Келажак авлод тарбиясини бой бермайлик

0
27

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент, сиёсий партиялар ва депутатлик бирлашмалари фаолияти чуқур таҳлил қилинди, келгусидаги вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда билдирилган ғоя ва таклифлар, белгиланган вазифалар ҳар биримизни фаолия­тимизга танқидий назар билан қарашга ҳамда янги ташаб­буслар сари илҳомлантирмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқот қилиш тизими амалиётга жорий этилгани қонунлар халқчиллигини таъминлаш, одамларнинг ташвишлари, муаммоларини ҳал этиш ва ҳудудлар ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган олти ой давомида ҳудудларда халқ билан олиб борилган очиқ ва юзма-юз мулоқотлар таклиф этилган тизимнинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатди. Одамлар депутатларга кўнглидаги борини очиб, муаммоларини рўйи-рост ўртага ташлашга, ўз вакилларига ишонч ҳисси билан қарашга одатланмоқда. Парламент аъзолари аҳолини ўйлантираётган масалаларни ваколат ва имкониятлари доирасида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Аммо давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, баъзи ҳолларда учрашувлар шунчаки номига, ҳисобот учун ташкил этилаётгани ҳам сир эмас.

Президентимиз ўтган йили Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузасида атоқли маърифатпарвар Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрини келтирган эди: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ”. Улуғ аждодимизнинг бу фикри бугун ҳам ўз қиймати ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Абу Али ибн Сино 9 кунлик боласини тарбия қилиш бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилган отага тарбияда 9 кунга кеч қолганини айтгани ҳақидаги ривоятни ёхуд Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг ёшлик даври, улар улғайган муҳит ҳақида кўп ўқиганмиз. Халқимиз ҳамиша фарзанд­лари ўзидан ўзиши, ҳар томонлама соғлом бўлиб ҳаётга кириб бориши учун курашиб яшаган. Бугун ҳам шундай. Глобаллашув хавф-хатарларига қарши тура оладиган, ўз маънавий куч-қуд­ратини исботлашга қодир авлод тасодифан, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Тўғри, бугун таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий таълим муассасалари барпо этилмоқда, лекин таълим-тарбиянинг энг қуйи бўғини бўлган мактабгача таълим муассасаларига етарли эътибор беряпмиз, дея олмаймиз. “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида мактабгача таълим турига қуйидагича таъриф берилган: “Мактабгача таълим бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш мақсадини кўзлайди. Бу таълим олти-етти ёшгача оилада, болалар боғчасида ва мулк шаклидан қатъи назар, бошқа таълим муассасаларида олиб борилади”.

Мамлакатимизда 2016 йилнинг якунига мувофиқ 7 ёшгача бўлган болалар сони 5,3 миллион нафарни ташкил этмоқда. Бироқ айни пайтда уларнинг атиги 26 фоизга яқини мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган, холос. Жойлардаги ўрганишларимиз, айниқса, чекка ҳудудлар, қишлоқларда болаларнинг 5-6 фоизигина МТМга қамраб олинганлигини кўрсатмоқда. Соҳага масъулларнинг болаларни қисқа муддатли таълим муассасаларига жалб этиш ёки уйда таълим материаллари билан таъминлаш орқали болалар қамровини кўпайтириш борасидаги ҳаракатлари кутилган натижани бермаяпти: у расмиятчиликдан бошқа нарса эмас.

МТМга қамраб олинган 26 фоиз болаларнинг ҳаммаси ҳам қониқарли, замонавий  шароитларда тарбия кўрмоқда, дея олмаймиз. Айрим мактабгача таълим муассасаларида болаларга сифатсиз, талаб даражасида бўлмаган озиқ-овқатлар берилаётгани, баъзиларида истеъмолга яроқсиз картошка ва мевалардан фойдаланилаётгани, овқат тайёрлаш жараёни санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Оналар иш ёки рўзғор ташвиш­лари билан банд, мактабгача таълим муассасалари кам, бори ҳам талаб даражасида бўлмаган ана шундай ҳолатда 7 ёшгача бўлган болаларимиз тарбиясини қандай қилиб тўғри ташкил қила оляпмиз, деб айтиш мумкин?

Япония, Корея ва кўплаб ғарб мамлакатларида болаларнинг 7 ёшгача бўлган даврига унинг келгуси ҳаётининг мазмунини белгилаб берувчи давр сифатида қаралади. Ҳақиқатан ҳам бу давр бола келажаги учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш уларнинг жисмоний, психологик ва маънавий тўғри ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Биз болаларимизнинг ватанпарвар, инсоф-диёнатли, адолатли бўлишини мактаб­гача таълим муассасасида ҳал қилишимиз зарур. Бунда оила, ота-она кўмакчи бўлиши лозим. Шунингдек, бу даврда педагогик тарбия тизими билан бирга, миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз хусусиятларини ўз ўрнида қарор топтириш, хусусан, тарбия жараёнида ёши улуғ нуронийлар тажрибасидан фойдаланиш, уларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Зеро, давр шиддати билан бирга қадам ташлаётган фарзандларимиз миллий маънавиятимиз асосида тарбия топса, одоб-ахлоқ тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялар ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демок­ратик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ўз фаолияти давомида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келади.  Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари доимий комиссиялар ва сессия йиғилишларига таклиф ва ташаббус-масалалар киритиш, депутатлик сўровини амалга ошириш орқали ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш, таълим-тарбия самарадорлигини оширишга муайян ҳисса қўшиб келаётир. Аммо бу борадаги ишларимиз ҳали талаб даражасида эмас. Бу борада давлат сиёсати даражасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ҳақиқий кўмакдош бўлишимиз лозим.

Ҳудудлардаги фаолиятимиз давомида МТМлар борасида ўрганилган муаммолардан келиб чиқиб қуйидагиларни амалга оширишни зарур деб ҳисоблаймиз. Аввало, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида акс этган мажбурий таълим тизимини 3 ёш, деб белгилаш, касб-ҳунар таълими мажбурийлигини бекор қилиш лозим. Бунда таълим тизими 3-7 ёш — мактабгача таълим-тарбия даври, 7-16 ёш — мактаб даври, 16 ёшдан бошлаб мажбурий бўлмаган 10-11 синфлардан иборат бўлади.

Мактабгача таълим муассасаси бепул бўлиши жуда муҳим. Болаларнинг меъёрда овқатланиши, жисмонан ва психологик соғлом ўсиши уларнинг оилавий шароит ва ҳолатига боғлиқ бўлмаслиги керак. Агар биз шу даврда ёш авлодни маънан баркамол қилиб шакллантириб олсак, яхши-ёмон, тўғри-нотўғри нисбатларини биладиган, виждони уйғоқ, Ватани, оиласи, одамлар ҳақида ижобий фикр уйғонган, жамиятда ўз ўрни ва вазифасини тушунадиган авлодни тарбиялаган бўламиз.

Ҳудудлардаги ҳар бир аҳоли пунктида замонавий талабларга жавоб берадиган, намунали мактабгача таълим муассасалари қурилиши бўйича 10 йиллик давлат дастурини қабул қилиш лозим. 3-7 ёш орасида таълим-тарбия стандартини яратиш, бу давр­да боланинг ақлий, маънавий ва жисмоний тўғри ривожланиши учун энг замонавий халқаро таж­рибадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Педагог ходимлар, айниқса, мактабгача таълим муассасаларида ишлайдиган бош­ланғич таълим педагогларини тайёрлаш тизимига ўзгартиришлар киритиш, уларнинг малакасини мунтазам, керак бўлса, хорижий мамлакатларда ошириб туриш тизимини ташкил қилиш яхши самара беради. Педагогика олийгоҳларининг мактабгача таълим йўналишларида қабул квоталарини ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасаларининг сонидан келиб чиқиб белгилаш, ушбу факультетга ўқишга қабул қилинаётган талабаларда, энг аввало, болажонлик, меҳрибонлик, юмшоқ табиатлилик хислатларига урғу берилиши лозим. Унда, айниқса, педагогик техника ва психология фанларини ўқитиш мумкин.

Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда овқатланиш тизимини тубдан янгилаш — бунда ҳар бир бола сонига қараб тайёр овқат етказиб берадиган фирма ёки компаниялар хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Хусусий сектор ҳар бир ёшнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланадиган рациондаги, қадоқланган, бир марталик тайёр овқатларни етказиб бериш мақсадида давлат буюртмалари учун рақобатга киришсин.

Бугун инсон онги учун мафкуравий кураш кетаётган бир даврда яшамоқдамиз. Бунинг учун қайсидир давлатлар ёки қандайдир марказлар томонидан миллионлаб маблағ сарфланаётгани ҳам сир эмас. Бунга шунчаки қуруқ гап сифатида қараб бўлмайди. Бу таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, илмий асосда пухта ташкил этилган, узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш талаб этилади. Агар биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши ва тарбияси учун бугун иқтисод қилсак, унга бепарво қарасак, эртага унинг зарарини қоплаш учун жамлаган жами  бойликларимиз урвоқ ҳам бўлмайди. Бугунги боғча боласи эртанги мактаб ўқувчиси. Мактаб ўқувчиси кўз очиб юмгунча дунёга сиғмайдиган талаба, талаба эса кун келиб депутат, ҳоким ёки вазир бўлади. Мамлакат учун кўнглида Ватанига, халқига нисбатан меҳр бўлмаган, ўз аждодларидан ғурурлана олмайдиган, оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратиш кўникмаси бўлмаган фуқародан хавфлироқ таҳдид бўлиши мумкинми?

Бугунни кеча, эртани эса бугун ўйлашимиз керак. Давлатимиз раҳбари парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган учрашувда мамлакатимиз, халқимиз, ёшларимиз ҳаётига оид ана шундай масалаларда халқ вакиллари ўз ваколатларини ишга солган ҳолда кўмакдош, елкадош бўлишини куйинчаклик билан гапирди. Бу келгусида барча йўналишдаги фаолиятимизда бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Алишер ҚОДИРОВ,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг