“Ўзгидромет” имкониятлари кенгаймоқда: бу эса аҳолига ишончли маълумот бериш имконини бераётир

0
23

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг вазифаси — табиатда бўлаётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб бориш, ноқулай об-ҳаво шароитлари юзага келиш хавфини прогнозлаш, уларнинг ривожланиши тўғрисида огоҳлантиришдан иборат. Зеро, бугунги ривожланган даврда об-ҳаво ва иқлим тўғрисидаги ишончли маълумотлар нафақат иқтисодиётнинг турли тармоқларида барқарор  ўсишни таъминлаш, балки экологик офат оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамиятга эга.

Миллий матбуот маркази ҳамда Гидрометеорология хизмати маркази ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

— Ҳар куни “Ўзгидромет”да бир неча турдаги таҳлилий ва прогноз маълумотлар тайёрланаркан, бу жараёнда хавфли ҳодисалар юзага келиши тўғрисидаги огоҳлантиришлар муҳим ўрин тутади, — деди “Ўзгидромет” бош директори ўринбосари Б.Нишонов. — Марказимизда мониторинг жараёнида замонавий кузатиш технологиялари — йўлдош­лардан олинган маълумотлар, ер усти мониторинги ва хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ахборот тизимидан фойдаланади. Хавфли гидрометеорологик ҳодисанинг намоён бўлишига қараб тегишли вазирлик ва идораларга, аҳолига огоҳлантириш берилади.

Матбуот анжуманида “Ўзгидромет”нинг таркибий қисмлари ҳақида кенг маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, авиацияни метеорологик маълумотлар таъминоти хизматининг иш фаолияти ҳаво кемалари экипажларини авиаметео­рологик маълумотлар билан таъминлаш ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатишдан иборат. Табиий муҳит ифлосланиши мониторинги хизматида атмосфера ҳавоси, юза сувлар ва тупроқ ифлосланиши устидан кузатув олиб борилади. Ҳозирда атмосфера ҳавоси ифлосланиши устидан кузатувлар мамлакатимизнинг 25 та йирик шаҳри ва аҳоли пунктида олиб борилаётир.

Таъкидланганидек, кузатилаётган иқлим ўзгаришлари оқибатида хавфли ҳодисаларнинг намоён бўлиши ҳам ўзгариб бормоқда: қурғоқчилик, сел, сув тошқинлари каби экстремал ҳодисалар тез-тез такрорланмоқда. Шу муносабат билан хавфли ҳодисалар мониторинги эрта огоҳлантириш тизимининг асосий таркибий қисмига айланди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
          “Milliy tiklanish”мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг