Энг яхши ижтимоий роликлар ғолиблари аниқланди

0
45

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Медиа-холл” мажмуасида Олий Мажлис ҳузуридаги нодав­лат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси билан ҳамкорликда Ижтимоий телерадиомаҳсулотлар IX миллий фестивали ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент комиссияси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Йиғилганлар мазкур фестиваль аҳоли, хусусан, ёшларни жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга оид долзарб мавзуларда таъсирчан ижтимоий роликларни тайёрлаш, бу йўналишда фаолият юритувчи ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Фестивалда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил эканлиги, бу борада чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий Интернет сайтларини молиявий қўллаб-қувватлаш, бунинг учун махсус давлат фондини тузиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.

Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси жараёнларини ёритишга, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга қаратилган энг яхши ижтимоий роликлар ғолиблари ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли орқали аниқланди.

— Ижтимоий роликларда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг Конс­титуциямиз тамойилларига уйғун ва ҳамоҳанглигини ёритишга ҳаракат қилдик, — дейди “Sevimli TV” бошловчиси, фестиваль ғолиби Жаҳонгир Олимов. — Халқимиз янгилик ва ўзгариш­лардан жуда мамнун. Биз уларнинг бу хурсанд­чилигини томошабинларимизга етказишни мақсад қилдик.

ғолиблар махсус диплом, статуэтка ва мукофот билан тақдирланди.

Шунингдек, фестиваль доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти ғолибларига сертификатлар топширилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг