“Ўзбеккино” миллий агентлиги: “Холис танқид ўз мевасини беради”

0
60

Газетамизнинг шу йил 1 ноябрь, 45-сонида “Эртак­лар яхшиликка етаклар, хўш, мультфильмлар-чи?” номли таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда бугунги кунда миллий телеканалларимизда намойиш этилаётган мультфильмларнинг болалар онгу руҳиятига кўрсатаётган салбий таъсири, уларда акс этаётган “оммавий маданият”нинг яширин қиёфаси ва бу нафақат ёш авлод тарбияси, балки миллат маънавиятига ҳам салбий таъсир этаётгани, ўзбек аниматорлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз борган эди.

Қуйида “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг мазкур мақола юзасидан муносабати билдирилган хатини эътиборингизга ҳавола этамиз:

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги мутахассислари “Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетасининг 2017 йил 1 ноябрь, 45(477)-сонида “Эртаклар яхшиликка етаклар, хўш, мультфильмлар-чи?” номли танқидий-таҳлилий мақоласини муҳокама этди. Мақолада қайд этилган мулоҳазалар, албатта, ўринли. “Танқид — келажак меваси”, дея бежиз айтилмаган. Айниқса, холис танқид ўз мевасини беради.

Телевидение ҳар бир хонадонга кириб борган бугунги кунда эфир тўлқинлари орқали томошабинларга етказилаётган  барча маҳсулотлар инсон руҳияти, унинг тарбиясига ўз таъсирини ўтказади. Айниқса, болажонларимизнинг нозик руҳиятини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз даркор.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги айни пайтда “Ўзбекфильм” киностудияси қошидаги мультбирлашма ва бир нечта хусусий студиялар билан қатор мультлойиҳалар ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилмоқда. 10 дақиқалик мультфильм ишлаб чиқиш учун камида (мураккаблигига қараб) саккиз ой сарфланишини инобатга олсак, яқин 4-5 ой ичида янги мультфильмлар экранларда намойиш этилиши, шубҳасиз. Шу кунларда катта экранларда илк тақдимоти ўтказилиши кутилаётган “Қуёш юрти паҳлавони” тўлиқ метражли мультипликацион фильм ҳам мультипликаторларимиз томонидан катта ҳажмда мультфильм яратиш бўйича илк миллий тажриба ҳисобланади.

Ўзбек мультипликаторлари 3D ўлчамли мультфильмлар яратиш борасида ҳам ўз маҳоратларини намойиш этмоқда. Агентлик буюртмасига биноан “Синема-сервис” студиясида “Бўйноқ”, “Кенжа ботир” ҳамда “VRC” студиясида “Соҳибжамол қўғирчоқ”, “Сариштали уй — фариштали уй” каби мультфильмлар тайёрланди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тизимидаги кинематография объектларини модернизация қилиш, энг замонавий рақамли кинотехнологиялар ва кино ишлаб чиқариш жиҳозлари билан таъминлаш” вазифаси ўз ҳаётий ифодасини топганидан сўнг ва соҳа етук кадрлар билан таъминлангач, ўз-ўзидан рақобат ҳам пайдо бўлиб, мульфильмларнинг бадиий ва профессионал сифати яхшилана боради.

Хориж мультфилмларини юртимизга олиб кириш, уларни ўзбек тилига ўгириш, эфирга узатиш “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ваколати доирасидаги вазифалар сирасига кирмайди. Шуни айтишимиз мумкинки, бугунга қадар турли йилларда “Ўзбеккино” буюртмасига биноан кўплаб мультфильмлар тайёрланган. Бироқ уларнинг аксарияти бугун намойиш этилмаяпти. Бу масалада “Ўзбеккино” Миллий агентлиги юртимизда фаолият юритаётган барча телеканаллар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги
бош директорининг биринчи ўринбосари
Шуҳрат РИЗАЕВ.

ТАҲРИРИЯТДАН:

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг жавобидан шундай хулосага келиш мумкин: келажакда фарзандларимизни кенг қамровли, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган миллий мультфильмлар кутаётгани аниқ. Давлатимиз раҳбарининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Дарҳақиқат, шу кунга қадар турли йилларда яратилган миллий мультфильмларимиз кам эмас. Шундай экан, телеканалларимизда бугуннинг шов-шувли, хориж кинопрокатлари тарқатаётган, бироқ халқимизнинг менталитетига мос келмайдиган мультфильмлар ўрнига  ўзимизнинг мультфильмларни намойиш этиш афзалроқ эмасми? Бу борада “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Миллий телерадиокомпания билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатиб, барчамиз учун қадрдон мультфильмларни (янги форматдаги мультфильмлар тайёр бўлгунча) телеканалларга тақдим этишга тайёрлиги эътиборга молик.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг