Замонавий мамлакатга замонавий технологиялар ярашади: ёхуд “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамиятининг эски “янгилиги” хусусида

0
50
…Бекатда матбуот анжуманига бориш учун автобус кутиб турибман. Аксига олиб бекатдаги автобус келиш вақтини кўрсатиб берувчи табло ҳам ишламаяпти. Катта-катта ҳарфлардаги “Еrror” ёзувини кўриб кайфиятим тушди. Кутилган улов чамаси ўн дақиқа ўтиб етиб келди. Тез чиқиб олдим. Қарасам, яна чиптачи йигит. Олд эшик томондан бир қўлида ўрамли чипта, иккинчи қўлида тахлам пул билан “қани, чиқ…”, деб йўловчиларни бирма-бир “назоратдан” ўтказиб келяпти.

Бу чиптачини анчадан бери танийман. У аввал бошда “қани, бу ёқдан чиққанлар, чипта олволамиз-а”, дерди. Вақт ўтиши билан бир гапни такрорлайвериб зерикди, шекилли, қисқагина қилиб, “қани, чиқ…”, дейдиган бўлди.

Йўловчилар ҳам ўрганиб қолган: бу чала гапга ортиқча парво қилмай йўл  ҳақини узатади. Чиптачи орқа эшикка етиб келгунича таниш бино — Миллий матбуот маркази ҳам кўриниб қолди. Тушаётиб йўлҳақига ўн мингталик узатдим. Бекатда тўхтаган автобус чиптачи қайтим узатгунича кутиб турди. Автобусдан тушдиму, бино томон югурдим. Борсам, тадбир аллақачон бошланиб бўлган экан…

Очиғи, автобуснинг келиш вақтини кўрсатиб берувчи мобиль илова ва автоматлаштирилган электрон тўлов тизими ҳақида кўпдан бери ёзмоқчи бўлардиму, негадир, ҳеч қўлим бормасди. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаб­лари ҳам бор. Энг аввало, мени бу фикрдан “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамият мутасаддиларининг жамоат транспортларида яқин вақт ичида электрон тўлов тизими жорий этиши ҳақидаги хабарлари қайтарар эди. Ташкилотнинг ўша куни ўтказган матбуот анжуманида иштирок этдиму, анчадан бери ортга суриб келаётган ишимни поёнига этказишга жазм қилдим.

Ушбу анжуман жорий йилнинг октябрь ойи адоғида бўлган эди. Унда пойтахт жамоат транспорти фойдаланувчиларини хурсанд қиладиган кўплаб янгиликлар айтилди. Хусусан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ мутасаддилари йўловчиларга яратилаётган қатор қулайлик ва янгиликлар ҳақида сўз юритиб, “Near Field Communication” — яқин масофадаги алоқа тизимидаги тўлов хизматини “Uzmobile” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириши ҳақида маълумот берди. Лойиҳанинг илк синови 2018 йилнинг ўрталарига мўлжалланган экан.

Биринчи босқичда автобус ва метро, кейин­роқ такси хизматида ҳам ана шундай тизим жорий этиладиган бўлибди. Ўйлаб қолдим: ахир бу хабар нечанчи марта такрорланаяпти?

“Суғур куни” фильми ёдимга тушди-ю, “тушунарли” дегандек бош чайқаб қўя қолдим. Энди бу “янгилик”нинг тарихига назар солинг.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бу “янгилик” ҳақида илк бор 2014 йилнинг 6 июлида хабар тарқатган эди. Хабарда яқин кунлар ичида автоматлаштирилган тизим имкониятидан смартфондаги илова воситасида фойдаланиш тизими йўлга қўйилиши ҳақида сўз борганди. Ўшанда мутасаддилар айни пайтда Ҳукуматнинг 2013 йил ноябрь ойидаги жамоат транспортидан фойдаланиш ва унинг сифатини ошириш борасидаги ҳужжати асосида лойиҳанинг техник ишланмалари устида иш олиб борилаётгани тўғрисида маълумот келтирилган эди.

Кутдик, амалга ошмади. Бу электрон тўлов тарихининг ибтидоси эди.

Шундан сўнг 2015 йилнинг 16 январида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ келгуси икки йил ичида смарт-карт ёрдамида ишлайдиган тўлов тизимини яратишини эълон қилди. Хабарда айтилишича, автобусларда ушбу тизимни жорий этиш учун атиги 3-4 ой муддат талаб қилинар экан.

Яна кутдик, яна амалга ошмади.

2015 йилнинг 10-12 июнь кунлари ўзбек-француз ишбилармонлари форумида иштирок этган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ вакили яна соҳада келажакда бажарилиши кутилаётган лойиҳалар ҳақида гапира туриб, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар йўловчи ташиш хизматида автоматлаштирилган тўловни амалга ошириш тизими жорий этилиши ҳақида маълумот берди.  Унга кўра, мазкур тизим 2016 йилгача жорий этилиши керак эди. Лойиҳа 2013 йил 9 октябрда имзоланган “Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори асосида амалиётга жорий этилиши таъкидланган.

Кутишда яна давом этдик. Чет эллик ишбилармонлар гувоҳлигида берилган ваъда ҳам адо этилмади.

Кейин ҳам босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида шунга ўхшаш хабарлар бот-бот такрорланди.  Лекин натижадан ҳамон дарак йўқ эди.

— “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамияти таркибига кирувчи автобусларнинг йўлкира ҳақини электрон тизимга ўтказишда, энг аввало, чет эл таж­рибасини ўргандик. Айни пайтда бу борада, асосан, маҳаллий дастурчиларимиз билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз, — дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акционерлик жамиятининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлими бошлиғи Ўткир Аюпов. — Автобуслар учун йўлкира ҳақининг электрон тўлов тарзида амалга оширилиши ва бунинг қулайликлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига маълумот тақдим этдик ва бу ижобий баҳоланди. Ҳозирда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан мана шу технологияни жорий этишни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Янги тизим пойтахт автобусларига қарор лойиҳаси тасдиқланганидан сўнг жорий этилади. Ҳозирда эса “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли айрим автобусларда электрон тўлов тизими синов тариқасида ўрнатилган.

Замонавий ахборот технологиялари бугунги кунда мамлакатимизнинг барча соҳасида кенг қўлланилмоқда. Қайси тармоққа мурожаат қилманг, аҳоли ва соҳа вакиллари учун яратилган қулайликдан кўнглингиз ёришади. Биз учун куни кеча катта янгилик бўлган компьютер дастурлари ва технологиялар бугун ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Мобиль телефонимиз кундалик ҳаётни енгиллаштирувчи дастурлар билан тўла. Аввал коммунал тўловлар учун соҳа ходимлари эшик тақиллатиб келган бўлса, бугун бундай оворагарчиликнинг ҳеч ҳожати йўқ. Тўлов ва пул ўтказмаларни уйингизда ўтириб ҳам амалга оширишингиз мумкин.

Бундай янгилик ва қулайликлар, албатта, пойтахт жамоат транспорти соҳасида ҳам жорий этилмоқда. Хусусан, автобуснинг ҳаракатланаётган жойи, вақтини тўғри ва аниқ кўрсатиб берувчи “ТashBus” мобиль дастури, унинг фаолиятини ифодаловчи бекатлардаги таблолар фикримизга далил бўлади. Аммо телефонингиз ёки бекат таблосидаги маълумотларга қараб, у кўрсатган вақтда етиб келган автобусга чиқасизу чиптачининг “қани, чиқ…”, деган гапидан кейин бирдан кайфиятингиз тушиб, ўзингизни 1913 йилга тушиб қолгандек ҳис этасиз. (Илк бор ўша йили жамоат транспортида мана шундай тўлов тизими жорий этилган эди).

Бу билан барча чиптачи йўловчиларга совуқ муомала қилади, деган фикрдан йироқмиз албатта. Масалан, яқинда Facebook ижтимоий тармоғининг “Потребитель.уз” гуруҳига жойлаштирилган бир ҳавола кўпчиликнинг эътиборини тортди. Хабарда айтилишича, пойтахтимиздаги 5-автобус саройига қарашли автобус чиптачиси Шуҳрат Шертоев кекса ёшли йўловчи онахоннинг қистовига қарамасдан ундан йўл кира олмаган. Унинг: “Керак эмас, биз бугун онахонлардан йўл ҳақи олмаймиз”, деган гапи ўн мингдан ортиқ лайк (мавзуга билдирилган илиқ муносабат) йиғиб, 80 минг марта кўрилди, қарийб мингта изоҳга сабаб бўлди. Гуруҳдаги жами фойдаланувчиларнинг қарийб саккиз юз нафари чиптачига раҳмат айтган. Автопарк раҳбарияти эса уни рағбатлантирган.

Мабодо чиптачиси йўқ (асосан “Isuzi” русумли) автобусга чиқиб қолсангиз борми, унинг орқа томонида ўтирган бўлсангиз, урилиб-сурилиб, ўзингиз ва кўпчиликка ноқулайлик туғдирган ҳолда олд эшикка қараб ҳаракатланасиз. Ҳайдовчи чиптангизга ҳам ишонмай, ҳам ёқтирмайроқ қарайди. Бундан кўра нақд пул бўлгани яхши-да. Ана шундан кейин бир амаллаб тушиб оласиз-да, кийим-бошингизни тўғрилаб, эзғиланган оёқ кийимингизни тозалаб, иш-ўқишингизга равона бўласиз. Буни замонавий дунёда ҳеч бўлмаса ярим-бир соатлик “тарихга қайтиш”, деб аташ мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: хўш, йўлкира тўлов тизимига дунёнинг кўплаб мамлакатлари транспортида қўлланиладиган ахборот технологияларини жорий этиш бизга қандай наф беради, унинг афзаллик томони нимада? Бу орқали биз, энг аввало, қуйидагиларга эришишимиз мумкин: қатновнинг анча қулай ва хавфсиз бўлиши, шаҳар бюджетининг аҳамиятли тарзда ошиши, транспорт паркларини янгилаш, автобус, метро, йўналишли такси ва эҳтиёт қисмлар сотиб олиш учун маълум миқдордаги қўшимча маблағга эга бўлиш, йўналишлардаги йўловчилар сони ва тоифасини аниқ билиш ҳамда ундаги транспорт сони ва жадвалини тўғри бошқариш, соҳадаги коррупция ҳолатини камайтириш. Шунча қулайлик ва янги имкониятлар эшигини очиб берувчи технология соҳага нима учун ҳануз жорий қилинмаётгани, албатта, ҳар қандай кишида таажжуб уйғотади.

Дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, мобил алоқа асосидаги симсиз тўлов тизими Испания, Исроил, АҚШ, Янги Зеландия, Хитой ва Чехияда муваффақиятли тарзда ишламоқда. Баъзи мамлакатларда мавжуд бўлган вақтбай чипталар ҳам йўловчилар учун анча қулай. Ҳатто бир кунлик, бир ҳафталик, ўн кунлик чипталар жорий этилган. Айрим мамлакатларда эса жамоат транспорти учун тўловни мобил хабар орқали амалга ошириш мумкин.

— Автобусларда йўлҳақи тўловини электрон тарзда амалга ошириш тизимини кенг жорий этиш бугунги кундаги энг муҳим вазифаларимиздан бири, — дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш гуруҳи раҳбари Абдурашид Тўлаганов. — Бу тўлов тизимини жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб Андижон шаҳридаги 150 автобусда синаб кўришни бошлаган эдик. Бугунги кунда Гулистон шаҳридаги 10 автобусда синов тариқасида валидатор ўрнатилди. Булар амалда ўзининг ижобий натижасини бера бошлади. 2018 йилда йўл ҳақининг электрон тўлов тизимини бутун республика бўйлаб кенг жорий этишни мақсад қилганмиз. Автобус ва микроавтобусларда йўловчилар ташишни амалга оширишнинг марказлаштирилган ҳолда мониторингини олиб бориш ҳам бугунги кун талабларидандир. Шу мақсадда Гулистон шаҳрида 60, Андижон шаҳрида 142, Фарғона шаҳрида 108 автобусга пилот лойиҳаси доирасида онлайн режимида масофадан кузатиш тизими — GPS трекерлари ўрнатилди.

Биз сувни кўрмай этик ечмайдиган халқмиз. Аввал яхшилаб синовдан ўтказамиз, текширамиз, сўнг амалиётга жорий этамиз. Бу, албатта, яхши. Аммо дунё мамлакатлари  тажрибасидан аллақачон ўтган ва яхши самара бераётган шундай тизимлар мавжудки, уни чўзиш ёки ниманидир кутиш йўқотишдан бошқа нарса эмас. Чунки уларда кенг қўлланилаётган мобиль телефон, пластик карта, кредит карталарнинг барчаси бизда ҳам амал қилмоқда.

— Ишга ҳар куни автобусда бориб келаман, — дейди йўловчи Севара Нуриддинова — Чиптачининг қайтим қайтариши ҳар гал муаммога айланади: ҳам кўп вақтни олади, ҳам қайтимга майда пул топилмай қолади. Бир минг беш юз сўм пул берсангиз, юз сўмлик “топилмаслиги” важидан икки юз сўм қайтаради. Шунинг ўзи ҳам  бир томондан сизни хижолатга қўйса, иккинчидан бир ойда анча-мунча пулнинг бекорга сарф бўлишига олиб келади.

Тўловнинг автоматлаштирилиши бугунги кун зарурати ҳамдир. Чунки бугун кўпчилик одам ойлик маошининг ярмидан кўпини нақдсиз кўринишда олади. Шундай экан, электрон тўлов тизими аҳолига ҳам қулайлик, ҳам замонавийлик тақдим этади. Фикримизни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти сайтига жойлаштирилган “Автоматлаштирилган йўлкира тўлаш тизими шаҳримиз автобусларида керакми?” деган сўровномага иштирокчиларнинг 79,7 фоизи “албатта, керак”, деб жавоб бергани ҳам тасдиқлайди.

Эътиборингизга яна бир маълумотни тақдим этсак-да, фикримизни ойдинлаштириб олсак. Тошкентдаги автобус хизматидан фойдаланган йўловчилар статистикаси йиллар кетма-кетлигида қуйидаги кўринишни ҳосил қилган:

2014 йилда — 312 130 000 йўловчи;
2016 йилда — 205 891 900 йўловчи;
2017 йилда — 109 992 900 йўловчи (биринчи ярим йиллик ҳолати бўйича).

Кўриб турганингиздек, натижа ўсиб бориш ўрнига қуйига қараб оғиб бормоқда. Ўтган икки йил ичида эса шаҳар аҳолиси мунтазам равишда ўсиб борган. Йўловчилар эса, аксинча, ўтган вақт мобайнида негадир юз миллион кишига камайиб кетган.

Хўш, бу нимани ифодалайди?

Бу аҳолининг “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хизматидан қониқмаслиги, шу боис ўзларига бошқа қулай қатнов туридан фойдаланаётганидан далолатдир. Тасаввурни бойитиш учун юз миллионни ўртача минг сўмга кўпайтиринг ва акционерлик жамияти бой берган юз миллиард сўм маблағ эвазига соҳани қанча тараққий эттириш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қоласиз. Бу маблағ қандай имконият ва янгидан янги қулайликлар тақдим этиши ҳақида эса юқорида айтиб ўтган эдик.

Баъзан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга қарашли корхоналарнинг автобус йўналиш­ларида йўловчилар оқимининг текширувдан ўтказилаётганига гувоҳ бўламиз. Рости, бу қандай натижа бергани ва қандай чоралар кўрилганини на аҳоли, на бошқа биров билади. Транспортлар эса деярли ўша йўналиш бўйича қатновни давом эттираверади. Қўшимча транспортга эҳтиёжи бор йўналишларда ҳам, автобуслар сонини камайтириш ҳеч қандай салбий натижа бермайдиган йўналишларда ҳам аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.

Таёқнинг икки учи бўлганидек, ҳар бир янгилик ва техниканинг ҳам қулай, ҳам ноқулай томони бўлади. Қолаверса, тўловнинг электронлашуви муайян маблағни ҳам талаб этади. Бунинг учун катта миқдорда турникет, ҳисобловчи қурилма, дастурий таъминот сотиб олиш зарур. Иккинчи томондан вақт тиғиз пайтида одамларнинг транспортга чиқиш сурати бироз секинлашиши мумкин. Бу, албатта, энг аввало, ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ жараён. Балки шу орқали ҳам ўзимизга хос навбатда туриш маданиятимизни бироз бўлса-да, ошириб олсак, ажаб эмас. Ҳар нима бўлганда ҳам янги технология бугунги кундагидан анча яхши натижани бериши, шубҳасиз.

Тўловнинг электронлаштирилган тизими жорий этилса, йўловчилар оқими ҳақидаги аниқ ва холис маълумотга эга бўлиш, шаҳар жамоат транспортидаги энг оптимал йўналишлар бўйича иқтисодий жиҳатдан ўринли вақт оралиғида ҳаракатланиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Шунингдек, ҳар бир йўловчининг тизимдаги автоматлашган тўлови ҳисобга олиниши натижасида ташув йўналиши ва вақти бўйича йўловчилар сони ва тоифасининг реал таҳлилини олиб бориш имкониятини ҳам қўлга киритиш мумкин. Бундан ташқари, “Тошшаҳартрансхизмат”нинг ҳар бир йўналишидан олинаётган даромад бўйи­ча аниқ тасаввур уйғонади. Шунда транспорт аҳволи ҳақида субъектив эмас, балки ишончли ахборотга эга бўлинади ва соҳани такомиллаштириш бўйича ҳар томонлама мулоҳазали қарорлар қабул қилинишига замин яратилади.

Мухтасар айтганда, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ анча пайтдан буён пайсалга солиб келинаётган ишни амалиётга татбиқ этиш керак. Бу мамлакатнинг нафақат иқтисодиётига, балки маданий қиёфасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Туристик салоҳияти кун сайин ўсиб бораётган юртимизга мана шундай янги ва замонавий технологиялар зарур. Кези келса, мамлакатнинг замонавий қиёфаси, туристик имконияти, аҳолига яратиб берилган қулайликлари шу каби технологияларда акс этади.  “Tashkent City”дек халқаро бизнес марказлари қад кўтара бошлаган шаҳар, Марказий Осиёнинг юраги бўлган диёр, ўтмиш ва бугуни гўзал, бетакрор гўшаларида акс этган она Ватанимизга ақлли технологиялар ярашади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг