Тиббиёт асбоб-ускуналари экспорт қилинмоқда

0
53

Халқимизда касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши, деган нақл бор. Уни вақтида аниқлаш, даволаш, инсон саломатлигини доимий назоратда тутиб туриш, ҳеч шубҳасиз, замонавий тиббий асбоб-­ускуналарга боғлиқ.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда халқимизнинг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугун юртимизда ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар қатор хориж давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Бунда Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

— Одамларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-
ускуналар ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дей­ди Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси раиси Отабек Жиянбоев. — Чунки шифокор қанчалик малакали ва салоҳиятли бўлмасин, тиббий асбоб-ускуналар замон талабларига жавоб бермас экан, бемор у кўрсатган хизматдан рози бўлмайди, даво топмайди. Мазкур уюшманинг ташкил топиши ҳам ана шундай талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан, десак, муболаға бўлмайди.

Уюшма шу кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва қозоғистонлик ҳамкорлари билан меморандумлар имзолаган. Бу эса юртимизда ишлаб чиқарилаётган тиббиёт ускуналарини хорижга кенг кўламда экспорт қилишга имкон яратади.

Уюшма бугунги кунда юртимиз тиббиёт соҳаси учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни хориждан олиб келиш, буюртмачиларга етказиб бериш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тиббиёт буюмларини чет элга экспорт қилиш билан шуғулланмоқда. Айни пайтда, яқин истиқболда ҳал қилиш учун кенг салоҳиятга эга бўлган соҳани ривож­лантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
    “Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг