Тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз

0
23

Янги 2018 йил остонасида турибмиз. Катта орзу истаклар билан кутилаётган янги йил олди, албатта, ҳар биримиз ўтган даврни сарҳисоб қиламиз.

Шу маънода айтадиган бўлсак, 2017 йил халқимиз учун тарихий воқеаларга бой бўлди. Унда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳалар бўйича бошлаб берган янги ислоҳотлар ижросида давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг якдиллик билан фаол иштирокига гувоҳ бўлдик. Бунда маданий-гуманитар йўналишлар ривожи маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари соҳаларига доир қабул қилинган 12 та муҳим ҳужжат ижроси билан боғлиқ.

Бу жараёнда биргина санъат соҳасини олайлик. Қўқон шаҳар мусиқали драма театри, Хоразм вилояти мусиқали драма театри, Жиззах вилояти мусиқали драма театрининг катта маблағ ҳисобидан реконструкция қилиниши, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилиши каби эзгу ишлар аҳолининг санъатдан завқ олиб яшашида, ёшларнинг санъат соҳасидаги билимини, маънавиятини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир катта қулайликдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз музейлари қаторида қадимги Кушон давлати, Варахшадаги Бухорхудодлар, Қувадаги буддавийлик ибодатхонаси, Афросиёб ва Ахсикентдаги археологик қазилма ишларида топилган ноёб буюмлар каби 98 мингдан ортиқ ашё ва коллекцияни ўзида мужассам этган Ўзбекистон давлат санъат музейи моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратишга кенг йўл очиб берди.

Бугун биз яна бир янги воқеанинг шоҳиди бўлмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев телевидение орқали жонли эфирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатнома тақдим қилмоқда. Унда давлатимиз раҳбари халқ манфаати ва фаровон ҳаёти йўлида амалга оширилган ишлар натижаси, унинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот бермоқда. Бу Мурожаат янги ислоҳотлар ташаббускори бўлган Президентимизга нисбатан юртдошларимиз ишончини янада оширди.

Васила Файзиева,
Ўзбекистон давлат санъат
музейи директори,
ЎзМТДП фаоли

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг