Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини кучайтириш юзасидан

0
75

Партия фракцияси янги иш режасини қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан фракция иш  режаси кўриб чиқилди.

Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарди.

Таъкидланганидек, видеомулоқотда парламент, сиёсий партиялар ва депутатлик бирлашмалари фаолияти чуқур таҳлил қилинди, келгусидаги асосий йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда билдирилган ғоя ва таклифлар, белгиланган вазифалар парламент, айниқса фракция  аъзолари фаолиятига танқидий назар билан қараш, янги таклиф ва ташаббуслар билан чиқишга ундамоқда. Бунинг учун бундан буён қатъий режа асосида иш олиб бориш, самарали фаолият кўрсатиш талаб этилади.

Йиғилишда фракциянинг янги иш режаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

— Видеоселектор йиғилишида фракциялар ва партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, — деди фракция раҳбари С.Отамуратов. — Шу боис янги иш режамиз лойиҳасида депутатлар томонидан соҳага оид қонунлар, Давлат дастурлари, Президент фармон ва қарорлари ижроси ҳамда  Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ўрганиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга парламент ва депутатлик сўровларини юбориш, фракцияда мутасаддиларнинг эшитувини ташкил этиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг жойлардаги бўлинмалари раҳбарларининг соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, йўналишлар бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурларнинг ижроси тўғрисидаги ахборотларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари ҳамда партия гуруҳлари йиғилишларида мунтазам эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Фракция йиғилишида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари маърузасида жойлардаги долзарб масалалар, хусусан, маданий мерос объектлари ҳамда туризм йўналишидаги муҳим вазифалар ижроси юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратган эди. Шу боис фракция ҳамда партия гуруҳлари иш режасида ҳудудлар кесимида маданий мерос объектларининг сақланиши, муҳофазаси, туризмни ривожлантириш ҳудудий дастурлари ҳамда соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси, депутат сўровларига тақдим этилган жавобларни мунтазам ўрганиш билан боғлиқ вазифалар инобатга олинган. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларга таклиф ва тавсиялар билдириш, лозим бўлса, уларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиб, қабул қилинган қарорлар ижросини назоратга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Фракция аъзолари иш режага киритилган масалалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик­ларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонун ижросига доир ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоеванинг оила институтининг бугунги ҳолати, ёш авлод таълим-тарбиясини замон талаблари даражасида ташкил этишнинг муаммо ва ечимлари тўғрисидаги ахборотини эшитиш, “Туризм тўғрисида”ги қонун ижро этилиши ҳолатини ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликлар юзасидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига парламент сўрови юбориш каби таклифлар қизғин қўллаб-қувватланди ва иш режага киритилди.

— Келгусидаги фаолиятимизнинг нечоғлик самарали бўлиши кўп жиҳатдан иш режанинг пухта ва пишиқлигига боғлиқ, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Абдурашид Тўхтабоев. — Йиғилишда ҳар бир депутатнинг бу борадаги таклифлари ўрганиб чиқилди. Энди эскича ишлашдан воз кечиб, парламент назорати, қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим. Бу борада партия сайловолди Платформасидан келиб чиққан ҳолда маърузада белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг энг самарали механизмларидан фойдаланамиз. Шу боис иш режада, “Музейлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун ижроси ҳолатини ўрганиш, адлия вазирининг “Янги қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш тўғрисида”ги ахборотини эшитиш каби вазифалар белгиланди. Бундан ташқари, ёшларимизнинг  Парламентдаги қонунларни қабул қилиш жараёни, партиялараро рақобат ва тортишувлар асосида ўтадиган мажлисларини бевосита кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсияси асосида фаол ва ташаббускор ёшларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда фракциялар йиғилишларига таклиф этиш, уларнинг депутатлар билан суҳбатларини ўтказиш, ёшлар фаолиятига оид муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар бўйича фикрларини ўрганиб бориш ҳам назарда тутилган.

ЎзМТДП фракцияси яқин келажакда “Миллий кинематография тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бунда Президентимизнинг шу йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар инобатга олиниб, барча даражадаги депутатлар, партия фаоллари ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги вакиллари жалб этилади, қонун лойиҳаси жойларда ва фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида кенг муҳокама этилади. Мазкур қонун лойиҳасида мамлакатимиз  кинематография соҳаси ривожи ҳамда партия дастурий мақсад-вазифалари ижросига алоҳида эътибор қаратилади.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар ва янги иш режани тасдиқлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Аҳмад  ЮСУПОВ,

“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг