“Туризм ривожига ҳисса қўшамиз”: хўжайлида мазкур шиор остида ёшлар форуми ўтказилди

0
44

ЎзМТДП  Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хўжайли туман кенгашлари, “Ҳунарманд” уюшмаси, туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ҳамкорлигида Хўжайли транспорт касб-ҳунар коллежида “Хўжайлида туризм ривожига ҳисса қўшамиз” шиори остида ёшлар форуми ўтказилди.

Мазкур форумни ташкил этишдан кўзланган мақсад — Хўжайли туманининг туристик салоҳиятини кенгайтириш, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар тарихини чуқур ўрганиш ҳамда ота-боболардан мерос бўлиб, халқ орасида сақланиб келинаётган миллий ҳунарманд­чилик намуналари билан танишиш ва уларни аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат.

— ЎзМТДП сайловолди Платформасида мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билиш ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш каби мақсад-вазифалар илгари сурилган, — дейди ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Тожибой Романов. — Шундан келиб чиққан ҳолда партия туризм халқимизнинг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши йўлида самарали хизмат қилади, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туризмнинг ўрни ва аҳамиятини тарғиб этади. Шу боис партия томонидан ана шундай мақсадга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ёшлар форуми доирасида туманнинг иқтидорли ва ҳунарманд ёшлари тайёрлаган миллий либослар, каштачилик намуналари, миллий қўғирчоқлар, тасвирий ва ёғоч ўймакорлиги санъати, ҳунармандлик буюмлари, миллий таомлар, турли миллат вакилларининг миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар туризмни ривожлантириш бўйича бизнес лойиҳалар, шу билан бирга ҳудуд ёшлари эришган ютуқлар билан таништирилди.

Форумда Хўжайли транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг “Менинг бизнес лойиҳам” тақдимоти, туман ёшлари томонидан тайёрланган бадиий чиқиш­лар намойиш этилди.

— Бугунги ёшлар форумида туризмни ривожлантириш бўйича ўз бизнес лойиҳам билан иштирок этдим, — дейди Хўжайли транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шоира Мўминбоева. — Чунки туманимизда бутун дунёга машҳур бўлган Миздаҳкан тарихий археологик комплекси ва бошқа тарихий объектлар салоҳиятидан фойдаланиб, партия туман кенгаши билан қатор ишларни амалга оширишни режалаштирдик. Лойиҳалардан ушбу маданий мерос объектларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризмни ривожлантиришда ёшлар фаоллигидан фойдаланишга қаратилган вазифалар ўрин олган. Бундай бизнес лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши туманимизда туризм соҳасининг ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Гулнара НУРИМБЕТОВА,
ЎзМТДП Хўжайли туман кенгаши
Ижроия қўмитаси етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг