингач, онгида пайдо бўлган саволларга жавоб топишидан ҳикоя қилади. Болалигида “Отам ким, онам ким?” деган болакай улғайгач, “Ўзим кимман?” дея излана бошлайди. Гап халқнинг илдизлари ҳақида кетаётгани аён, албатта. Бобом ким? Аждодим ким? Халқимнинг тарихи қайгача бориб тақалади? Замонавий фан унга шу жавобларни рўпара қилади, билса — тарихи жуда олисларга бориб туташар экан. Гоҳида самода момақалдироқ гумбирлаб, чакин чаққанида, тупроқ орасида олтин ёмбилар пайдо бўлармиш. Тафаккур чақмоқлари чақнаса-чи? У ҳолда эл орасидан ноёб истеъдодлар етишиб чиқаркан. Сиз тилга олган асар мана шу ҳақда.

— Энди халқаро танловларга келсак… Асарларингиз АҚШ, Туркия, Россия ва Беларусь давлатларида бўлиб ўтган халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллаганидан хабардормиз. Бу йил Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган, дунёнинг 37 мамлакатидан 1 минг 100 дан зиёд ижодкор қатнашган “Open Eurasia Literature and Book Forum” фестивалида “Ҳазрати Хизр изидан” асарингиз ғолиб бўлди. Айтинг-чи, муваффақиятлар сири нимада?

— Бундай маросимларда гарчи асарни ёзган киши ёки асар номи эътироф этилса-да, ёзувчидан ҳам кўра ўша халққа қизиқиш ортади. Чунки, ижодкорни ўз халқи тарбиялаб етиштиради. “Ҳазрати Хизр изидан” асари ҳам халқимиз орасида тилдан-тилга ўтиб келаётган Хизр бува ривоятларининг замонавий талқинидан иборат.

Менимча, халқаро мутахассислар наздида жозибали кўрингани — ўзбек бадиий тафаккурининг, дунёқарашининг бетакрорлигида. Ҳазрати Хизр эса инсонлар тақдирини ўзгартирадиган, ўнлаб мушкулларни осон қиладиган, бутун олам излаётган донишманд ва кароматли зот ҳақидаги ўзбекона тасаввурлардан пайдо бўлган асар.

Кези келганида бизнинг назаримиздаги Хизр кимлигини ҳам айтақолай. У авваламбор қиблагоҳ, яъни Отадир. Оёқлари остига жаннат ташлаб қўйилган муштипар Онадир. Турли ўгитлари билан ҳалоллигу тўғриликни ўргатган Бобо, меҳр-шафқат нималигини билдирган Момо, онгимизга эзгу билимларни қуйган Устоз, кўмакка муҳтож маҳалда қаршимиздан чиққан Дўст, хонадонимизда фариштадай бўлиб ўтирган аҳли оиламиз ва қолаверса, бутун орзу-умидларимизни рўёбга чиқаришини жон дилимиздан истаган болаларимиз, яхши-ёмон кунимизда, тўй-маросимимизда елкадош бўлган элимиз-улусимиздир. Шундай деб ўйлайди асар қаҳрамони.

Ўзбек кишисининг теграсида қанчалик кўп одам борлигига диққат қиляпсизми? Энг оддий, хокисор бир кишимизни ҳам камида юз-икки юз киши қуршаб туради. У мана шу зотларга улуғлик ва мубораклик мақомини беради, ҳаётимнинг Хизрлари, деб улуғлайди, олдимдан Хизрдай чиқдинг дея марҳамат қилади. Ҳақиқатан ҳам ўйлаб кўришга арзийдиган мавзу: яна кимлар ҳаётимизнинг, халқимизнинг Хизрлари бўлиши мумкин?

— Суҳбатларингизда “Истеъдод — намоён бўлишни, эътироф этилишни истайдиган мўъжиза”, деб айтган эдингиз. Бугун юртимизда ана шу мўъжизалар бўй кўрсатяптими? ёш ижодкорларимиз, бугунги наср ҳақида таассуротларингизни билмоқчи эдик…

— Тақдирнинг ҳикматлари қизиқ-да. Мисол учун, Султон Шоҳрух Мирзо саройидаги жангу жадал усталаридан Ғиёсиддинбекнинг бир ўғли олий хулқли олим ва шоир бўлиб етишиб, неча асрларки, жаҳонга ўрнак бўлиб турибди. ёки Хоразм канораларидаги Қиёт деган қишлоқнинг боласи бугун Беруний номи билан ёғду сочмоқда. Афшона қишлоғидаги оддий болакай улуғ Абу Али ибн Синога айланди. Темурий авлодларидан яна бир зот дунёнинг энг қудратли давлатини бошқарар экан, олис юлдузларга назар ташлаб, мукаммалликда ҳануз олимлар ҳавас қиладиган “Зижи Кўрагоний”ни яратди…

Бу халқнинг фарзандлари қай соҳага қўл урса, олим бўлиб етишиб чиқаверганини кўрамиз. У салоҳият, у қобилият халқ қонида ҳануз яширин турибди. Шу сабабли бугунимизнинг болалари орасида кучли истеъдод эгалари бор, деб қатъий ишонч билан айта оламиз. Ҳатто ҳар болада бир салоҳият бор, дейдилар. Бугун ёшларга ва маънавиятга эътиборнинг давлат сиёсати даражасида эканлиги ана шу истеъдодларга ишора қилади. Тафаккуримиз, билимимиз, онгимиз ижтимоий ҳаётдан илғорда юрсин деган эзгу ниятдан келиб чиққан сиёсат бу. Фарзандининг турли билимларни пухта эгаллаган, теран тафаккурли, паст-баландни, яхши-ёмонни ўз закоси билан фарқлай оладиган ва энг муҳими, ота-боболарининг анъаналарини қалбида муқаддас тутадиган киши бўлиб етишишини истамайдиган ота-она бўлмаса керак. Бу ўринда ҳамманиг нияти бирлашиб кетганини кўрамиз. Катта-ю кичик, ёшу қари, давлату халқ шуни истайди. Барчанинг бир мақсад теграсида жипслашиши ноёб ҳодиса.

Адабиётга келсак, у ҳам шу жараён ичида, албатта. Ўзбек кишиси бугун ўзи билан дунёни таққослаб улгурди, шунинг баробарида ўз халқининг қанчалар улуғ, қанчалар бетимсол эканини ҳам билди. Кўкси тоғдай кўтарилди, бундан буёғига нима қилишимни энди яхши биламан, деб рўй-рост кўкрак кериб турибди.

Китоб адолат нималигини, садоқату хиёнат, Ватан, миллат, халқ не эканини бадиий равишда, инсонлар тақдири орқали тушунтиради. Образлар воситасида кўрсатади, онгга ўйгандек қилиб қўяди. Энди қаранг: гуркираб ривожланаётган ва ёшларининг эртасини ўйлаётган давлат — бир устунимиз, урф-одатлару анъаналаримиз — иккинчи, бой тарихимизу муҳташам маънавий хазиналар учинчи устунимиз… Янгиликка ташна тафаккур-чи, ҳаёт кечиришнинг ўзбекона тарзи-чи? Буларнинг бари келажакнинг энг кучли адиблари, олимлари шу халқ орасидан етишиб чиқади, деб ишонишга қатъий асос бўлади, албатта.

Чунки кеча билан бугун ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Кеча кишиларни кун кечириш заҳмати бирлаштирган бўлса, бугун Ватан келажаги, эртанги куннинг орзу-умидлари бирлаштириб турибди. Бу — юртимизнинг, ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг истиқболидир. Ижод ҳам шундай. Кечаги кунларда у халқ заҳматини, кўргиликларни имкон даражасида ифодалаб келган бўлса, бугун илҳомлантирувчидир. Ўзбекис­тонимизда эса айнан мана шу тикланиш, мана шу илҳом жараёни барқ урмоқда.

“Milliy tiklanish” мухбири
Эркин ДОРИПОВ суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг