Ёшлар бандлиги таъминланмоқда: ЎзМТДП ташкилотларининг навбатдаги сайёр қабули шу мақсадга қаратилди

0
69

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкил этаётган сайёр қабуллар одамларни қийнаётган муаммоларга жойида ечим топиш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Юзма-юз мулоқотларда аҳолини узоқ вақтдан буён ўйлантириб келаётган, ҳудудда мавжуд муаммолар ўз ечимини топиб, ёшлар бандлиги таъминланиб, аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Бу аҳолининг ЎзМТДПга бўлган ишончи ошишига хизмат қилаётир.

Конимех ва Қизилтепа туманларида бўлиб ўтган сайёр қабулларда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари, партия ташкилотлари ходимлари иштирок этди.

Сайёр қабулда Конимех тумани 6-умумтаълим мактаби жамоаси ўқувчи ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабда спорт тўгаракларини ташкил этишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат ўрганилиб, жамоатчилик фикри инобатга олинди — спорт тўгараклари ташкил этиш учун зарур чораларни кўриш, бу ишга ҳомийларни ҳамда малакали спорт мураббийларини жалб қилишга келишиб олинди.

Бахтиёр Сердалиев ўн йил мобайнида кончилик саноати соҳасида фаолият юритган. 2016 йилда ишдан бўшаган. Аммо 3 ойлик иш ҳақини ҳанузгача олгани йўқ. Боз устига айни пайтда ишсиз. Сайёр қабулда фуқаро ойлик иш ҳақини ундириш ҳамда ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлашда кўмак беришларини сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат ҳам ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Конимех туманидаги 2-қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг темир йўл йўналишини тамомлаган Ўрозали Усмонов ҳам ҳали ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмаган. Унинг мурожаати юзасидан туман бандликка кўмаклашиш марказига депутатлик сўрови юборилди.

Конимех туманидаги Балақарақ овулида яшовчи Гулойим Унбетбаева фарзанди Ербол Қиронбоев айни пайтда Навоий давлат педагогика институтининг 4-босқич талабаси эканлиги, ўқув-амалиётини ҳудуддаги 6-умумтаълим мактабида ўташ учун ҳамда келгусида ушбу масканда ишга жойлашишда амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат юзасидан ҳам кўмак бериладиган бўлди.

Очиқ мулоқот давомида партия вакилларига маҳалла фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини кенгайтириш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Қизилтепа туманидаги маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Ойдин Муродова ўз маблағи эвазига туман марказидан гўзаллик салони очмоқчи эканлигини айтиб, бунинг учун амалий ёрдам сўради. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига партиядан сайланган депутат Машҳура Каримова мазкур мурожаатни шу жойнинг ўзида ўрганди. Натижада, туман ҳокимлиги кўмагида бўш турган бинолардан бири тадбиркор қизга ижарага олиб берилди.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудимизда сайёр қабул ташкил этгани кўплаб ечимини кутаётган муаммоларнинг ҳал этилишида айни муддао бўлди, — дейди Тавоиз маҳалласида яшовчи Носир Чориев. — Ўзим коллеж талабасиман. Ўқишни тамомлагач, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчиман. Бунинг учун банкдан кредит олишни режалаштиряпман. Сайёр қабулда мана шу масалани ҳал этишга ёрдам беришларини сўрадим. Мурожаатим депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Менга кредит ажратиладиган бўлди.

— Мамлакатимизда аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда, — дейди ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов. — Бугунги сайёр қабулда кўплаб мурожаатларни ўргандик. Уларнинг аксарияти бандлик ва кредит олиш юзасидан кўмаклашишга оид бўлди. Очиқ мулоқотда аҳоли мурожаатларига депутатлар атрофлича жавоб қайтарди. Аксарият мурожаатларга шу жойнинг ўзида ечим топилди. Айрим масалалар бўйича учрашув қатнашчиларига тегишли ҳуқуқий маслаҳат берилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг