“Темурбеклар мактаби” : ёшларимизни ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда

0
180

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, мамлакатимиздаги барча ҳарбий академик лицейларга “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Ушбу фармон бу йўналишдаги ишларни тубдан ўзгартиришга қаратилгани билан юксак аҳамият касб этади.

Буюк саркардага муносиб ворисларни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилган Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардиясининг Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби”да бугун 433 ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Бу ерда 10 спорт тўгараги, ўқувчиларнинг эркин ижод қилиши ва ҳуқуқий онгини оширувчи, аниқ фанларга ихтисослашган тўгараклар ўқувчиларнинг Соҳибқирон издошлари бўлиб етишишига хизмат қилмоқда. Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидан келиб таҳсил олаётган ўқувчилар учун барча зарур шароит яратилган.

Ҳақли савол туғилади: хўш, аввалги ҳарбий лицейлар номи “Темурбеклар мактаби”га айлантирилгани билан тизимда қандай ўзгаришлар рўй берди?

Бунда, аввало, Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий-маънавий меросини ўрганишга бағишланган машғулотлар ҳажми оширилиши муносабати билан ўқув режаси ва дастурларида жиддий ўзгаришлар юз берганини кўриш мумкин. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Амир Темур авлодларимиз” номли спорт мусобақаси ҳам такомиллаштирилди. Ўзбекистон Рес­публикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг кўмаги билан ўқув-моддий базаси янада бойитилди, кўргазмали қуроллар сони оширилиб, сифат бўйича ҳам жиддий янгиланишлар бўлди. Қолаверса, ўқитувчилар таркибига номзодларни қабул қилиш талаблари янада такомиллаштирилди.

— Мактабимизга умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган, ҳар томонлама соғлом, дастлабки ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган мамлакатимиз ёшлари қабул қилинади, — дейди “Темурбеклар мактаби” директори Элбек Худойқулов. — Қабул қилинган ўқувчилар ҳарбий кийим-бош ва турар жой билан таъминланади. 450 ўринга мўлжалланган турар жойнинг ҳар бир қаватида бадиий китоб жавонлари ташкил этилган. Энг муҳими — мактабни тугатган ўқувчиларга мамлакатимизнинг ҳарбий олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун энг юқори баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.

Мактабда ўқувчиларнинг овқатланишига ҳам катта эътибор қаратилади. Шу билан бирга, ёш курсантларнинг саломатлиги ва жисмоний ривож­ланиши ҳам мунтазам назорат қилиб борилади. Мактаб шифокори Шерзод Мамарўзиевнинг таъкидлашича, ўқувчилар ёзги ва қишки таътилдан сўнг умумий тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу ўқувчиларнинг саломатлигини таъминлаш ҳамда жисмоний машғулотлардан қолиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

— Ота-онам, устозларимнинг берган сабоғи туфайли Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби”га ўқишга қабул қилиндим, — дейди қашқадарёлик Юсуфбек Очилов. — Бу ерда яратилган шароитлар туфайли 2017 йили каратэ бўйича республикада биринчи, Осиёда иккинчи, Қозоғистонда ўтказилган халқаро мусобақада биринчи ўринни қўлга киритдим.

Ўқув биносини кузатар экансиз, энг сўнгги кўргазмали қуроллар, методик воситалар билан жиҳозланган хоналар эътиборингизни тортади. Жисмоний машғулотлардан ташқари ўқувчиларнинг чет тилларни пухта ўрганиш­лари учун зарур шарт-шароит яратилган. Буларнинг замирида ёшларга нисбатан улкан меҳр мужассам  десак, асло муболаға бўлмайди. Ўқувчиларга “Шуҳрат” медали соҳиблари Дилафрўз Ниғматова, Тошкенбой Мустанов ва Сергей Отичев, ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси Олтибой Сайидов каби катта тажрибага эга устозлар таҳсил бермоқда.

Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби”га малакали ўқитувчи ва педагоглар жалб этилган. Улар Соҳибқирон Амир Темурнинг мардлиги, ташкилотчилик қобилияти ва стратегик тафаккури, кўп сонли ғалабалари, бунёдкорлик ишлари, бетакрор шахсий фазилатларини кенг тадқиқ этишга қаратилган ўқув-услубий, илмий, бадиий адабиётлар, методик қўлланмаларни тўплашга алоҳида эътибор қаратади. Ахборот-ресурс маркази фондини янада мустаҳкамлаш ва бойитиш, мавжуд адабиётлардан самарали фойдаланиш ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилган.

— Мактабимизга “Темурбеклар мактаби” номи берилгани ҳарбий илм даргоҳимиздаги таълим сифати ва самарадорлигини оширишда, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишимизда кенг имкониятлар эшигини очди, — дейди “Темурбеклар мактаби” директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Рашидов. — Жумладан, ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунида “Тантанали ваъда” маросимини ўтказдик. Бунда вилоятимизнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди. Йиғилганлар мактабнинг биринчи босқичига қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали ваъдалари, сафда юриш бўйича кўргазмали чиқишларига гувоҳ бўлдилар. Шунинг­дек, мактабда “Ватан тинчлиги ва халқимиз осойишталигига хизмат қилиш — ёшларимизнинг энг олий бурчи” ғояси остида мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, эр киши учун Ватанни ҳимоя қилиш олий саодат саналади. Буюк бобокалонларга, ботир аждодларга ҳавас қилиб, уларга муносиб ворис бўлишга интилиш — фарзандларимизга хос фазилат. Ўзбекис­тон Республикаси Миллий Гвардиясининг Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби”да олиб борилаётган саъй-ҳаракат ва янгиланишлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар рўёби мужассам.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг