Посбониман муқаддас юртнинг

0
55

…Хизмат бошланганига бир ой тўлганида ҳарбий қасамёд қабул қилдик. Узун саф. Исм-шарифи айтилганда, ҳар бир аскар шаҳдам қадамлар билан олдинга чиқади. Қўлда қурол, дилда ғурур ва сурур билан айтилган сўзлар етмиш икки томирга қадар сингиб боради: “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!”.

Бу сўзлар нақадар жарангдор эшитилмасин, аскар зиммасига катта масъулият юклайди. Очиғини айтсам, бу қасамёдни ўзим учун анча илгари қабул қилган эдим. Айни қасамёд қабул қилинган пайтдан бошлаб ўзимни ҳақиқий Ватан ҳимоячисига айланганимни ҳис қилдим.

Оиламизда ҳарбийлар кўплиги сабаб болалигимдан шу соҳага қизиқишим баланд бўлган. Айниқса, тоғамнинг ўзига ярашиб турган ҳарбий либосига ҳавасим келарди. Коллежни тамомлаб, ҳарбий академияга ҳужжат топширдим. Бироқ тест синовлари натижасига кўра, ўқишга қабул қилинишим учун бир неча балл етмади.

Лекин орзум сўнмади. Шундан сўнг жисмоний ва тиббий кўриклардан ўтиб, 2017 йилнинг февраль ойида муддатли ҳарбий хизматга отландим. Мана, муддатли ҳарбий хизмат ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда, бироқ уйга қайтишдан кўра, шу ерда қолиб, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш мен учун шарафли бурчга айланди.

Болалигим Тошкент шаҳрида ўтган. Кенг кўчалар, замонавий бинолар, турли кўнгилочар масканлар, ўртоқлар билан бирга копток тепиш, ота-она ва яқинлар даврасида ўтган ҳаёт — буларнинг бари беташвишу беғубор онлар бўлиб болалик хотираларимдан жой олган. Ўша пайтлари бу беғубор дамларнинг асл сабабчилари ким экани ҳақида, тўғриси, тузукроқ ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Айни шу дамда буларнинг барини қалбан ҳис қилиб турибман.

Ҳарбий хизмат — катта ҳаёт мактаби, деб бежиз айтишмас экан. Бунинг маъносини айни муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида тушуниб етдим. Ҳарбий хизмат инсонни ҳам жисмонан, ҳам маънан чиниқтирар экан. Ўз йигитлик бурчини ўтаётган ҳар бир сафдошим бугун Ватаннинг нақадар буюк эканини чуқур англайди, уни ҳимоя қилиш, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида, керак бўлса, ўз жонини фидо қилишга тайёр.

Ҳарбий хизматнинг энг ҳаяжонли ва хотирангда умрбод сақланиб қолувчи унутилмас онлари бўлади. Бу — кенг саф майдони бўйлаб сафдошларинг билан баланд ва йўғон овозда она Ватан мадҳ этилган саф қўшиғини айтиш, сени кўргани келган ота-онанг, яқинларинг ёнига ғурур билан ҳарбий либосда чиқиб боришинг, илк бор уйингдан келган хатни ҳаяжон билан ўқишинг, командир ва хизматдошларинг, яқинларинг гувоҳлигида шу Ватан учун умрбод содиқ ўғлон бўлишга қасамёд қабул қилишинг… Шу онларда ўз-ўзингдан ғурурланасан, юртни ҳимоя қилиш учун янги куч ва ғайратга эга бўлганингни ҳис қиласан.

Ҳарбий хизмат давомида аскарларнинг фақат жисмоний чиниқиши эмас, маънавий тарбиясига ҳам катта эътибор қаратилади. Бунинг учун ҳарбий қисмда кутубхона мавжуд. Унда ҳарбий соҳа сир-асроридан то бадиий адабиёт намуналаригача топиш мумкин. Хизматдан сўнг олий ўқув юртига ўқишга киришни истовчилар учун ўзлари танлаган йўналиш бўйича қўшимча дарслар ҳам ташкил этилган. Аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлардан тест синовига тайёрловчи ўқитувчилар аскарларга билим олишда катта ёрдам беради.

Мактубим сўнггида яна бир нарсани айтиб ўтишни истар эдим. Инсон учун Ватандан улуғроқ ва муқаддас манзил-макон йўқ. Шундай экан, уни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечириши, осмонимиз мусаффо, юртимиз гуллаб яшнаши учун унинг сарҳадларини мустаҳкам қўриқлашдан-да шарафлироқ бурч йўқ, деб ҳисоблайман. Бир сўз билан айтганда, мен шу муқаддас юртнинг посбони эканимдан фахрланаман.

Аҳмаджон СУЛТОНОВ,
Шарқий ҳарбий округидаги
сержантлар тайёрлаш мактаби
муддатли ҳарбий хизматчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг