Халқ ишончига эришиш: ягона йўл — демократия йўли

0
86

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси бугун мамлакатимиз ҳаётида янги босқични бошлаб берган энг муҳим воқеликлардан бири сифатида кенг жамоатчилик муҳокамаси ва эътибори марказида турибди. Мазкур тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг ўрганилмоқда, келгусидаги вазифалар белгилаб олинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал РАҲМОНОВ билан суҳбатимизда ҳам Мурожаатнома мазмуни, унда илгари сурилган ғоя-ташаббуслар ва белгилаб берилган  вазифалар хусусида сўз борди.

— Дунёдаги аксарият тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Шу маънода Ватанимиз тарихида Президентимиз  илк бора Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этгани бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Акмал Эргашевич, бу борада хорижий давлатлар тажрибаси қандай? Давлат раҳбарининг Мурожаатнома билан чиқиши мамлакат ҳаётида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга?

— Президентимиз бу тарихий Мурожаатномани парламент вакиллари тимсолида бутун халқимизга йўллаб, одамлар эътиборини яна бир бор мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ўзгаришларга қаратди.

Бу тажриба мамлакатимизда илк бор амалиётга татбиқ этилганига қарамай, у дунёнинг илғор давлатлари демократик бошқаруви таж­рибасига тўлиқ мос келади. Қолаверса, мазкур мурожаат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Ўзбекис­тон Республикасининг Президенти” деб номланган XIX боби 89-моддаси биринчи қисмидаги “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди” ҳамда 93-модданинг 7-бандидаги  “Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади” деган конституциявий меъёрлар ижросини рўёбга чиқаришга қаратилган.

Давлат раҳбарларининг ҳар йиллик расмий Мурожаатномалари ёки номалари охирги икки аср мобайнида институционал жиҳатдан мус­таҳкам шакл­ланиб, давлат етакчиларининг ўзига хос мулоқот воситаси сифатида халқ ва жамият билан ўзаро стратегик муносабатларни йўлга қўйишда марказий ўринни эгаллаб улгурди. Шу боис айрим давлатларда у халққа, бошқаларида парламентга мурожаат деб номланади. Кенг маънода давлат раҳбарларининг расмий номалари институти мамлакат ва дунёдаги жорий вазиятга стратегик баҳо бериш, давлатни умуман ёки соҳалар бўйича ривожлантириш стратегиясини эълон қилиш механизми ҳисобланади. Шу боис расмий мурожаатномалар, биринчидан, давлат бошлиғининг сиёсий манифести, иккинчидан, ривож­ланишнинг яқин (гоҳида узоқ) истиқболдаги устувор вазифаларини аниқлайди. Учинчидан, унда қўйилган мақсадларга эришиш учун қонунчилик ташаббуслари ўртага ташланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президентимизнинг Мурожаатнома шаклидаги тарихий аҳамиятга молик ушбу ҳужжатини мамлакатимизда босиб ўтилган йўлни таҳлил этган ҳолда яқин келажагимиз учун бор имкониятларни ишга солиш, кучларни бирлаштириш, вазифаларни аниқлаштириш, муаммоларни дадил кўтариш, муҳокама этиш ва ижросини таъминлаш бўйича ўзига хос “Йўл харитаси”, деб аташ мумкин.

— Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини оширишда парламент, сенатор ва депутатларнинг ўрни ва ролига алоҳида тўхталиб, парламент фаолиятини яна бир бор танқидий таҳлил қилди. Бир қатор қонунчилик ташаббус­ларини илгари сурди…

— Мазкур дастурий ҳужжат нафақат парламентга, моҳиятан ёндашганда, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимидаги барча давлат органларига қаратилган Мурожаатнома ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қайси соҳа, қайси йўналиш бўлмасин, бизнинг фаолиятимизга асосий баҳони халқимиз беради, бундан буён бошқача бўлмайди. Шу боис 2017 йилга назар ташлар эканмиз, бир йил давомида амалга оширилган асосий ишлар сарҳисоби бизни қанчалар қувонтирмасин, буларнинг барчаси дастлабки натижалардир. Биз ўз олдимизга улкан марраларни қўйганмиз. Бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Ягона йўл — демократия йўли.

Президентимиз парламент халқнинг дарди ва муаммоларини ҳал этадиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган “тафаккур маркази” вазифасини бажариши зарурлигини алоҳида қайд этди. Бундан биз депутатлар тегишли хулоса чиқаришимиз керак. Қонун ижодкорлиги жараёнида фаол бўлиш, мамлакат тақдирига дахлдор масалаларда илғор ташаббусларни илгари суриш, масъулиятни ҳис этиш, кечаётган воқеаларга бефарқ бўлмаслик талаб этилади.

Президентимиз барча соҳа ва тармоқларда олдимизда турган мақсад-вазифалар хусусида тўхталар экан, аввало, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Масалан, халқаро меъёр ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳамда “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги, “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш сингари қатор қонунчилик таклифларини илгари сурди. Бу вазифалар, албатта, парламент, сенатор ва депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Шу маънода мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳиятини ўрганиш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шу жумладан партиямиз фракцияси йиғилишлари ўтказилди ва Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ўз назоратимиздаги қўмиталар йиғилишларида ҳам асосий вазифалар белгиланди. Жумладан, мамлакатимизда олиб борилаётган Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш доирасида Президентимиз илгари сурган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концепцияси юзасидан партиямиз фракцияси қўмиталар ва депутатларнинг таклифлари, фикр-­мулоҳазаларини тайёрлаш бўйича ишларни бошлаб юборди.

Шунингдек, бошқарув соҳасида ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлардан, моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезон ва тартибларни жорий этиш каби масалаларга ҳам эътибор қаратамиз. Бу йўналишда ижро ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиб, уларнинг натижаларини Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қиламиз. Натижада, бошқарув соҳасида ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезон-тартибларни жорий этишга қаратилган таклифлар тайёрланади. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари илгари сурган қонунчилик ташаббуслари парламент аъзоларининг доимий эътиборида бўлиб, асосий иш дастурида ўзининг амалий ифодасини топади.

— Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилди. Бундан кўзланган мақсад-вазифалар ижроси мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида қандай натижа ва самаралар беради, деб ўйлайсиз?

— Президентимиз таклифи ва ғояси билан 2018 йилга Ўзбекистонда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилиши мамлакат ва халқ ҳаётидаги улкан ўзгариш­ларга сабаб бўладиган, ҳар томонлама чуқур ўйланган сиёсат натижаси десак, муболаға бўлмайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, фаол тадбиркорлик — бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир. Яъни дунё ҳамжамиятида мус­таҳкам ўрин эгаллашимиз учун бугун бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Бундан буёғига давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтиш масаласи кун тартибига кўндаланг қўйилмоқда. Мураккаб замонда миллий манфаатларимизни янги фикр, янги ғоя ва инновацияга таянган ҳолда ҳимоя қиламиз. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ҳудудларда янги иш ўринлари яратилиши, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Албатта, XXI аср — ахборот технологиялари, инновациялар асри, унинг маҳсулотларидан кундалик ҳаётимизда фойдаланамиз, аммо қачонгача истеъмолчи бўлиб қоламиз? Шу боис, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга, иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси жуда муҳим бўлиб турибди.

— Ватан ҳимоячилари куни арафасида турибмиз. Ўтган даврда мамлакатимиз мудофаа тизимини мустаҳкамлаш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Мурожаатномада ҳам Президентимиз давлатимизнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, олдимизда турган вазифаларга тўхталиб ўтди. Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида бу йўналишдаги ислоҳотлар хусусидаги фикр-мулоҳаза ва таклифларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз…

— Халқимиз 2018 йилни катта умидлар, буюк мақсадлар билан қарши олди. Ўтган йил барча соҳа каби мамлакатимиз мудофаа тизимида ҳам туб ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Шубҳасиз, улар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси асосида Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Мудофаа доктринаси қабул қилиниши улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга воқеа бўлди.

Шу кунларда расман эълон қилинадиган бундай улкан сиёсий-ҳуқуқий миқёсдаги концептуал ғоялар ва қарашлар жамланган янги таҳрирдаги қонун ҳужжати мамлакатимиз янги тарихида ўз аҳамияти ва салмоғига кўра том маънодаги тарихий воқеа бўлади. У давлатимизнинг мудофаа соҳасидаги янги сиёсати устуворликлари, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларни тайёрлаш, қуриш ва қўлланилиши принципларини белгилаб берадиган илғор ҳуқуқий меъёрлар ва механизмларни яратади.

Тинчлик — энг олий неъмат, фаровон ҳаётимиз пойдевори. Уни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Биз миллий армиямиз билан фахрланамиз ҳамда Қуролли Кучларнинг  Ватанимиз хавфсизлиги, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, мусаффо осмонимиз учун масъуллиги нақадар юксаклигини чуқур англаймиз.

Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, фуқаролар, давлат ва жамият ўртасида ўзаро масъулият, ҳуқуқ ва бурч боғлиқ эканига оид принципни изчил амалга ошириш биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу тамойил тўлалигича Қуролли Кучларга ҳам тааллуқли ва асос бўлувчи омиллардан биридир. Бугун биз замонавий қурол-яроғ ва жанговар техника билан таъминланган, ишончли Қуролли Кучларга эгамиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони  мудофаа соҳасида белгилаб берган янги ва муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш учун барчамиз ҳамжиҳатликда уларни сўзсиз бажаришимиз, Ватан тақдири ва келажаги, халқимиз бахти ва камоли йўлида белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковат, билим ва тажрибамизни, садоқатимизни сафарбар этишимиз керак. Шунда кўзланган юксак марраларимизга етамиз.

“Milliy tiklanish” мухбири
Муҳтарама КОМИЛОВА
суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг