Ҳаётимизда катта аҳамиятга эга дастурий ҳужжат

0
50

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий тарихида том маънода янги воқелик бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўп­лаб тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.

Чиндан ҳам, Президентимиз таъбири билан айтганда, давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Шунинг учун бутун дунё парламентаризми ва давлат бошқаруви тажрибасидаги бу ёрқин демократик усулнинг конституциявий-ҳуқуқий моҳияти, тарихи ва аҳамияти, унга давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимиятларининг муносабати каби бир қатор омилларга мухтасар тўхталиб ўтмоқчимиз.

Давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатномаси – дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Биринчидан, Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади. Иккинчидан, Мурожаатнома сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифларни ҳам ўзида акс эттиради. Учинчидан, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институтдир.

Жаҳон амалиётига кўра, бундай мурожаатномаларда, бир томондан, Президент якунига етган йилда давлат ҳокимияти органлари эришган ютуқ ва натижалар ҳақида ҳисобот беради. Иккинчи томондан эса, мамлакат раҳбари янги кириб келаётган йилда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар дастурини тақдим этади.

Дунё миқёсида олиб қаралганда, давлат бошлиғи томонидан парламентга Мурожаатнома тақдим этилиши тарихи олис ХIII асрга бориб тақалади. Шу тариқа 800 йилдан ортиқ тарихга эга ушбу давлат-ҳуқуқ анъанасига Буюк Британия Қироли (Қироличаси)нинг парламент ҳузурида нутқ сўзлаши – “King’s/Queen’s speech” тантанаси илк намуна вазифасини ўтаган.

Шундан бери Буюк Британия парламентининг ҳар галги янги сессияси Қирол ёки Қироличанинг ана шундай  нутқи билан бошланиши ҳуқуқий одатга айланган. Бундай нутқ, одатда, парламентнинг яқин келажакдаги қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан ҳукумат тавсия этган дастур ҳисобланади. Бу дастурнинг парламент томонидан тасдиқланиши амалдаги ҳукуматга ишонч вотуми билдирилгани билан тенгдир.

Америка Қўшма Штатларида ҳам Президентнинг Конгресс ҳузурида ҳар йили Мурожаатнома билан чиқиши анъанаси мавжуд. Бу анъанага 1790 йил АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон ўзининг Нью-Йоркда, парламент минбаридан сўзлаган батафсил нутқи билан асос солган.

Шу ўринда Қўшма Штатларда бу анъанага зид ҳолатлар юз берганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Гап шундаки, 1801 йил ўша пайтдаги АҚШ Президенти Томас Жефферсон демократик республикага бундай “монархча удумлар” мос келмайди, дея ҳисоблаган ва ўз Мурожаатномасини Конгрессга мактуб шаклида йўллаган.

Мактуб шаклидаги Мурожаатнома йўллаш анъанаси юз йилдан зиёд давом этгач, 1913 йил Президент Вудро Вильсон ташаббуси асосида Конгрессга нутқ сўзлаш орқали Мурожаатнома қилиш амалиёти қайта тикланган. Албатта, ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ҳам АҚШда айрим Президентлар Конгрессга ўз Мурожаатларини баъзан ёзма равишда юбориб турган. Жимми Картер айни шундай йўл тутган охирги Президент ҳисобланади.

Ўша даврда АҚШда бу Мурожаатномалар “Президентнинг Конгрессга йиллик мурожаати”, деган ном билан юритилган. Франклин Рузвельт 1935 йил жорий этган ўзгартиришлар асосида АҚШ Президентининг Конгресс ҳузурида сўзлайдиган ҳар йилги нутқи “Мамлакатдаги ҳолат тўғрисида” (State of the Union Adress), деб номланади.

АҚШ Президентининг Конгрессга ҳар йилги Мурожаатномаси қуйидаги ўзига хос жиҳатларга эга.

Биринчиси. Президент, одатда, қачон парламент ҳузурида Мурожаатнома билан нутқ сўзлайди?

Бу борадаги АҚШ амалиётига кўра, даставвал, Америка Қўшма Штатлари Президенти Конгресс ҳузурида декабрь ойида Мурожаатнома билан чиқиш қилган. Аммо, 1934 йил АҚШ Конституциясига киритилган 20-тузатиш асосида Конгресснинг ҳар йилги иш бошлаш даври март ойидан январга кўчирилгани муносабати билан мазкур муҳим расмий тадбир январь ёки февраль ойида ўтказиладиган бўлган.

Ҳозирги кунда АҚШ Президенти, қоидага кўра, ҳар йили январь ойининг охирги сешанбасида – янги сайланган Президент эса февраль ойининг якунида – Конгресс ҳузурида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Айни чоғда, аниқ белгиланган регламентнинг мавжуд эмаслиги туфайли бу муддат ўзгариб ҳам туради. Масалан, АҚШ Президентининг 2008 йилдаги мурожаатномаси январнинг охирги душанбасида тақдим этилган эди.

Иккинчиси. Давлат раҳбари айнан қаерда Мурожаатнома билан нутқ сўзлайди?

Буюк Британия тажрибасига қараганда, Қироличанинг нутқи мамлакат парламенти биносида, янги сессиянинг расмий очилиш маросимида ўқиб эшиттирилади. АҚШда ҳам бу расмий тадбир парламентнинг Вакиллар палатаси биносида бўлиб ўтади. Бунда Президент одатда Спикернинг минбаридан туриб нутқ сўзлайди.

Учинчиси. Президент кимларнинг олдида Мурожаатномасини тақдим этади?

АҚШда Президент парламент палаталарининг қўшма мажлисида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Бу тадбирда Вакиллар палатасининг 435 нафар депутати ва юқори палатанинг 100 нафар сенатори иштирок этади. Президент Мурожаатномасининг парламент палаталари қўшма мажлисида тингланиши – ушбу расмий давлат-ҳуқуқий тадбирининг мамлакат ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Президент Мурожаатномаси тақдим этиладиган қўшма мажлисда, шунингдек, АҚШ Олий суди судья­лари, вазирлар, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг аъзолари ҳозир бўлади.

Тўртинчиси. Президент Мурожаатномасини оммавий ахборот воситаларида ёритиш борасида қандай тажриба тўпланган?

Бу саволга жавоб бериш учун яна АҚШ амалиётига таянамиз. Президент Жон Куоижнинг 1923 йилги Мурожаатномаси жаҳонда илк бор радио тўлқинлари ёрдамида тарқатилган шундай муҳим ҳужжатдир. Гарри Трумэннинг 1947 йилги нутқи эса биринчи марта телевидениеда намойиш этилган Президент Мурожаатномаси ҳисобланади.

Ўз навбатида, 1965 йил АҚШ Президенти Линдон Жонсон куннинг кечки қисмида Мурожаатнома билан Конгрессда нутқ сўзлаган. Ҳозирги кунгача кучда бўлган бу амалиётдан кўзланган мақсад, албатта, Президент Мурожаатномаси мазмунидан имкон қадар кўпроқ кишиларни оммавий ахборот воситалари орқали бевосита хабардор қилишдан иборат. Билл Клинтоннинг 1997 йилда Конгрессда сўзлаган нутқи илк маротаба интернет тармоғи орқали эълон қилинган Мурожаатномадир.

Бугунги кунда АҚШ Президентининг Мурожаатномаси телевидение орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади ва Оқ уй маъмуриятининг махсус сайтида (http: //www.whitehouse.gov) онлайн режимида узатилади. Шу билан бирга, Мурожаатноманинг тўлиқ матни ҳам ўша сайтда эълон қилинади.

АҚШнинг бу соҳадаги амалиётидан кўпроқ мисоллар келтираётганимизнинг сабаби шундаки, Қўшма Штатлар айни йўналишда катта ижобий тажриба тўплаган. Бинобарин, Америка Конституцияси Президентга ҳам, Конгрессга ҳам бир-бирини ҳисобга олмаган ҳолда ўта муҳим қарорларни қабул қилишига ва мамлакатни бошқаришига йўл бермайди. Бунда уларнинг ўзаро келишув, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, яъни конституциявий “ўзаро бир-бирини тийиб туриш” принципи асосида иш олиб бориши талаб этилади.

АҚШ Конституциясининг II моддаси, 3-бўлимига мувофиқ, Президент вақти-вақти билан Иттифоқ аҳволи тўғрисида Конгрессга ҳисобот бериб туради ҳамда ўзи зарур ва мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган чора-тадбирларни кўриб чиқиш учун Сенатга тақдим этади. Америкаликларнинг бу тажрибаси кейинги даврда бошқа давлатларда ҳам кенг оммалашмоқда.

Россия Федерацияси Президенти ҳар йили Федерал Мажлис ҳузурида Мурожаатнома билан чиқиш қилади. Бу ҳақда сўз борганда, собиқ тузум сиёсий ҳаётида, СССР Президенти лавозими таъсис этилгунига қадар, парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти умуман мавжуд бўлмаганини қайд этиш лозим.

Бундай ҳолат, ҳойнаҳой, советлар сиёсий-ҳуқуқий амалиёти ҳокимият ваколатларининг бўлиниши назариясини тан олмаганлиги билан боғлиқ. СССР Президенти институти жорий этилгач, Конституцияга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлишига қарамай, ушбу лавозимни қисқа фурсат эгаллаб турган М.Горбачёв айни нормаларни амалиётда тўлақонли қўллаб улгурмаган.

Россияда давлат бошлиғининг қонун чиқарувчи олий органга Мурожаатнома билан чиқишига доир норма илк бор 1991 йил 24 апрелда қабул қилинган “РСФСР Президенти тўғрисида”ги қонунда (5-модданинг 3-банди) ўз аксини топган бўлса-да, 1993 йил амалдаги Россия Конституцияси кучга кирганидан кейин мазкур амалиёт ҳар йилги анъана тусини олди. Россия Президенти Б.Ельцин Федерал Мажлисга биринчи Мурожаатномасини 1994 йил 24 февралда тақдим этган.

Ҳозирги вақтда давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатнома тақдим этиши институти бир пайт­лар собиқ иттифоқ таркибида бўлган ва бугун мустақил тараққиёт йўлидан шахдам бораётган қатор мамлакатларда амал қилмоқда. Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон шулар сирасига киради. Ушбу давлатлар сафига энди Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Бу масалага ҳуқуқий жиҳатдан ёндашилса, бир томондан, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси давлат бошлиғи имзолайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторига кирмайди ва юридик кучга эга эмас. Шуни таъкидлаш жоизки, конституциявий табиатидан келиб чиқилса, Мурожаатнома юридик ҳужжат ҳисобланмайди: у Президент чиқарадиган учта ҳуқуқий ҳужжат – фармон, қарор ва фармойиш қаторида мавжуд эмас.

Бинобарин, Асосий қонунимизнинг 94-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради”.

Иккинчи томондан эса, Президент Мурожаатномаси сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ниҳоятда катта аҳамиятга молик дастурий ҳужжатдир. Бу ҳужжат нафақат парламентга, моҳиятан ёндашганда, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг барча органларига қаратилган Мурожаатнома ҳисобланади.

Шу маънода, Президентнинг Мурожаатномасини фармойиш мақомидаги хусусиятларга эга муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат, деб баҳолаш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, Президент Мурожаатномасига давлат бошлиғи фаолиятининг норматив-сиёсий-ҳуқуқий шакли, деган таъриф берилиши ҳам тўғри, деб ўйлаймиз.

Яна бир муҳим масала. Мурожаатноманинг шакли ва мазмуни қандай бўлишини бевосита Президент ҳал этади. Зеро, бу борада муайян қоида ё регламент ишлаб чиқилмаган. Қонунларда ҳатто парламентнинг Президент Мурожаатномасига нисбатан қандай йўл тутиши кераклиги, яъни бундай амалиётнинг аниқ шакл ва механизмлари кўзда тутилмаган.

Агар Россиянинг ушбу йўналишдаги тажрибасига эътибор қаратилса, Федерал Мажлис палатаси Россия Президенти Мурожаатномасида қайд этилган қонун ижодкорлигига тааллуқли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида кўпинча алоҳида қарорлар чиқарганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, Россия Федерацияси субъектлари ҳам Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган ўз норматив ҳужжатларини қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасининг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиш мумкин.

Биринчи хусусияти: Мурожаатномада 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили якунлари чуқур таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастлабки натижалари аҳолининг ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топаётгани, одамларнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бораётганини таъкидлади.

Иккинчи хусусияти: Мурожаатномада янги, 2018 йил Ўзбекистонда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Мазкур йилда Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича амалга ошириладиган навбатдаги энг асосий вазифалар баён этилди.

Учинчи хусусияти: Олий Мажлис палаталарининг 2018 йилдаги қонун ижодкорлиги фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Президентимиз қайд этганидек, парламент халқнинг дарди ва муаммоларини ҳал этадиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган “тафаккур маркази” вазифасини бажариши зарур.

Дунё тажрибаси билан қиёслаганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома тақдим этиши тимсолидаги мазкур сиёсий-ҳуқуқий тадбир бу борадаги энг илғор хорижий амалиётга мос ва мутаносиб равишда ўтди, дейишга барча асосларимиз бор.

Биринчи асос – Ўзбекистон Президенти ўзининг дастлабки Мурожаатномасини Олий Мажлиснинг қўшма палаталари аъзолари ҳузурида тақдим этди.

Иккинчи асос – давлат бошлиғининг Мурожаатномаси пойтахтимиздаги муҳташам Симпозиумлар саройида кенг жамоатчиликка ҳавола этилди.

Учинчи асос – ушбу муҳим тадбир иштирокчиларининг кўлами ва таркиби ҳам миллий амалиёт, ҳам хорижий тажриба нуқтаи назаридан беқиёсдир. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши  раислари, Ўзбекистон ҳукумати, вилоятлар ҳокимлари,  юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари ва жамоатчилик вакиллари, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Шу билан бирга, видеоконференция алоқа тизими орқали унда Ўзбекистоннинг 33 та давлатдаги элчихоналарининг ходимлари, туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ депутатлари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари кенг таркибда қатнашди.

Тўртинчи асос – Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис қўшма палаталарига Мурожаатномаси тақдим этилган муҳим анжуман “Ўзбекистон 24” телеканалида жонли равишда эфирга узатилди. Шунингдек, расмий тадбир тафсилотлари бир қатор сайтларда онлайн тарзда ёритиб борилди (http://uza.uz), (http://xs.uz), (http://kun.uz).

Шундан ҳам кўриниб турибдики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан парламентга тақдим этилган Мурожаатнома нафақат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий ҳаётимизда, балки қонун ижодкорлиги билан боғлиқ жараёнларда ҳам ғоят катта аҳамият касб этади. Давлат бош­лиғининг Мурожаатномасида баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини, Ватанимиз обрў-эътиборини янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилгандир.

              Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий
Мажлиси Қонунчилик палатаси
Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг
 ўзини ўзи бошқариш органлари
қўмитаси раиси,ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг