Қадим сурхон воҳасида туризм истиқболлари: ЎзМТДП вилоятда туризм соҳасини ўрганди

0
84

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Маданият вазирлиги ва Туризмни ривож­лантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши, мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, соҳалар ривожига ҳисса қўшиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда ЎзМТДП дастлаб Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар доирасида бугун партия вазирлик билан қўмита ҳамкорлигида муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Ҳудудлар туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш, соҳа кадрларини тайёрлаш, аэропорт ва вокзалларда туристлар учун яратилган шароитларни ўрганиш ишлари шулар жумласидандир.

Сурхондарё вилоятида туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда бу борада мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида бўлди.

Туризм — иш ўринлари учун мақбул тизим

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида
ЎзМТДПнинг туризм соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш, уларни янада бойитиш билан бирга, туризм соҳасини ривожлантиришни ҳам ўз олдига вазифа қилиб қўйгани, аммо амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсата олмаётгани, партиядан сайланган депутатлар, мисол учун, аэропорт ёки вокзалларга, божхона постларига бориб, туристлар учун қандай шароитлар яратилганини ўрганиб, мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан амалий таклиф ва ташаббуслар билан чиқмаётганини танқид қилди. Шунингдек, туризм соҳасида етук кадрлар тайёрлаш, маданий мерос объектларини таъмирлаш, обод этиш борасида қатор вазифалар тургани, уларни амалга оширишда ЎзМТДП ташаббускор бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ дастлаб, воҳадаги маданий меърос объектларининг бугунги аҳволи билан яқиндан танишди. Хусасан, Термиз туманида жойлашган ва бугунги кунда ачинарли аҳволга келиб қолган “Зурмала” тепалиги ва умуман йўқ бўлиб кетган “Афғонтепа” ҳақидаги маълумотларни ўрганди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бўлими,  “Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси, Термиз археология музейи вакиллари иштирокида “Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи: туризмнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг миллий ва халқаро тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланди.

Тадбирда Сурхондарё вилоят ҳокими ўринбосари Ўктам Қобилов воҳада туризм истиқболлари, Ўзбекистон Респуб­ликаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бўлими вакили Шуҳрат Ибрагимов жорий йил давомида туризм тармоғини ривожлантириш бўйича вилоя­тда амалга оширилган ишлар, камчилик ва муаммолар, “Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳайдар Мўминов вилоятда туризм соҳасини такомиллаштиришда ҳунармандларнинг ўрни, Термиз археология музейи директори Зебинисо Алимардонова  вилоятда туризм соҳасини ривожлантиришда музейларнинг ўрни мавзусида маъруза қилди.

Маърузаларда кўтарилган муаммо ва таклифлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Жамшид Ғозиев гид-таржимонлар масаласига алоҳида тўхталиб, улар малакасини ошириш, муомала ва кийиниш маданиятига эътибор бериш кераклигини таъкидлади. Айтилишича, вилоят, туман, шаҳарларда ҳунармандлик маҳсулотлари учун махсус савдо расталарини ташкил этиш кун тартибида кўндаланг турган асосий масалалардан биридир. Термиз давлат университети тарих фани ўқитувчиси Тўхташ Аннаев жойларда сайёҳлар учун маданий мерос объектлари тўғрисида маълумотлар жадвалларини кўпайтириш, туризм йўналишида таҳсил олаётган талабаларга бошқа чет тиллари билан бир қаторда испан тилини ҳам мукаммал ўқитилишини ташкил этиш таклифини билдирди.

Муҳокамаларда иштирок этган Олтинсой туманидаги 9-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган музей раҳбари, тарих фани ўқитувчиси Ҳабибулло Исматуллаев мактабларда туризм соҳасига ихтисослашган тўгараклар ташкил этиш лозимлигини таъкидлаб, ўзи раҳбарлик қилаётган музейга сайёҳларни жалб қилиш борасида амалий ишлар олиб бораётганини айтиб ўтди. Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Мансуржон Набиев вилоят марказида сайёҳлар учун миллий урф-одатларимиз акс этган ресторан ва тамаддихоналар ташкил этиш, ҳудуд тарихига оид буклетларни кўпайтириш, божхона ходимлари эса ҳар бир сайёҳни ушбу буклетлар билан кузатиши керак, деган таклифни ўртага ташлади. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компанияси Термиз минтақавий темир йўл узели вакили Бедил Аҳадов темир йўл вокзаллари атрофида ҳунармандлик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш, шахсий ва уй музейлари бўйича нодавлат ташкилотларни  ташкил этиш соҳа ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

— ЎзМТДП ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этганимдан мамнунман, — деди Термиз шаҳридаги 4-ихтисослашган интернат-мактаби ўқувчиси Камолиддин Фазлиддинов. — Ҳали сиёсий ташкилотга аъзо бўлиш ёшига етмаган бўлсам-да, келажакда, албатта, шу партияни танлашни мақсад қилдим. Соҳа мутахассислари ва мутасаддилар туризм соҳасининг бир қисми бўлган ҳунармандчилик соҳаси, вилоятимизда туризмни ривожлантиришдаги камчиликларга алоҳида тўхталиб ўтишди. Айниқса, Ўзбекистон халқ устаси Асрор Қудратовнинг сайёҳлар бизнинг Сурхондарёга нон ейиш учун эмас, балки маданий ва тарихий обидаларимизни ҳамда урф-одатларимизни кўриш учун келади, деган сўзлари юртимиз ўз жозибаси ва гўзаллиги билан жаҳон сай¸ҳларини ҳайратлантириб кела¸тгани, демак, уларга сифатли хизмат кўрсатиш, юртимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитиш соҳа ходимларидан юксак билим ва малака талаб этишини англатади. Яна бир фикр: воҳадошларимиз Халқаро пресс-клуб анжуманида миллий урф-одат ва қадриятларимиз, маданиятимизни ифодаловчи Марказ ташкил этиш таклифини билдирганди. Агар мана шу марказ ишга тушса, сайёҳларни Сурхондарё билан яқиндан таништиришнинг янги имконияти пайдо бўларди.

Сифатли таълим — туризм ривожи омили

Ишчи гуруҳ Термиз давлат университетида ҳам бўлиб, ижтимоий-иқтисодиёт факультети туризм ва меҳмонхона хўжалиги йўналишида таҳсил олаётган талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди. Очиқ мулоқотда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган имкониятлар ва мавжуд муаммолар, туроператорларни тайёрлаш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова туризм соҳасининг бўлғуси мутахассисларини очиқ мулоқотга чорлади.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, — деди партия раиси ўринбосари. — Мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризмни самарали восита деб ҳисоблаймиз, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти умумбашарият тарихий мероснинг ажралмас бир қисми сифатида тан олиши йўлида кенг қамровли саъй-ҳаракатларни амалга оширишга киришдик. Шу боис партиямиз туризмни ривожлантириш бўйича қатор ҳаётий ва самарали лойиҳа ҳамда ғояларни илгари суриш, соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Бугун айни шу мақсадда сиз ёшлар билан учрашяпмиз. Соҳада кадрлар тайёрлаш тизими, таълим сифати, вилоятда туризмни ривож­лантириш борасида қандай муаммолар бор? Бу муаммолар ечимини нималарда кўрасиз? Қандай фикр-мулоҳаза, таклиф ва ташаббусларни илгари сура оласиз? Бугунги очиқ мулоқотимиз давомида ана шундай саволларга сизлар билан бирга жавоб топамиз, деган умиддамиз.

— Президентимизнинг юртимизда туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонлари соҳада туб бурилиш ясамоқда, — деди ЎзМТДП “¡шлар қаноти” фаоли Азиза Абдураҳимова. — Мамлакатимизда соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, яратилган шарт-шароитлар нафақат туризм вакиллари, балки барчани ҳам унинг ривожига муносиб ҳисса қўшишга ундайди. Ахборот технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Бугун Сурхондарё вилоятида туризм салоҳияти, мавжуд маданий мерос объектларимиз, диққатга сазовор жойларимизни тарғиб қилувчи блоггерлар йўқ. Шу боис ҳар биримиз ўз мобиль телефонимиздан фойдаланиб, блоггерликни йўлга қўйсак ёки бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ҳудуднинг археологик ёдгорликларини тарғиб қилсак, сайёҳларни жалб қилишга кичик бўлса-да ҳисса қўшган бўламиз. Қолаверса, сайёҳларга мўлжалланган электрон роликларни яратишни таклиф қилган бўлар эдим.

Самимий ва қизғин мулоқотда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамда ЎзМТДП вилоят кенгаши ҳамкорлигида туризм соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг бошқа ўқув юртларидаги тенгдошлари билан учрашувлари, тажриба алмашишини ташкил этиш, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларига саёҳат уюштириш таклифи илгари сурилди. ¡шлар ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини ЎзМТДП вилоят кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олдилар.

Миллий ҳунармандлик — бетакрор
маданиятимиз намойиши

Мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳ унинг тарихи, диққатга сазовор жойлари билан танишиш асносида халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари билан ҳам қизиқади. Қадриятларимизни тарғиб этувчи асосий омил — миллий ҳунармандлик маҳсулотлари бугун сайёҳларнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Қўли гул ҳунармандларнинг меҳнат маҳсули бугун халқаро кўргазмаларнинг энг тўридан жой олаётгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида ҳам мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, “устоз-шогирд” анъанасини давом эттирган ҳолда миллий ҳунармандлик турларини янада ривожлантиришга қаратилган мақсад-вазифаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган. Мазкур дастурий мақсад-вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия уста-ҳунармандлар, оилавий тадбиркорларга ҳар томонлама шарт-шароит ва имтиёзлар яратиб бериш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари Термиз давлат университети қошида ташкил этилган “Халқ ҳунармандчилик устахонаси” фаолияти билан яқиндан танишди.

Устахонага кириб борар экансиз, Буюк ипак йўли рамзини ўзида акс эттирган туялар карвони беихтиёр эътиборингизни тортади. Устахонадаги кулолчилик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги намуналари ва инновацион лойиҳалар асосида тайёрланган ускуналар ишчи гуруҳ аъзоларида катта таассурот уйғотди. Хусусан, ёш ҳунарманд Баҳриддин Тошқўзиевнинг ёғоч ўймакорлиги ҳамда сопол буюмлари, Ҳамид Амонов тайёрлаган бўр ишлаб чиқариш қурилмаси иштирокчилар эътиборини қозонди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ёш ҳунармандлар университетда таҳсил олиш билан бирга, ўзлари яратган ҳунармандлик маҳсулотлари савдосидан даромад топмоқда. Бу ҳунарманд ёшларга тадбиркорлик фаолиятини ҳам амалга оширишга имкон яратаётир. Шунингдек, улар ЎзМТДП фаоли сифатида партиянинг “Хизмат – беминнат” лойиҳаси орқали кўплаб уюшмаган ёшларни иш билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Ўрганиш натижасида ишчи гуруҳ аъзолари устахона фаолиятининг айрим камчиликларига ҳам эътибор қаратишди. Жумладан, устахонада ҳунармандлар учун шароитлар етарли эмас. Иситиш тизими йўқ, хонада ёруғлик билан боғлиқ муаммолар бор, ўз ҳунарини ёшларга ўргатиш учун қўшимча хоналар етишмайди. Бу жараёнда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ҳунармандларимизга шароит яратиш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

— Университетда таҳсил олиш билан бир қаторда, бўш вақтимизни унумли ўтказиш, тадбиркорлик фаолияти кўникмаларига эга бўлиш ва миллий анъаналаримизни давом эттириш мақсадида “Халқ ҳунармандчилик устахонаси”да фаолият юритамиз, — дейди ёш ҳунарманд Б.Тошқўзиев. — Фаолиятимиз давомида кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдик, маҳсулотларимиз нафақат юртимизда харидоргир, балки уларни хорижга экспорт ҳам қиляпмиз. Қолаверса, ЎзМТДП “¡шлар қаноти” билан доимий ҳамкорликда “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида кўп­лаб уюшмаган ёшларга ўз ҳунаримиз сирларини ўргатдик. Бу лойиҳанинг яна кенг кўламда давом этишини, у орқали яна кўплаб тенгдошларимизга ҳунар сирларини ўргатишни, устахонамизнинг барча шароитга эга ўз биноси бўлишини хоҳлаймиз ва мазкур бинода ЎзМТДПнинг “Ҳунармандчилик маркази” ташкил этилса, айни муддао бўлар эди.

— Бугун юртимизнинг тарихий қадамжолари ва кўплаб диққатга сазовор гўшаларига ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар ҳунармандлар яратаётган мўъжизалар қаршисида лол қолаётгани барчамизни қувонтиради — дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Жамшид Ғозиев. — Бозорларимизни безаб турган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ёшлар қалбида миллий маданиятимизга меҳр ва муҳаббат туйғуларини шакллантириш билан бир қаторда, уларда меҳнат қилиш, даромад топишга бўлган иштиёқни ҳам тарбиялаётгани шубҳасиз. Буни миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган талаба ёшлар мисолида кўриб, ишонч ҳосил қилдик.
Шоҳжаҳон Бахтиёров ясаган кўза ва ундаги чамбарчас аждар ва анор акс эттирилган ҳайкал барчамизни ҳайратга солди. Бу каби санъат асарлари ва уларни яратган ҳунармандлар, ишонамизки, Сурхондарёнинг ижобий имижини яратишга муносиб ҳисса қўшадилар. ЎзМТДП ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ўрганиш туризмни ривожлантириш бўйича қатор лойиҳа ва мақсадларни режалаштиришга имкон яратди.

Ўрганиш якунига кўра, ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш йўллари борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган бу каби ўрганишларни мамлатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят
кенгаши матбуот котиби,
Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг