Муаммолар ҳал этилмоқда

0
33

Кундалик ҳаётимизда қандайдир муаммога дуч келсак, бу масаланинг ижобий ҳал этилишига умидвор бўлиб, тегишли идорага мурожаат қилишимизга тўғри келади. Шундай пайтда мутасаддилар мурожаат қилувчиларни диққат билан эшитиб, муаммолар ҳал бўлишига амалий ёрдам қилса, одамларнинг давлат идораларига ишончи янада мустаҳкамланади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ташкил этаётган сайёр қабулларда фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилмоқда, қолганлари депутатлик назоратига олинмоқда. Жумладан, Гулистон, Сайхунобод туманлари, Янгиер ҳамда Ширин шаҳарларида ташкил этилган сайёр қабуллар фуқаролар фаоллигида ўтди. Гулис­тон ва Сайхун­обод туманларидаги  тадбирда  фуқаролардан келиб тушган 30га яқин мурожаатнинг асосий қисми депутатлар кўмагида ижобий ҳал этилди.

Янгиер шаҳрининг “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайёр қабулда фуқаролар нафақат ўзларини қийнаётган муаммолар, балки маҳалла ва шаҳар ҳаётига дахлдор масалалар ҳақида ҳам мурожаат қилди.

— Маҳалламиздаги Баҳор кўчаси жуда серқатнов, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси ушбу йўл бўйида жойлашган, — дея сўз бошлади “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муҳаммад Худоёров. — Кўчада эртадан кечгача транспорт ва пиёдалар қатнови тинмайди. Пиёдалар ўтиш жойи йўқлиги сабаб кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлмоқда. Шу боис Баҳор ва Фузулий кўчалари кесишмасида пиёдалар учун йўлак бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ўз навбатида, йўл четига пиёдалар ўтиш белгисини ўрнатиш лозим. Шу масалани ҳал қилишда амалий ёрдам берилишини сўрадим. Мурожаатимни ўрганиб амалий ёрдам берадиган бўлишди.

Фуқаро Каримқул Латипов “Гулшан” кўчасида ичимлик суви учун асосий қувур тортилганлиги, улар орқали келаётган ичимлик суви эса истеъмолга жавоб бермаслиги айтиб, мазкур муаммони ҳал қилишда ёрдам сўради. Маълум бўлишича, ичимлик сувидан бадбўй ҳид келади, бу эса инсонлар соғлиғига таъсир этмай қолмайди. Муаммони ҳал қилиш учун санитария-эпидемиология назорати марказининг лаборатория таҳлилларини олиш мақсадида депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Партия фаоллари халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари  иштирокида бўлган мазкур сайёр қабулда аксарият масалалар шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. Қолган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.

Ширин шаҳри марказидаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган сайёр қабулда ҳам фуқароларни ўйлантираётган муммолар ўрганилди.

— Етти фарзанднинг онасиман, ўғлим
Худойбердининг 14 ёшда боши  шикастланган, руҳий касал, — деди Муяссархон Қудратова. — Уни даволатишга ҳаракат қилдик. Афсуски, натижа бўлмади. Яқинда фарзандим 30 ёшга тўлади. Уни вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтказиб турамиз. Шу боис боламга ногиронлик нафақаси белгиланишида амалий ёрдам сўрадим. Партия вакиллари ушбу мурожатимни ўрганиб амалий кўмак берадиган бўлди.

Фуқаро  Шавкат Назаровнинг айтишича,
Ширин шаҳри вилоят марказидан  анча узоқ. Марказга бориш учун мунтазам қатнайдиган транспорт йўналиши мавжуд эмас. Аҳолининг узоғини яқин қилиш учун  Ширин-Гулистон йўналишида автобус қатновини ташкил этиш зарур.  Мазкур масала юзасидан ҳам мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юбориладиган бўлди.

Сайёр қабулда Людмила Далина ер ресурслари ва давлат кадастри тизимининг шаҳар бўлими ҳодимлари унинг дала ҳовлиси ҳужжатларини расмийлаштиришни пайсалга солаётганидан шикоят қилган бўлса, Акмал Воҳидов ўз соҳаси бўйича иш топишда, Муҳиддин Раҳмонқулов Амир Темур маҳалласидаги кўп қаватли 5-уй олдида болалар майдончаси қуришда, II гуруҳ ногирони Алишайх Тошқўзиев пойабзал тикиш устахонаси барпо қилишда, Умид  Сиддиқов чорва учун  кредит олишда амалий ёрдам сўраб партия фаоллари ва депутатларига мурожаат қилди. Мазкур мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топилди. Қолган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот  раҳбарларига депутатлик  сўрови жўнатилиб назоратга олинди.

Сайёр қабулдаги мурожаатлардан кўриниб турибдики, фуқароларимизда дахлдорлик туйғуси, ҳуқуқий маданият юксалмоқда.  Аҳоли фақат ўзларини ўйлантираётган  масала юзасидан эмас, балки умумжамият манфаатлари билан қизиқмоқда. Мухтасар айтганда, фуқароларни қийнаётган, ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш уларни  бартараф этишда  ЎзМТДП ташкилотлари ва гуруҳлари фаол ва ташаббускор бўлса, аҳолининг партиямизга ва маҳаллий Кенгашлардаги вакилларимизга бўлган ишончи янада ортади.

Зуҳриддин РАҲМОНОВ,
ЎзМТДП фаоли

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг