Йил якунланди, аммо вазифалар кўлами кенг: Хоразм вилоятидаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолиятига назар

0
28

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайси соҳа ходимлари билан мулоқот олиб бормасин, раҳбар ва мутасаддиларни, энг аввало, аҳоли ичига кириб боришга, уларнинг дарду ташвишларини тинглашга ҳамда фуқароларни ўйлантираётган масалаларда яқиндан ёрдам беришга даъват этади. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат кўрсатиши лозим, деган ғояни илгари суради. 2017 йил халқимиз ҳаёти ва қалбидан чуқур жой эгаллагани аниқ. Бу, албатта, бежис эмас. Чунки, энг аввало, аҳоли учун кенг мулоқот майдони яратилди. Иккинчидан, фуқароларнинг қонун билан кафолатланган ҳақ-ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш ва талаб этиш тизими шаклланди. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалишига, бюрократиянинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ушбу жараёнда фаол иштирок этишга интилаётир. Буни ЎзМТДП Хоразм вилоят ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида партиялар фаолиятига ҳам танқидий назар ташлаб, уларнинг айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти қониқарсиз экани, йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, орзу-ниятларини рўёбга чиқаришда “Ёшлар қаноти”нинг фаоллиги сезилмаётганини таъкидлаган эди. Ушбу танқидий таҳлиллардан келиб чиқиб, ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” фаоллари партия гуруҳлари билан ҳамкорликда ўз иш режаларини белгилаб олдилар. Улар шаҳар ва қишлоқларда хонадонма-хонадон юриб, ўқимайдиган ва ишламайдиган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш чораларини кўришяпти.

Масалан, партиянинг Янгиариқ туман кенгаши ва халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари Чиқирчи қишлоғидаги “Ангариқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлиб, 320дан ортиқ уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг бир қатор муаммоларини ижобий ҳал қилишга эришдилар. Шунингдек, ушбу маҳалладаги 20-умумтаълим мактабини капитал таъмирлаш ва иситиш қозонини алмаштириш депутатлик сўрови воситасида ҳал этилди. Худди шундай Гурлан туманидаги
Маърифат ва Навбаҳор маҳаллаларида яшовчи уюшмаган ёшлар билан учрашган депутатлар уларда мавжуд муаммоларни ўрганди. Мулоқотлар чоғида Маҳмуджон Солиев ҳамда Алибек Ўрозметов ишга жойлашиш борасидаги мурожаатларига биноан тумандаги мавжуд иш ўринлари билан таништирилди ва ўзларига маъқул иш билан таъминланди. Шунингдек, Севара Эгамованинг хотин-қизлар соғлиғини муҳофаза қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишда патронаж ҳамширалар фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлари туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига етказилиб, ижобий ҳал қилишга эришилди.

Партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги амалий ишлар ҳам фуқаролар, айниқса, ёшларда  ҳа¸тида яхши из қолдирмоқда. Лойиҳа доирасида вилоят бўйича 130 нафардан ортиқ ёшлар ва аёллар етук мутахассислар ҳамда моҳир усталар жалб этилган турли фан, тикувчилик, тўқувчилик, кўрпадўзлик, каштачилик каби ҳунармандчилик тўгаракларига қамраб олинди.

ЎзМТДПдан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг сўровлари жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топиш, корхона ва ташкилот раҳбарларининг эътиборини мавжуд муаммоларга жалб қилиш ва уларни ҳал этишда ўз самарасини бермоқда. Ўтган йил давомида партия гуруҳлари аъзолари 350 га яқин депутатлик сўровларини амалга оширди. Ушбу сўровлар асосида ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзини белгиловчи асосий омиллар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, коммунал хизматлар, бандлик, ижтимоий муҳофаза, жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларда тўпланиб қолган муаммоларга ечим топилди. Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зафар Каримовнинг Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига йўллаган сўровида Хонқа тумани Намуна қишлоғи Туркистон маҳалласи ҳудудида ер ости сувларининг юқорилиги сабабли ҳудуд аҳолисининг мулки ва томорқа ерларига маълум даражада зиён етаётгани қайд этилган. Депутат сўровида кўтарилган ушбу масала бошқарма томонидан ўрганилиб, ҳудуддаги сув дренаж тизимлари, ариқ-зовурлар талаб даражасига келтирилди, зах сувлар таъсири бартараф этилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Юсуфбой Рўзметов Боғот тумани Деҳқонбозор қишлоғидаги 107 та хонадонга электр энергияси етказиб беришда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатиб, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига депутатлик сўрови билан мурожаат қилган эди. Ушбу масала 2018 йилги туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маҳаллий дастурга киритилиб, ҳудуддаги мавжуд трансформатор янгисига алмаштириладиган бўлди.

Халқ депутатлари Гурлан туман Кенгашига партиядан сайланган депутат Шавкат Ражабов Навбаҳор маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Ҳамро Тилововни ногиронлик аравачаси билан таъминлаш бўйича туман тиббиёт бирлашмасига юборган депутатлик сўрови ҳам ижобий ҳал этилди.

2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш йиғилишларида партия дастурий вазифалари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда элликка яқин мансабдор шахснинг ҳисоботлари тингланди, уларнинг фаолиятига доир зарур таклиф ва тавсиялар берилди. Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари йиғилишларига 60 дан ортиқ таклифлар олиб чиқилди ва қарорлар қабул қилинди. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижроси бўйича жойларда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Партия фаоллари ва депутатлик гуруҳларининг саъй-ҳаракати билан барча тумандаги маданий мерос объектлари рўйхати шакллантирилди. Ушбу объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги масала маҳаллий Кенгашлар сессия­ларига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Бундай саъй-ҳаракатлар вилоят ҳудудидаги нодир объектлар, тарихий обидаларга сайёҳларни кенг жалб этиш, туризм ривожини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Йил сарҳисоби ижобий натижалар билан бирга, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлигини, партия ташкилотлари ҳамда депутатлар ўз ваколатларидан талаб даражасида, самарали фойдаланмаганини кўрсатади. Ҳудудда қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, муайян масала ва муаммоларни ҳал этиш бўйича янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришда вилоятдаги партия ташкилотлари ҳамда гуруҳларида ташаббускорлик, қатъиятлилик, ўз зиммасидаги устувор вазифаларга масъулият билан ёндашиш ҳисси етишмади.

Йил сарҳисобини қилиш фурсатида улгурганимиз ютуғимиз, улгуролмаганимиз эса кейинги йилда зиммамизга янада улкан вазифа юклайди. Депутатнинг масъулияти эса ушбу ўринда оддий фуқароникидан кўра бир неча ҳисса ортиқ. Халқ улардан янги йилда янги ташаббус ва ғояларни кутади. 2018 йилда партия ташкилотлари ҳамда депутатлар ҳамкорликда ЎзМТДП дастурий вазифаларини ҳаётга татбиқ этиши, амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозим.

Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг