Парламент демократия мактабига айланиши лозим

0
48

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси,

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш борасида аниқ таклиф ва устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган “Мустақиллик ва миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривож­ланиши” мавзусидаги конференция ана шу устувор мақсад-вазифалар ижросига бағишланди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар раҳбарлари маъруза қилиб, парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш, қонун ижодкорлиги ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда депутатларнинг амалий иш ва ташаббускорлигини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳаза билдирди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Саидов миллий парламентнинг шаклланиш тарихи борасида маъруза қилди.

— Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш — узоқ давом этадиган мураккаб жараён бўлиб, унда қонунчилик ҳокимиятини шакллантириш ва уни муттасил такомиллаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга, — деди А.Саидов. — Ўзбекистонда миллий парламентнинг шаклланиши давлат мустақиллиги билан узвий боғлиқ. Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ давлат қурилиши, конституциявий тузумни тубдан ўзгартириш ва янгилаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга йўналтирилган туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистонда профессионал парламентаризмга ўтишда мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва муайян институционал ўзгаришларга таянилди. Унинг илк босқичи 1991–1994 йилларни ўз ичига олади. Ўша вақтдаги Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Олий Кенгаши мамлакат Конституциясини қабул қилиб, давлат бошқарувининг принципиал жиҳатдан янги органларини ташкил этиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш, адолатли демократик жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асосларини яратди. Бу жараёнда биз илғор хорижий давлатлар тажрибасидан ўзимизга керакли жиҳатларини ўрганиб, амалиётга жорий қилдик. Шу кунга қадар миллий парламентимизда 16 кодекс, 12 конституция­вий қонун ҳамда 700 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди.

Таъкидланганидек, парламентнинг вазифаси қонунлар қабул қилиш, сайловчилар манфаатларини ифодалаш ва уйғунлаштириш, жамиятда сиёсий устуворликларни муҳофаза қилиш ва белгилаш ҳамда ҳокимиятнинг ижро этувчи органлари фаолиятини назорат қилишдан иборатдир.

Конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов маъруза қилди.

— Давлатимиз раҳбари парламент, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида фао­лиятимизни танқидий-таҳлилий баҳолаб, олдимизда турган долзарб масалалар юзасидан аниқ таклиф ва устувор мақсад-вазифаларни белгилаб берди, — деди
С.Отамуратов. — Президентимиз билдирган асосли танқидий фикрларни таҳлил қилиш асносида бу борадаги ишларимизни ҳақиқатдан ҳам юқори босқичга кўтаришимиз, янги ташаббуслар билан чиқишимиз, мавжуд ваколат ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз зарурлигини англадик. Маърузада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фаолият самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш, партия сайловолди Платформасида илгари сурилган мақсад-вазифаларни сифатли амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бунда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.  Ундан кутилган асосий мақсад — одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат. Бу жараёнда сиёсий партиялар ва депутатлар ўз вазифа ва ваколатига масъулият билан ёндашиши, аҳоли билан доимий ва самарали мулоқотни йўлга қўйиши, ишлаб чиқиладиган қонунлар одамлар манфаати, юрт равнақи, жамият ва халқ фаровонлиги учун  хизмат қилишига эътибор қаратиши талаб этилади. Қабул қилинадиган ҳар бир қонуннинг халқчиллигини таъминлаш, унинг ижросини назорат қилиш депутатлар фаолиятининг устувор вазифасига айланиши лозим.

Бугун ЎзМТДП тизимида тадбирлар ташкил этиш кескин камайтирилиб, самарали ғоя ва лойиҳаларни амалиётга жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, партиянинг “Хизмат — беминнат”, “Уйма-уй” лойиҳалари доирасида партия ташкилотлари ва депутатлар аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг бандлиги ва саломатлигини таъминлашга кўмак­лашмоқда.

Конференцияда депутатлар давлатимиз раҳбари жаҳон парламентаризми амалиётига креатив янгилик — ҳар ойда депутатлар муайян тумандаги ҳақиқий аҳволни ўрганиши, унинг якунларини халқ депутатлари туман Кенгашида парламент палаталари раҳбарлари иштирокида муҳокама этиш ва амалий қарорлар қабул қилишни жорий этганини алоҳида эътироф этдилар. Жаҳон амалиётида учрамайдиган бундай механизм халқимизнинг хоҳиш-иродасини қонунларда ва Давлат дастурларида акс эттириш имкониятини бермоқда. Шунингдек, одамларнинг парламентга ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришларга ишончини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,

“Milliy tiklanish”  мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг