Қонун устуворлиги тараққиёт асосидир

0
73

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги маърузаси бугун давлат ва жамоат ташкилотлари, илм-фан ва ишлаб чиқариш муассасалари, маҳаллалар ва ўқув юртларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларида ҳам мазкур маърузадан келиб чиқадиган вазифалар асосида фаолиятнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.

Маърузани ҳар бир партия аъзоси ўқиб-ўрганиб, теран идрок этиб, барча партия ташкилотлари ушбу ҳужжатда илгари сурилган ғоялар ва белгиланган вазифалар асосида иш дастурларини янада кучайтиришни мақсад қилган. Энг муҳими, партия фаоллари маърузани кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб-ташвиқ қилишни тизимли йўлга қўймоқда. Ҳозирданоқ барча ҳудудий партия ташкилотларида
ЎзМТДП Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирокида Президентимиз маърузасида илгари сурилган ғоя ва фикрлардан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган семинарлар бўлиб ўтмоқда.

Шу каби семинарлардан бири ЎзМТДП Марказий ва партия вилоят  кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида бўлиб ўтди. Унда ЎзМТДП Маразий кенгаши ва партиянинг қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар, Самарқанд давлат университети  талабалари, уюшмаган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Самарқанд давлат университети маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори  Алишер Эштоев олиб борди.

Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция — эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти чуқур таҳлиллар асосида ўрганилиб, маърузадаги устувор йўналишлар ҳамда мақсад-вазифаларни амалга ошириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш юзасидан партия ташкилотлари ва парламентдаги фракцияси олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

— Ҳуқуқий маданият — бу нафақат қонунларни билиш, балки қонунларга қатъий амал қилиш маданияти ҳам демакдир, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Юксак маънавият, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш ўзликни англашдан бош­ланади. Ана шундай эзгу тушунча ҳар бир инсоннинг виждони ва қалбидан жой олса, ҳавас қилса арзийдиган ижтимоий, иқтисодий ривожланган ҳамда демократик тамойилларга эга бўлган буюк давлатга эга бўламиз. Бунинг учун ҳар бир фуқаро қонунларни наинки билиши, балки уларга тўлиқ амал қилиши лозим. Зеро, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш, умуман, одамларда бу борада янгича дунёқарашни шакллантириш давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, биз сиёсий партия фаоллари олдидаги долзарб вазифа ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ, дея алоҳида қайд этди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, юртимиз эртаси уларнинг бугун қандай инсон бўлиб улғаяётгани билан чамбарчас боғлиқлиги ёш авлод вакилларига жиддий эътибор қаратишни талаб этади. ЎзМТДП ташкилотлари Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ёшлар сиёсатига оид ишларда фаол иштирок этишга интилди. Жумладан, Президентимизнинг шу йил 12 июлда парламент аъзолари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар олдига қўйилган устувор вазифалар, хусусан, ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолиятимизни янада кучайтириш бўйича илгари сурилган ғоя ва таклифлар ЎзМТДП фаоллари ва депутатларининг доимий эътиборида бўлиб келаётир. Ёшлар билан юзма-юз мулоқот ва учрашувлар давомида уларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари, ваколатлари янада кенг тушунтирилиб, йигит-қизларни яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга, ўз шахсий фаолиятларини йўлга қўйишга даъват қилинаётир.

Уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасида партия ташкилотлари вакиллари ҳамда депутатлардан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, жойларда мунтазам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётир. Уларни иш билан таъминлаш, ўқиш ва фойдали машғулотларга кенг жалб этиш, йигит-қизларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддилар билан биргаликда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Партиямизнинг биргина “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида шу пайтга қадар 2 мингдан ортиқ ёшларнинг бепул таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашилди. Шунингдек, “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ҳамда барча даражадаги партия ташкилотлари жойларда ёшлар билан юзма-юз мулоқот ташкил қилди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Масалан, айни пайтда вилоятимиз бўйлаб 44 олий таълим муассасаси, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ўқув-курслари ташкил қилиниб, уларда шу пайтга қадар 376 нафар ёшларни қўшимча бепул таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашилмоқда. Бундан ташқари, “Уйма-уй” лойиҳаси асосида 100 дан ортиқ хонадонларга кириб, уюшмаган ёшлар билан мулоқотлар олиб борилди. Уларнинг аксарияти иш билан таъминланди.

Тадбирда Президентимиз маърузасидан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини давом эттиришда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари ҳамда депутатлар Президент маърузасида илгари сурилган энг муҳим саккиз устувор йўналишнинг ҳар бири ўта ҳаётий ва долзарб вазифа экани, унинг ижросини сифатли ва самарали таъминлаш, аввало, халқ фаровонлиги, инсон ҳуқуқ-манфаатлари, одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб, ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади.

        Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг