Шиддатли ислоҳотларнинг янги босқичи: барчамиздан янада катта куч-қувват билан ишлашни тақозо этмоқда

0
62

Жаҳондаги тараққий топган аксарият мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаат­нома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этгани давлат бошқарувининг бундай демократик усули мамлакатимизда ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиш билан бирга, уларга янги куч, янги қувват, янги шиддат бағишлади.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини тинглаб, бугун – 2017 йилнинг поёнига яқинлашаётиб, балки бу шиддатли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси бўлганимиздан Ватанимиз ва халқимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга кунларни яшаб ўтаётганимизни тўлиқ англамай қолганимизни ҳис этдик. Чиндан ҳам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимиз ҳаётига доир ҳар бир қарор халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинди. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя барча соҳада фаолият мезонига айланди.

Давлат идоралари ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечимига киришди. Шу маънода 2017 йил – халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, инсонларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди.

Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаат­лари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институтига, халқимизнинг нажот қўрғонига айланди. Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу тарихий маърузасида ҳар бир соҳа бўйича аччиқ ҳақиқатлар рўй-рост айтилгани барчамизни яна бир бор сергак торттириб, ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқишга ундади. Хусусан, бунда ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролига алоҳида тўхталиб ўтилди. Маълумки, 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши зарурлиги таъкидланган, амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган эди.

Президентимиз бу борада оғриқли саволни кун тартибига кўндаланг қўйдилар: “Бу дастур ижросидан халқимиз қандай наф кўрди? Қайси депутат ёки сенатор одамларимизнинг оғирини енгил қилишга, соғлиқни сақлаш, экология, коммунал хўжалик, таълим ёки бошқа соҳаларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга қандай ҳисса қўшди?”.

Албатта, бу борада сиёсий партиялар муайян ишларни амалга оширди, бироқ, бугун рўй-рост бир ҳақиқатни тан оладиган бўлсак, ҳали биз, парламент вакилларининг халқимиз олдида қарзимиз кўп. Ҳали халқ ишончини тўла оқлай олдик, деб айта олмаймиз.

Давлатимиз раҳбари бу борада келтирган бир мисол – 2017 йил давомида билдирилган 136 та қонунчилик ташаббусидан бор-йўғи 27 таси депутатларга тегишли экани, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президентнинг фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар экани айни ҳақиқат.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида “Нима, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат Президент фармон ва қарорлар қабул қилиши керакми? Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш?”, деганларида, гапнинг рости, ер чизиб қолганимиз ҳам айни ҳақиқат. Ростдан ҳам эл-юртимизнинг халқ ноибларидан умиди катта. Депутат ёки сенатор бўлиб сайландик, энди ўзимиз хоҳлаганча юрамиз, деган гаплар ўтмишда қолиб кетди.

Аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалаларни тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этишга катта куч билан киришиш, бу борада маҳаллий Кенгашларда амалий натижаларга эришишимиз керак. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади”.

Давлатимиз раҳбари парламентимизнинг энг муҳим фаолияти – қонун ижодкорлиги борасидаги камчилик ва нуқсонларни рўй-рост айтди: “аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда”. Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Яна таъкидландики, “бундан буён турли дастурлар ижроси доирасида қонун қабул қилиш амалиётини қайта кўриб чиқамиз”.

Бу борада ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат аниқ: қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Шу боис ҳам Президентимиз “ҳар бир қонун лойи­ҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак”, деб таъкидлади.

Бу борада яна бир хайрли ташаббус –
Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш, мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикр­ларини билдиришлари учун “Менинг фик­рим”, деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш ғояси ҳам катта аҳамиятга эга. Хусусан, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартиби амалиётга татбиқ қилинса, бу ҳам халқнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади. Аслида ҳам демократия дегани шу. Яъни бир гуруҳ фуқаролар илгари сурган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши шарт. Энди бу тартиб қонунда белгилаб қўйилади.

Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масала – барча соҳада вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партия­лар ролини янада кучайтириш кераклигини, бу жараёнда ҳам рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Аслида ҳам қоғозда юзлаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммо ҳал қилиб берилса, одамлар ўзи сайлаган вакиллардан рози бўлади.

Президентимиз Мурожаатномасини ўқиб-ўрганиш, кенг тарғиб қилиш, унда илгари сурилган таклиф ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишда сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этиши лозим. Мурожаатномадан келиб чиқиб, партиямиз ҳамда парламент қуйи палатасидаги фракциямизнинг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Унда Президентимиз нутқининг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда  қонунчилик ташаббуси, парламент назорати ҳамда Мурожаатномани тарғиб-ташвиқ этиш йўналишларида депутатларимиз ҳамда партия ташкилотларимиз томонидан амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар ўз ифодасини топди. Фракциямиз аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, қонун ташаббус­корлиги ҳуқуқидан самарали фойдаланиши, янги ташаббуслар­ни илгари суриши лозим. Янги 2018 йилда “Туризм тўғрисида”, “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни ўз олдимизга мақсад қилдик. Қонун ижодкорлиги жараёнларида Президентимиз таъкидлаганидек, энг қуйидан бошлаб таклифларни ўрганишни янада тизимли равишда йўлга қўямиз. Бунда бошланғич партия ташкилотларимиздан тортиб, туман, шаҳар, вилоят кенгашларимиз ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизга муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларини тақдим этиб, уларнинг таклифларини қонунчиликка киритишга эътибор қаратамиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлган Президентимиз Мурожаатномаси барчамизга янги куч-ғайрат, келажакка мустаҳкам ишонч, юксак марраларни кўзлаб ҳаракат қилиш иштиёқини бағишлади. Бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Барчасига меҳнат, ғайрат ва бор куч-қувватни бирлаштириш орқали эришиш мумкин. Муҳими, Президентимиз таъкидлаганидек, ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак бўлди. Шунда кўзланган барча марраларга, албатта, етамиз.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси


 

Янги ғоя ва ташаббуслар депутатларни янада уйғоқликка чорлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  мамлакатимиз парламентига тақдим этган  Мурожаатномасини нафақат Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек,  видеоконференция алоқа тизими ҳамда телевидение воситасида тўғридан-тўғри узатилгани боис халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларига сайланган депутатлар ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, миллионлаб юртдошларимиз ва хорижлик фуқаролар бевосита эшитиш ва кўриш имконига эга бўлди. 

Дунёдаги аксарият тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг гарчи миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд бўлса-да, лекин у ҳар доим ҳам мамлакат ҳаётида туб бурилиш ясай олмайди. Бироқ Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўп миллатли халқимиз ва фуқароларни ўйлантириб келаётган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг асл сабаби ва моҳияти чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг асослантирилган ечими кўрсатиб ўтилгани беқиёс аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби натижасида ривожланиш фуқароларимиз ҳаётида эмас, фақат қоғозда акс этгани холис танқид қилинди. Илгари миллионлаб иш ўринлари яратилгани таъкидланса-да, лекин Мурожаатномада айтилганидек, аҳолини иш билан таъминлаш долзарб муаммолигича қолиб келган. Айниқса, хорижий кредитлар самарасиз ишларга сарфлангани иқтисодиёт ривожига халақит берибгина қолмай, истиқболли йирик лойиҳаларни белгилаш ва амалга оширишда жиддий хатоликларга йўл қўйилгани ачинарли ҳолат экани қайд этиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бир қатор янги ғояларни, қонунчилик ташаббусларини илгари сургани депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Хусусан, жазони ижро этиш муассасалари тизимини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш доирасида 2018-2022 йилларда тегишли чора-тадбирлар дастури, жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш, ягона Сайлов кодекси, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги ва “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масалалари ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга хизмат қилади. Ўз навбатида, Олий Мажлис палаталари ваколатларига таал­луқли ушбу масалаларда сенаторлар ва депутатлар, авваламбор, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт, деган тамойилдан келиб чиқиб фаолият олиб боришимиз лозимлигини англаб етдик.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномаси Ўзбекистон Республикасининг эртанги куни, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган дас­туриламал сифатида биз депутатларни яна бир карра уйғоқликка, янги, илғор ташаббус ва ғоялар билан фаолият кўрсатишга ундади.

  Акмалжон УМИРЗОҚОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


 

Айни кўнглимиздаги гаплар…

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент аъзоларига Мурожаатномасини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладик. Унда ҳар бир масала юзасидан билдирилган фикрлар, аниқ далил ва таҳлиллар, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ҳамда ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари, келгусидаги муҳим вазифалар тўғрисида илгари сурилган ғоя ва таклифлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки халқаро жамоатчилик вакилларининг ҳам эътиборини тортди.

Муржаатномада кўп соҳалар қаторида туризм­ни ривожлантириш, бу борада мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш борасидаги фикр-
мулоҳазалар бизни бефарқ қолдирмади, албатта.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда ҳудудлар ўртасида йўл-патрул постларининг эски тартибда жойлашгани транспортларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бу ҳақ гап. Чунки ҳар бир постда йўл-патрул хизмати ходимларининг ҳужжатлар ва юкларингизни кўздан кечириши сайёҳ нари турсин, ҳар қандай кишининг дилини ҳуфтон қилади.

Хориж тажрибасидан мисол келтирайлик: Америка Қўшма Штатларининг ҳудудий бирликлари ўртасида ҳам, Европанинг аксар давлатлари чегараларида ҳам йўловчилар бу каби назоратдан ўтмайди. Мамлакатимизда ҳар бир вилоят ҳудудига кириш ва чиқишда йўл-патрул постлари назоратидан ўтишга юртимиз аҳолиси-ку кўникиб кетган бўлиши мумкин, лекин хорижлик сайёҳлар учун бу ғайритабиий кўринади.

“Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири — бу туризмдир. Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган”, деди Президентимиз ўз Мурожаатномасида.

Туризмни ўз иқтисодиёти асосига айлантириб улгурган кўплаб мамлакатлар, шаҳарлар мавжуд.
Париж, Дубай, Лондон, Рим, Истанбул, Куала-Лумпур, Сидней мана шундай шаҳарлар, Миср, Малайзия, Таиланд, Коста-Рика, Монако кабилар мана шундай мамлакатлар сирасига киради. Ўзбекистонда ҳам ҳали ишга солинмаган ички ва ташқи туризм, экотуризм салоҳияти, соҳани ривожлантириш ва туризмни иқтисодиётнинг асосий локомотивига айлантириш учун катта имконият мавжуд.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш зоналари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин. Бу соҳага хорижий инвестицияни фаол жалб этган ҳолда зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш мамлакатимизни туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради.

Ислом дунёсида Самарқанддаги Имом Бухорий маж­муасини зиёрат қилиш ҳаж сафаридан кейинги ўринда турар экан. Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида бу йўналишга ҳам эътибор қаратиб, Самарқанд,
Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган “кичик ҳаж” дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Юртимизда мавжуд муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш аждодларимиз ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш, қалбларда эзгулик, имон, аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга садоқат туйғулари шаклланишига хизмат қилади. Бу, айниқса, ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга экани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Юртимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қаровсиз қолган қадамжолар, маданий мерос объект­лари қайта тикланди, уларни ободонлаштириш ишлари айни кунларда ҳам давом этмоқда. Соҳага тегишли қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида ҳам туризмни ривожлантириш, соҳада янги йўналиш­ларни очиш, бу йўналишдларда тадбиркорлик фаолиятини олиб боришни кўзлаган аҳоли вакилларига моддий ва маънавий кўмаклашиш каби мақсад-вазифалар белгиланган. Сайловолди платформасида назарда тутилган чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ишлар янги 2018 йилда ҳам изчил давом этади. Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида туризм соҳаси бўйича айтиб ўтилган фикр ва ғоялар партиянинг мазкур йўналишда ўз олдига қўйган вазифаларни сидқидилдан адо этишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бахтиёр ҲАСАНОВ,
ЎзМТДП Марказий
кенгаши аъзоси


 

Одамлар дарди билан яшашимиз лозим

22 декабрь куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этди. Мазкур Мурожаатнома давлатимиз раҳбарининг якунланаётган йил бўйича халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботи ҳам бўлди. Шунингдек, Мурожаатномада мамлакатимизни келгусида ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қанча қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Юртбошимиз маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳақида алоҳида тўхталиб, қачонки ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет  ижроси тўлиқ таъминланса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади, дея таъкидлади. Шунинг­дек, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида рўй бераётган ўзгаришлар фақат рақамларда акс этаётгани, афсуски, биронта туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилмаганини ҳам айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, жойлардаги масалаларни ҳал этиш, янги ташаббусларни амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳамда депутатларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Сиёсий партияларнинг маҳаллий вакиллик органларидаги  гуруҳлари сайловолди ваъдаларини амалга ошириши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши, муаммоларини жойида ҳал этиши лозим. Партия гуруҳлари аъзолари ҳамкорликда, бир ёқадан бош чиқариб фаолият кўрсатса, иш унумдорлиги янада ошиши, сайловчи ва электорат манфаатлари ҳамда партия дастурий мақсад-вазифаларининг ижроси таъминланиши шубҳасиз. Халқ билан мунтазам мулоқотда бўлиш, уларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор билан ёндашиш, одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга кўмаклашиш депутатлар зиммасидаги муҳим вазифадир.

Бугун сиёсий партиялар ҳамда улардан сайланган депутатлар фаолиятига партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига, электорат ҳамда сайловчилар манфаатларини нечоғлик ҳимоя қилаётгани, одамларни ўйлантираётган муаммоларга қай даражада ечим топаётганига қараб баҳо берилади. Ана шундан келиб чиқиб, биз партия вакиллари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан ҳамкорликда Президентимиз томонидан белгилаб берилган ҳар бир вазифанинг ҳудудимиздаги ижросини таъминлашда фаол иштирок этамиз. Бунда партия гуруҳлари фаолиятини янги босқичга кўтариш, амалий ишларини янада кўпайтиришда партия ташкилотлари ҳам кўмакдош бўлади. Депутатлар, партия гуруҳлари ўзларига берилаётган ваколатлардан самарали фойдаланиб, янада жонкуярлик билан меҳнат қилса, ташаббускор бўлса, Президентимиз таъкидлаганидек, фақат рақамларга эмас, аниқ натижага эришилади. Пировардида аҳоли ўзи қўллаб-қувватлаган партия, ўзи сайлаган депутатдан рози бўлади, унга ишончи ортади.

Қурбон ЧОРШАНБИЕВ,
ЎзМТДП Қумқўрғон
 туман кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг