Сайловолди ташвиқоти қизғин паллада

0
38

Айни пайтда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига шу йил 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнига тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётир. Сиёсий партиялар ҳамда депутатликка номзодлар  сайловолди ташвиқот тадбирларини юқори босқичга олиб чиқмоқда. Бу жараёнда депутатликка кўрсатилган ҳар бир номзод яратилган шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланишга интиляпти.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демо­к­ратик партиясидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига кўрсатилган номзодлар пойтахт туманлари равнақи, фуқароларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи, интилиш ва хоҳишларига мос вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Айни кунларда улар ўз сайлов округидаги сайловчилар билан учрашиб, фуқароларни партия позицияси, сайловолди Платформаси ҳамда ўз сайлов­олди дастурлари билан таништирмоқда.

1-Ҳасанбой сайлов округидан халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашига ЎзМТДПдан кўрсатилган номзод Ойбек Ҳазратов тумандаги “Шарқ юлдузи”, “Ҳасанбой” маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан учрашди. Учрашув давомида номзод партия сайловолди Платформасига асосланган ҳолда ўз сайловолди дас­турида илгари сурилаётган мақсад-вазифалар хусусида сайловчиларга батафсил маълумот берди.

Номзод туман иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш, ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, уларни қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилиб, ҳудуддаги ишсизлик муаммосини бартараф этишга хизмат қилади. Ишлаб чиқариш муассасалари фаолиятини кенгайтириш, айниқса, партия дастурий вазифаларига мос равишда ёшлар бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшларни мақсадли фаолиятга жалб этишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, номзод ҳунарманд, тадбиркор йигит-қизларга ўз фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши билан боғлиқ масалаларга кўмаклашишни илгари сурмоқда.

Ўз навбатида, сайловчилар ўзларини ўйлантираётган муаммолар, ҳудуддаги мавжуд масалалар юзасидан номзодга мурожаат қилдилар.

— Ҳудудимизда аҳоли, жумладан, мактаб, мактабгача таълим муассасаси ва касб-ҳунар коллежларига қатнайдиган фарзандларимиз сони кўп, — дейди сайловчи Дилсўз Зойирова. — Шу боис ҳудуддаги мавжуд таълим муассасалари барча ўғил-қизларимизни қамраб ололмайди, улар узоқроқ ҳудуддаги таълим масканларига қатнашига тўғри келмоқда. Бошқа туманлардаги таълим масканларига қатнайдиган фарзанд­ларимиз учун эрталаб ва кечқурун автобуслар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

30-Қўйлиқота сайлов округидан халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига ЎзМТДПдан кўрсатилган номзод Васила Файзиева Қўйлиқота ва Баротхўжа маҳаллалари сайловчилари билан учрашди. Унда аввало, юртимизда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, ушбу саъй-ҳаракатлар юртимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.

— Мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадрият, урф-одат ва анъаналар ҳамда тарихий меросимизни асраб-авайлашга кўмаклашиш партия сайловолди Платформасида белгиланган устувор вазифалардан ҳисоб­ланади, — деди учрашувда В.Файзиева. — Ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, халқ амалий санъати мактабларини ривожлантириш, ҳунармандларнинг самарали фаолияти учун зарур шароит ва имкониятларни янада кенгайтиришимиз лозим. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлик натижасида яратилаётган ноёб санъат асарларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш партиянинг асосий мақсадларидан саналади. Мақсадим — партиянинг “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш орқали фуқароларимизда миллий ўзликни англаш, қадрият ва анъаналаримизни
эъзозлаш каби туйғуларни мустаҳкамлашга хизмат қилишдир.

Депутатликка номзод учрашувда таъкид­лаганидек, музейлар ёшлар тарбия­сида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу маънавият масканлари ёшлар қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаш, уларда умуммиллий бирдамлик, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, маънавий етуклик каби фазилатларни камол топтириш, фарзандларимизни турли таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Шу боис туман ҳудудида жойлашган музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда реконструкция қилиш, моддий техник-базасини янгилаш, уларнинг фондини экспонатлар билан янада бойитиш ва ёшларни уларга кенг жалб этиш ишларига кўмаклашиш номзоднинг устувор мақсадларидан бири сифатида қайд этилди.

7-Ёнғоқ сайлов округидан халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига ЎзМТДПдан кўрсатилган номзод Муниса Абдураҳмонова Абдулла Қодирий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учрашди. Учрашув самимий, очиқ-ошкора руҳда ўтди. Унда депутатликка номзод партия Дастурига асосланиб амалга оширмоқчи бўлган ишларини аниқ мисоллар асосида сўзлаб берди.

— Мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган кенг қамровли изчил ислоҳотлар самарадорлигини, мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида таълим сифатини юксалтириш, ёшларнинг дунёқараши, билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратишни режалаштирганман, — деди М.Абдураҳмонова. — Чунки касбим нуқтаи назаридан ҳам ушбу соҳадаги долзарб масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммолар, ота-оналар, педагогларнинг хоҳиш-истаги, мақсад-муддаоларини, ёшларнинг беғубор орзу интилишларини яхши биламан. Сайловчилар ишончини қозониш, уларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш даражасини янада оширишга бор куч ва меҳнатимни сафарбар қиламан.

Учрашувда юртимизда кечаётган ўзгариш­лар жараёнида мактаб таълимига доир ислоҳотлар алоҳида ўрин эгаллаши, айни ислоҳотлар манзилли, мамлакатимизда белгиланган миллий қонунчиликка таянилиб қатъий олиб борилаётгани таъкидланди. Номзод учрашувда ҳозир бўлган сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди, уларнинг таклиф ва тавсиялари билан танишди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига ЎзМТДПдан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг