Йўл бошида

0
25

Мустақилликнинг илк чорак асрида буюк келажакнинг тамал тоши қўйилди, давлатимизнинг ҳуқуқий асослари яратилди, дунё ҳамжамиятида ўрнимизни тайин этдик. Умуман, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар кўп. Шак-шубҳасиз, буларнинг бари Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг номи ва фаолияти билан боғлиқ. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди ва унга мувофиқ мамлакатимзда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Бир ҳақиқат аёнки, Биринчи Президентимиз муваффақиятларга осонликча эришмаган. Зеро, қарийб саксон йиллик темир исканжадан чиқиб кетиш осон эмасди. Қуйидаги лавҳада ҳам ана шундай изтиробли, айни пайтда умидли дамлар ҳақида ҳикоя қилинади…

Дунё сиёсат империяси  ўтган асрнинг сўнгида шундай улкан театр (томошаси)ни юзага келтирдики, унинг оқибатида ижрочилар ҳам, томошабинлар ҳам жабр кўрди. Муаллифлар ҳам четда қолгани йўқ. Орадан чорак аср ўтиб, ер юзининг қайсидир пучмоғида бирор фавқулодда ҳолат (албатта, ижтимоий ҳаётда) рўй берса, экспертлар ҳамон ўша “ўйин”нинг  касри борлигини эътироф этишмоқда. Бу воқеликнинг кўлами шунчалик салмоқли эканки, барча соҳаларда тарозининг палласи алмашиб кетди, қолаверса, лопиллаб қолган шайин ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Ўша бўҳрон (агар уни шундай аташ мумкин бўлса), жуда оддий тарзда, ҳеч бир оғриқсиз (силкинишлар бўлган, бунга одатдаги эмлаш вақти суқиладиган нинанинг оғриғидек қаралган), шундай бўлиши керакдек, табиий йўсинда содир бўлган. Ҳатто кўпчилик навбатдаги “реформа” амалга ошса, ҳаммаси жойига тушиб кетадигандек, унинг тезроқ ҳаётга тадбиқ этилишини интизорлик билан кутишган. Ҳеч нарса одамларни ҳайрон қолдирмасди. Жумладан, Қашқадарё вилоятига янги биринчи раҳбарнинг сайланиши ҳам оддий қабул қилинган.

Ўша пайтда қарор топган тартибга кўра, янги раҳбар, албатта, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашар, ўз режалари билан ўртоқлашарди. Қиш кунларининг бирида обкомнинг катта залига вилоят ва туман газеталари муҳаррирлари, радио эшиттириш ва телевидение ходимлари, таклиф қилинди. Ҳаяжонли ўша лаҳзалар ҳамон эсимда. Бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятда ҳам аҳвол ташвишли. “Пахта иши”дан жабр чекмаган оила кам қолган, яна майда-чуйда ички муаммолар ҳам юзага чиқиб, одамлар юз йиллик хусуматини пеш қилиб ёқавайрон бўлиб ётган палла… Бўлиниб қолган икки қишлоқ қўшилмоқчи, бошқаси ерини қайтариб олмоқчи, бир тўда “зўр”лар ўзининг одамини “катта” қилмоқчи, хуллас, арининг уяси бузилган-у, асаларичи гумдон бўлган. Муболағасиз  айтганда, вазият издан чиққан, назорат йўқолганди. Шикоятчилар  обком биносига кираверишдаги зинапояларга  тўшак ташлаб ўтириб олганча,  ҳатто тунлари ётиб қолиб, биринчи раҳбарни пойлайди. Узоқ қишлоқлардан одамлар пиёда кунлаб йўл босиб, Қаршига оқиб келади. Ана шундай шароитда вилоят аҳли янги раҳбардан мўъжиза кутгани ҳам  бор гап, чунки  аҳволни ўнглашнинг реал имконияти қолмагандек, “кўзадан чиқиб кетган жин қайтиб жойига кирмайдигандек” эди. Ислом Каримов ана шундай кунларда вилоятга раҳбар бўлиб борганди.

Биз ҳам яхши иситилмаган улкан хонада бугун мўъжизанинг илк дафъа учқунлари содир бўлишини кутиб ўтирардик. Белгиланган вақт бўлди. Нафаслар ичга  яна чуқурроқ тушиб, нигоҳлар саҳнага ўқдек қадалди. Аммо, таас­суфки, минбарда биров кўринавермасди. Шу алпозда дастлабки беш дақиқа ўтди. Зеҳнлар борича очилди, интиқлик баттар кучайди. Бироқ ўн дақиқа ўтганда ҳам биринчи раҳбарнинг қораси кўринмасди. Залда пичир-пичир, шивир-шивир бошланди. Бу ҳолга изоҳ берадиган бирор валломат  топилмасди. Шу билан яна беш минут ўтди. Энди овозлар кучайиб, маломатлар ҳам очиқча эшитила бошлади. Иззатталаб қаламкашлар бу ҳолни ўзларига нисбатан беписандлик тарзида қабул қилишганди. Ниҳоят, йигирма, ҳатто ундан ҳам бир-икки дақиқа кўп ўтгач, саҳна томондан шовур пайдо бўлди ва биринчи бўлиб баланд бўйли, тик қоматли  одам, изидан мулозимлар кириб келди. Менинг дастлабки таассуротим – бу киши биз кўриб ўрганган жиддий, башараси тунд, совуққон раҳбарларга бутунлай ўхшамасди, у кўпроқ донишмандга, алломага менгзаб кетарди. Шу дамда кўнглимдан бир иштибоҳ ўтган (рост!): домла бу издиҳомда қийналиб қолмасмиканлар?

Бошловчи Ислом Каримовни таништиргач, унга сўз берилди. Нотиқ  бошида кечиккани учун (унга изоҳ бермади) узр сўради ва босиқ, бир қадар ёқимли овозда анча гапирди. Ўзбекчага бир оз қийналса-да, иложи борича русча сўзларни аралаштирмасликка  ҳаракат қиларди. Унинг нутқи тушунарли ва дилга яқин эди. Тингловчилар ўзларини ташвишлантириб турган кўплаб саволларга жавоб олаётганди. “Биз халқимизнинг одамгарчилигига, ақлу тафаккурига суянамиз, — деганди ўшанда
Ислом Каримов. Билиб қўйинглар,  масалаларни шовқин-сурон, бақир-чақир билан ҳал қилиб бўлмайди. Ҳамма муаммонинг ечимини ҳамжиҳатликда, тинч йўл билан топамиз. Ҳаммасини ҳал қиламиз”.   Йиғилишдан қатнашчилар дили ёришиб, эртанги кунга ишонч билан тарқалди…

Вилоятда биринчи раҳбарнинг борлиги тезда билинди. Бирданига гдлянчиларнинг дасти қирқилди, қама-қамаларга чек қўйилди. Оқсоқоллар, кайвонилар, ақли-ҳуши ўзида бўлган жами кишилар оёққа турғазилди. Тезда барқарорлик таъминланди. Одамлар  эс-ҳушини йиғиб олиб, атрофига ҳушёр назар билан қарай бошлади. Жамиятда етти ўлчаб, бир кесиш муҳити юзага келди. Бу ҳол дастлабки даврда катта ютуқ эди.  Шундай қилиб, тугунлар ечила борди, ихтилофларга чек қўйилди. Ростдан, маҳалла маҳалла билан, у кўча  бу кўча билан (айниқса, демократия ниқоби остида, миллий менталитет билан  ҳисоблашмай  ҳамма раҳбарларнинг сайлаб қўйилишга ўтиши тарафкашлик, гуруҳбозликни авж олдириб юборганди) ёвлашиб қолганди.  Вилоят раҳбарининг матбуот анжуманига кечикиб келишининг  сабаби ҳам шундай иллатнинг касри бўлган.

Чўлдаги хўжаликларнинг бирида директорликка “сайлов” ташкил қилинган. Икки катта гуруҳ икки “зўр”ини лавозимга тавсия қилган, ютиб чиқиш учун ҳамма йўлларини излашган. Икки томон ҳам бўй бермайди. Бир неча кун, ҳатто ҳафталаб чўзилган можарога чек қўйиш учун тарафлар бир жойга тўпланганлар. Вилоят, тумандан вакиллар бўлган. Даҳанаки жанг асносида бир томоннинг “лидер”и мазаси қочиб йиқилган ва кутилмаганда шу жойнинг ўзида жон таслим қилган. Вазиятни тасаввур қилаверинг. Ур-йиқит. Эшик-дераза, стол-стулдан бутуни қолмаган. Тонг отгач, йўқотиш рўй берган томон одамлари Қаршига йўл олиб, “вилоят  янги раҳбарининг шахсан ўзи” қабул қилишини, бўлмаса, билганларидан қолмаслик­ларини изҳор этишгач, Ислом Каримов улар билан учрашишга мажбур бўлган экан.

Вилоятда тоза ҳаво кеза бошлади. Бу ўзгаришлар миллионлаб инсонларнинг кўз ўнгида содир бўлаётган эди. Одамларда умид ва ишонч, рўзғорларга рўшнолик, далаларга қут-барака қайтди. “Пахта иши” билан ноҳақ қораланганлар оқланди, бундан қанчалаб шикаста диллар  малҳам топди. Бундай тикланиш ва бунёдкорлик маъракасини Ислом Каримов ўзини жабрдийда халққа яқин олиб, дарду ташвишларини баҳам кўриб, инсоний фазилатлари билан одамлар меҳрини қозониб юзага келтира олди. Ўша йиллар сиёсий ва раҳбарлик маҳоратини  тўла намойиш этиш, ботинидаги бутун истеъдодини  бўй-басти  билан юзага чиқариш, қолаверса, ҳаёт-мамот йиллари бўлганини бугунги кун мезонлари тасдиқлаб турибди. “Одам бошига иш тушиб, ўз кучидан фойдаланмагунча  нималарга қодирлигини билмайди”  деган экан И. Гёте.  Қашқадарёдаги фаолияти давомида Биринчи Президентнинг бутун иқтидори юзага чиқди, хайрли ишларда намоён бўлди ва халқ ҳаётида ижобий натижалар берди, деб айтиш мумкин.

Янги раҳбар қалтис вазият қаршисида эсанкираб қолмаганини, балки ишга ижодкорлик билан ёндашиб, вақтида зарур чораларни кўрганлигини у амалга оширган ўзгаришларни бугун назардан ўтказиб, тасдиқлаш ўринли бўлади. Ечимини кутиб ётган муаммолар эса етарли эди. Улар оилавий можаролардан тортиб уй-жой масаласи-ю, ерларнинг шўрланиб кетишидан об-ҳаво инжиқликларигача бўлган узун уфқда чўзилиб ётарди. Ўша йил қишда нам деярли тушмади. Чигит экиш палласи яқинлашганда муаммо пайдо бўлди. Чўл томонларда ер қуриб кетган, ерга тушган чигит униб чиқадими, деган савол ташвиш туғдирди. Кимлардир пушталарга сув тараб экишни, бошқалар чўчимай уруғ қадайверишни таклиф қилди. Бундай масалалар кўп эди, шуларни ҳисобга олиб, Пахтачилик кенгаши тузилди. Унга тажрибали деҳқонлар, етук раҳбарлар, олимлар киритилди ва уларнинг таклифи ҳал қилувчи мавқега эга бўлди. Бошқа соҳаларда ҳам Ислом Каримов маҳаллий шароит ва тажрибадан келиб чиқиб йўл тутишга изн берадиган кўплаб ислоҳотлар (у янгиликларни чўчимай шундай аташ мумкин) жорий қилди. Бу борада тоталитар тузумнинг темир қолип­лари-ю, “юқори”нинг зуғумлари писанд эмас эди. Вилоят раҳбари аҳволни донолик билан баҳолаб, ечим топишда ирода ва жасорат намоён этганди ўша йилларда. Пахта терими учун тўланадиган 5 тийин ҳақни бирданига 20 тийинга кўтаргани шов-шув бўлиб кетганди. У оддий меҳнаткаш одамнинг иззатини жойига қўйиш учун кўп ишлар қилди. Ҳатто таниқли шоир Абдулла Орипов Тошкентда бироз четлатилиб қолганда, “Абдуллажон, Қаршига кўчиб келинг, Сизга ҳамма шароит­ни яратиб берамиз” деб катта йиғилишда айтгани қашқадарёликларнинг ёдида. (Ардоқли шоир кейинчалик “Ислом ака мени эмас, мен Ислом Абдуғаниевични чақириб олдим”,  дея ҳазиллашиб юрарди).

Умуман, биринчи раҳбар сифатида халқнинг ишончига сазовор бўлганди, одамлар унга суянарди. Айниқса, бир воқеа муносабати билан бу ҳол яққол намоён бўлган. Нима бўлди-ю, ўзи охирати яқинлашиб қолган собиқ марказ ислоҳот ўтказишни истаб қолди: ҳудудларни яхлитлаштириш тадбири бошланиб кетди. Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари бирлашиши лозим экан. Бу гап чиққанда Ислом Каримов меҳнат таътилида эди. Ҳамманинг боши қотган, ахир ўз салоҳиятига эга вилоятнинг қисқатирилиши қанчалаб бош оғриқларни келтириб чиқаради? Бу хабарни кўпчилик изтироб билан қабул қилди (тўғри, ҳали ташкил этилмаган вилоятда қўлбола тайинланган баъзи раҳбарлар янги лавозимни”ювиш”га ҳам улгурди), лекин одамларнинг қўли ишдан совиб, ҳафсаласи пир бўлди. Вилоят газетасида ишлайман, қарийб бир ой деярли иш бўлмаган, фақат “Бу ёғи нима бўлар экан?” деган муҳокама. Энди бугун биз ўшанда Ислом Каримов (таътил ҳам татимаган) юксак сиёсий салоҳиятини намойиш этиб, марказдагиларга тўғри йўл кўрсата олгани ва ғайриҳаётий қарор бекор бўлганини билиб турибмиз. Ислом Каримов чинакамига Қашқадарёнинг устунига айланган эди. Республикага биринчи раҳбар бўлиб кетганида ҳам тоталитар тузум тартибларини ислоҳ қилишга иродаси етарли эканини Қашқадарё мисолида исботлаганди: доимий равишда рус миллатидан  марказнинг вакили сифатида тайинланиб келган обкомнинг  иккинчи котиби лавозимига маҳаллий миллат вакилини қўйган эди. Қашқадарё унга неча ўн йиллардан бери босиб турган зирҳни парчалаб ташлаш қудратини ато этганди гўё!

Маълумки, Биринчи Президентимиз Қашқадарёни ўзгача қувонч ва ифтихор билан эслар эди. Бу шунчаки ширингуфторлик, ҳатто туз ҳурмати эмас,  балки навқиронлик чоғларига, ўзини танитган, тайин этган умрига, фараҳли йилларга шукронаси ҳам эди. Ислом Каримов етарли раҳбарлик тажрибаси ва куч-қувватга тўлган бир паллада Қашқадарёга келди. Назаримда, у мазкур ҳудудда бошқа бир манзарага дуч келди. Умри тор йўлаклар аро  кезиниб, қоғозлар уммонига кўмилиб  ўтган бўлса-да, бу жойда у бепоён кенгликларга рўбарў бўлди, меҳнаткаш далалар мусаффо нафасини туйди, умри далада ўтган, бири икки бўлмаса ҳам яшашдан чарчамаган, бир тўй қилиб, борини сочиб ҳовридан тушадиган танти, дўлвор одамларни учратди.  Аксарият расмий муомалалар, силлиқ илтифотлар қуршовида яшаган бўлса, бу жойда жайдари, ҳатто, бир оз тўпори, лекин содда-самимий, юраги тоза, борини бировдан аямайдиган оқ кўнгил  кишиларнинг самимий гурунгларига дуч келди. Шафқат тилаб турган, илтижо билан боқаётган, меҳр-ҳурмат тўла нигоҳлардан  тўлқинланди. Битта умумий ҳолат – шоҳидларнинг гувоҳлик беришича (бу ҳол ТВда намойиш қилинган лавҳаларда ҳам билиниб турарди), Ислом Каримов  оддий, жайдари одамлар билан учрашишни, уларни тинглашни, хокисор дил розини эшитишни жон-дилдан яхши кўрган, улар билан суҳбати қўр олган.  Худди ота-онасини, болаликдаги қадрдонларини учратгандек яйраган.Ташвишлардан сиқилиб кетганида кенгликлар бағридаги эркин муҳитга интилган.

Ўша йилларда вилоят газетасининг ижодий ходими сифатида мен ҳам ана шу қайноқ ҳаётнинг ичида эдим. Умумий  бир аҳвол – ошкоралик шарофати билан  матбуот кучайган, журналистнинг обрўйи таъминланган. Москва газеталарини ўқиб, бош айланиб кетади: ҳаётда шунча ёлғон бор экан-да! Шундай руҳдаги мақолаларга буюртма юқори. Биз, албатта, ўзбекона андишани ёддан чиқармаган ҳолда баъзан тақлид қилар, “долзарб  мавзу”лардаги мақолаларга қўл урар, бу эса ижодий ўсишга туртки бўларди. Бошида байроқ топширишга бағишланган йиғилиш юзасидан ахборотни эплаб ёзолмаган бўлсам, шундай муҳитда улғайиб, фаолиятимнинг бешинчи йилида ичкиликбозликка берилган юртдошимизнинг фожеаси ҳақида каттагина эссе ёзишга ва у газетанинг уч-тўрт сонида давомли эълон қилинишига эришдим. Бу ҳолни ҳам вилоятда юзага келган соғлом муҳитнинг ҳосиласи деб биламан. Шунингдек, мухбир сифатида биринчи раҳбар ўтказган йиғилишларда иштирок этар, шунда бутун вилоят аҳлининг эътиборида бўлган шахсни обдон кузатар, гапларининг мағзини чақишга интилардим.

Обкомнинг кичик залида юзага чиқаётган турли норасмий ташкилотлар, партияларга муносабат билдиришга  доир йиғилиш бўлди. Биров у деди, биров бу деди, хуллас, охирида ҳамма фикрларни умумлаштириб, Ислом
Каримовнинг шундай дегани ёдимда қолган: “Биз тафаккурда юз бераётган ҳар бир ўзгаришга  ҳурмат билан қарашимиз керак. Ҳозиргача бошимизни эгиб юришга мажбур бўлганимиз ҳаммангизга аён. Ўзини оппозиция деб эълон қилаётган гуруҳларни менсимаслик ёки уларга бегона кўз билан қараш ҳам тўғри эмас. Уларнинг сафида ақлли одамлар ҳам бор. Уларни ёппасига қоралаб бўлмайди…”.  Кейинги бир сафар биринчи котибнинг иш кабинетида  бутуниттифоқ 19-партконференция муносабати билан йиғилиш бўлди. Тор доирада ўтган тадбирда матбуот ходими ҳам қатнашди. Конференцияга чет туманлардан биридаги чорвачилик фермасида ишлаётган сут соғувчи ҳам делегат қилиб сайланган эди. Гап кўпроқ аёлни қандай алпозда Москвага кузатиш ҳақида бўлди. Турли таклифлар, ҳатто сочини қандай турмаклашга доир маслаҳатларгача айтилди (тузум каби унинг тартиблари ҳам кулгили эди).  Муҳокамалар охирида биринчи раҳбар сўз олиб, жиддий фикрлар билдирди. Жумладан, бу машварат партия ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкид­лади. (Маълумки, ўша конференцияда тузум­ни сақлаб қолиш йўлида сўнгги ҳаракатлар рўй берган, бироқ нафи бўлмаган). Фикрини якунлай туриб, шундай дегани ¸димда: “Биз мураккаб даврда яшаяпмиз. Унга муносабатда ҳар бир кишининг ўз сиёсати бўлиши лозим”.  “Ўз сиёсати”, бу – ўзини инкишоф этиш, ўз йўлини топиш, ўзлигини намоён этишга даъватга ўхшайди.

Албатта, мамлакат раҳбарининг қиёфаси  ҳар бир фуқаро онгу шуурида ўзига хос тарзда акс этади, муҳрланиб қолади. Хаёлдаги тимсоллар бир-бирини такрорламаганидек, бир-бирига ўхшамайди ҳам. Жуда кўп фазилатлари билан эсда қолган Ислом Каримовни яна мен атрофидаги воқеаларга  ҳушёр, шу билан бирга уларга нисбатан лоқайд эмас; тезда ўз муносабатини билдирадиган, ҳеч бир нарсани фаромуш қилмайдиган ва эсида узоқ сақлайдиган,  тез қарор қабул қиладиган, бирон майда-чуйдани ўтказиб юбормайдиган раҳбар сифатида эътироф этганман. Илк матбуот анжуманидаёқ ўрта қаторларда бошқа ҳамкасбининг панасида мургилаб ўтирган ходимга танбеҳ бериб, залдан чиқариб юборган. Қизиғи, бир йилдан кейинги шундай машваратда яна шу ҳол такрорланган, мудраганми, гап сотиб ўтирганми, бир аёл қаттиқ танбеҳ олган. Хулоса шуки, бундай кишилар билан ишлаш кишини чиниқтиради, камолга етказади.

…Пойтахтга келиб, иш бошлаганимда,  энди республиканинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаётган Ислом Каримовга таклифларимни изҳор этиб вилоятдан туриб ёзган бир хатим юзасидан Президент кенгашининг аъзоси Бахтиёр Назаров чақиртириб суҳбатлашди. Бунчалик эътибордан жуда мамнун бўлдим. Мамлакатимиз тарихида ўчмас бўлиб қолган 1991 йил ўзгача шукуҳ билан бошланганди. Шу йил “Халқ сўзи” газетаси ташкил этилди ва унинг биринчи сони 1 январда чиқиши мўлжалланди. Катта воқеа муносабати билан эзгу ниятларни кўнгилга тугиб, миллий анъаналаримиз асосида машварат уюштирилди. Қуръон тиловати. Удумларимизга қўра қўй сўйилган. Ҳозирги етти қаватли газеталар биносининг ошхонасида дастурхон тузалаяпти. Биз ходимлар, елиб-югуриб хизмат қилаяпмиз. Негадир ҳаракатларни мувофиқлаштириш қийин кечмоқда. Хуллас, тайёргарлик анча чўзилиб, юмушлар ўлда-жўлда бўлиб қолди. Соат ўн иккидан беш дақиқа ўтган. Ошхонага кириш эшигининг тўғрисида юқорироқда Анвар Жўрабоев (бош муҳаррир ўринбосари), ичкарироқда мен тургандим. Ташқарига қарасам, биласизми нима бўлаяпти, шахдам қадамлар билан Ислом Каримов кириб келаяпти. Ҳеч қандай кузатувчисиз, дабдабасиз. Мен азбаройи Қаршида кўп кўрганимдан бирдан танидим ва Анвар акага ҳаяжонланиб,  “Ислом Каримов…” дея олдим, холос. Бу пайтда меҳмон бизга яқинлашиб қолган, олдин Жўрабоев, кейин менинг қўлимни олиб саломлашишга ҳам улгурган эди. Биз оҳанрабога тортилган темир кукунларидек ул зотга эргашдик. “Чироқлари ёнмайдими?” деди хира ёритилган кенггина залга ишора қилиб.  Кейин “Хафа бўлманглар, ҳали сизлар билан ёруғ хоналарда кўп учрашамиз” деди оталарга хос ўктамлик билан. Шу аҳёнда одамлар пайдо бўла бошлади. Меҳмон тўрга ўтиб, пальтосини ечишга тутинди. Кимдир тез бориб, пальто ва шарфни олди. Энди уларни осишга тутқич топилмасди, кийимларни  столга  қўйишдан бошқа чора йўқ эди.  Ҳализамон турфа одам йиғилиб бўлди, Президент раҳбарларнинг қуршовида қолди. Тезда столлар қаторлаштирилиб, минбар тайёрланди ва йиғилиш бошланди. Бу воқеа юзасидан эртасига газетанинг биринчи саҳифасида суратлар билан “Бу кунни эсларлар…” сарлавҳали ҳисобот эълон қилинди.

У дамлар бугун талъатини олам кўриб, ҳайратланаётган гўзал юртимизнинг тетапоя кунлари эди. Ўтган йиллар осон кечмаганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ана шу издиҳомда Биринчи Президент қаторнинг  бошида бўлди, жиловни маҳкам тутиб, сафни мардона олға бошлаб борди. У кунлар шонли тарихнинг зарҳал саҳифалари битилаётган муборак айёмлар эди. Биз, ўша кунларнинг гувоҳлари ҳам оламшумул воқеалар ичида яшаётгандик. Ҳамма умидлар, эзгу ниятлар бир шахсга боғланганди. Агар ўтган йилларнинг изтиробли, серташвиш лаҳзалари билан бугунги доруломон кунларимизни таққослаб кўрсак, босиб ўтилган йўлнинг нечоғлик тарихийлигини ҳис этамиз. Ана шу юксалишнинг олдинги қаторида Ислом Каримов турган эди. Ул зотнинг босиб ўтган йўли кўпларга мактаб бўлди, ўз даврида ҳам, келажакда ҳам унинг сабоқлари кўп асқотади. Ҳамма юртдошларимиз қатори мустақиллик, Ислом Каримов даври менинг ҳаётимда ҳам ўчмас из қолдирди. Президентнинг 1997 йил январдаги Чехия ва Словакия Республикаларига расмий ташрифини мухбир сифатида ўзим ишлаётган “Халқ сўзи” газеталарида ёритиш бахтига муяссар бўлдим. Қолаверса, туз-насиба экан, уч йил Президент девонидек нуфузли маҳкамада ишлаш ҳам насиб этди…

Киши умрининг ёруғ лаҳзаларини эслаганда, уни теран бир мамнунлик ҳисси чулғаб олади. Албатта, бу учрашувлар  менда ҳам ёруғлик қўзғайдиган ва мамнуният уйғотадиган лаҳзалардир. Ислом Каримов ана шундай миллионлар қалбида нурли хотиралар билан муҳрланган зот. Уни тақдир унча-мунча кишига насиб этмайдиган саодат билан сийлаган эди.

                      Ҳаким  САТТОРИЙ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг