Одамлар дарди билан яшашимиз лозим: шунда самарали натижага эришамиз

0
41

22 декабрь куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Мазкур мурожаатнома давлатимиз раҳбарининг якунланаётган йил бўйича халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботи ҳам бўлди. Шунингдек, Мурожаатномада мамлакатимизни келгусида ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қанча қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Юртбошимиз маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳақида алоҳида тўхталиб, қачонки ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет  ижроси тўлиқ таъминланса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади, дея таъкидладилар. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида рўй бераётган ўзгаришлар фақат рақамларда акс этаётгани, афсуски, биронта туманда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилмаганини ҳам айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, жойлардаги масалаларни ҳал этиш, янги ташаббусларни амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳамда депутатларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Сиёсий партияларнинг маҳаллий вакиллик органларидаги  гуруҳлари сайловолди ваъдаларини амалга ошириши, одамларнинг дарду ташвишларини ҳал қилиши лозим. Партия гуруҳлари аъзолари ҳамкорликда, бир ёқадан бош чиқариб фаолият кўрсатса, иш унумдорлиги янада ошиши, сайловчи ва электорат манфаатлари ҳамда партия дастурий мақсад-вазифаларининг ижроси таъминланиши шубҳасиз. Халқ билан мунтазам мулоқотда бўлиш, уларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор билан ёндашиш, одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга кўмаклашиш депутатлар зиммасидаги муҳим вазифадир.

Бугун сиёсий партиялар ҳамда улардан сайланган депутатлар фаолиятига партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига, электорат ҳамда сайловчилар манфаатларини нечоғлик ҳимоя қилаётгани, одамларни ўйлантираётган муаммоларга қай даражада ечим топаётганига қараб баҳо берилади. Ана шундан келиб чиқиб, биз партия вакиллари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан ҳамкорликда Президентимиз томонидан белгилаб берилган ҳар бир вазифанинг ҳудудимиздаги ижросини таъминлашда фаол иштирок этамиз. Бунда партия гуруҳлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, амалий ишларини янада кўпайтиришда партия ташкилотлари ҳам кўмакдош бўлади. Депутатлар, партия гуруҳлари ўзларига берилаётган ваколатлардан самарали фойдаланиб, янада жонкуярлик билан меҳнат қилса, ташаббускор бўлса, Президентимиз таъкидлаганидек, фақат рақамларга эмас, аниқ натижага эришилади. Натижада аҳоли ўзи қўллаб-қувватлаган партия, ўзи сайлаган депутатдан рози бўлади, унга ишончи ортади.

Қурбон ЧОРШАНБИЕВ,
ЎзМТДП Қумқўрғон туман кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг