“Энг фаол ёш депутат” : ЎзМТДП вакили ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтказган танловнинг шу номдаги номинацияси ғолиби бўлди

0
71

Бугун жамиятимизда сиёсий партиялар том маънода мамлакатни ҳаракатга келтирувчи кучга айланиши учун кенг имконият яратилмоқда. Айниқса, партиялар тизимида ёш кадрлар сафи кенгайиб бораётгани, улар мамлакатимиз ривожи йўлида ташаббус ва таклифлари  билан фаоллик кўрсатаётгани фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш ҳамда инсонпарвар демократик давлат барпо этиш йўлида дадил қадам бўлаётир. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекис­тон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, сиёсий партиялар тизимини янада такомиллаштириш, электорат билан алоқаларни мустаҳкамлаш, дастурий вазифаларни бажариш каби масалалар юзасидан билдирган танқидий фикрлари партия ташкилотлари фаолиятида дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Зарафшон шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Дилнавоз Носирова партия сафида меҳнат қилиб келаётган умидли ёшлардан. Асли касби ўқитувчи бўлган Дилнавоз табиатан талабчан, ёш авлод таълим-тарбияси, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар орасида жиноятчиликка қарши курашишни устувор вазифалардан деб билади. Ўқитувчиликдан депутатликкача бўлган йўлни босиб ўтган қаҳрамонимиз ҳали ёш бўлишига қарамай ташаббускорлиги, талабчанлиги билан халқ меҳри ва ишончига сазовор бўлди.

У ўзи сайланган Зарафшон шаҳри 22-“Истиқлол” сайлов округига қарашли аҳоли хонадонларига бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларга ечим топишда тизимли ишлар олиб бораётир.

— Ҳар бир инсон кимгадир керак эканини ҳис қилса, ўшанда у бахтиёр яшайди, — дейди Дилнавоз Носирова. — Элу юрт равнақи йўлида аҳоли билан  ҳамнафас, ҳамжиҳатликда меҳнат қилаётганим менга ғурур бағишлайди. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётидан мамнунлик ҳиссини туйишида камарбаста бўлиш олий мақсадимдир…

Дилнавоз шу кунга қадар ҳам анчайин ютуқларга эришган. Жумладан, 2015 йилда хотин-қизлар орасида истеъдод эгаларини кашф этиш, уларнинг маънавий, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, улар орасида сиёсий етакчиларни шакллантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган “Донолик ва ташаб­бускорлик — сиёсий етакчилик мезони” кўрик-танловининг республика босқичида 2-ўринни эгаллади. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида сиёсий партия раҳбар кадрлари учун ташкил этилган махсус ўқув курсида малака оширди.

У 2017 йилда халқ вакили сифатида давлат органлари ва мансабдор шахсларга 27 та депутатлик сўрови билан мурожаат қилди. Уларда бандлик, коммунал хизматлар, ободонлаштириш, пенсия тўловлари, моддий ёрдам кўрсатиш, тиббий хизмат, пластик карточкалардан фойдаланиш ва кўплаб бошқа муаммолар кўтарилган бўлиб, мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

Д.Носирова маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан изчил иш олиб бориб, мавжуд муаммолар ечимида кўмакчи бўлиб келмоқда. Хусусан, ёшларда ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш, уларни қонунлар ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган этиб тарбиялашда иштирок этиш, фуқароларни янги қабул қилинган қонунлар билан яқиндан таништиришда ўз ташаббус­корлигини намоён этаётир.

Аҳолининг ҳуқуқий-ижтимоий маданияти шаклланишида депутатнинг тутган ўрни беқиёс. Қачонки депутатнинг ўзи ҳуқуқий саводхонлиги юқори, халқ билан мулоқотга киришиш малакаси, уларни тинглай олиш маданияти шаклланган бўлса, шунда намунали иш олиб боради. Бугун Дилнавоз Носированинг  депутатлик фаолиятида ана шу жиҳатларни яққол кузатиш мумкин. Шу боис у 2017 йил якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтказган Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи мукофотининг “Энг фаол ёш депутат” номинациясида ғолиб деб топилди.

— Мамлакатимизда бугун барча соҳада янги изланиш ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда, — дейди ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов. — Бу жараёнда, албатта, дадил, билимли ва ташаб­бускор ёшларнинг ўрни беқиёс. Дилнавоз Носирова партия сафида меҳнат қилаётган ана шундай ёшлардан. Унинг партия ташкилотидаги ўрни, депутатлик фаолиятини намуна сифатида кўрсатсак арзийди. Халқ билан тиллаша олиш қобилияти, ишчанлик ва фидойилик фазилатларига эга ёш депутат аҳолининг ишончи ва эътиборига сазовор бўлаётир. Камтарлик ва меҳнатсеварлик, халқ ғам-ташвиши-ю хурсандчилигини ўзиники деб билиш масъулияти унинг ютуқлари бош мезонидир. Энг фаол ёш депутат сифатида эътироф этилгани унинг меҳнатига берилган муносиб баҳо, деб биламан.

Бугун ёшларга оид давлат сиёсатининг амалдаги ижроси натижасида Дилнавоз каби ёшлар сафи кенга­йиб бормоқда. Ўз иш фаолиятида халқ ишончини олий қадрият деб билган ёш кадрларга давлатимиз раҳбари, жумладан, халқимиз катта ишонч билдира¸тир.

Оддий ўзбек қизи, оқила уй бекаси, депутат, талабчан раҳбар сифатида у ушбу ишончни халққа беминнат хизмати билан оқлаб келяпти. Бинобарин, чуқур билимга эга баркамол авлодни шакллантириш, янгича фикрлайдиган ва давр билан ҳамқадам юрадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш давлатимиз ёшлар си¸сатининг устувор йўналишларидандир.  Сўз ва иш бирлигига қатъий амал қиладиган, масъулият ҳамда ғайрат иш қуролига айланган Дилнавоз Носированинг келажакдан умиди катта. Ана шу эзгу ният ва амал уни янги-янги марраларга руҳлантирмоқда.

   Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг