ЎзМТДП фракцияси янги ташкил этилган қўмитага масъул бўлди

0
19

Саломатлик — туман бойлик. Халқимиз инсон саломатлигини ҳар қандай моддий бойликдан устун қўяди. Иссиқ жон борки, бетоб бўлмасликнинг имкони йўқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг ўзида тиббиёт соҳаси вакиллари билан бир неча бор учрашгани, буларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилингани, тиббиёт соҳаси олдида турган муҳим вазифалар, муаммо ва камчиликлар муҳокама этилганидан ҳам мақсад ягона – одамларнинг соғ-саломат яшашини таъминлаш.

Бу борада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар асосида соҳага замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Хусусий тиббиёт ривожлантирилиб, дунё тиббиётидаги энг илғор тажрибаларнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига изчил жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада оналар ва болалар саломатлигини сақлаш, тиббиёт марказлари фаолиятини тубдан яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш тизимини жонлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлашга доир муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Аммо жойлардаги ўрганиш­лар, аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасига оид мурожаатлари соҳада ҳали ечимини кутаётган масалалар талай эканлигини кўрсатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу боис Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида бугун биронта ҳудудда ҳам соғлиқни сақлаш тизими аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилмаганини, Қонунчилик палатаси ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги ана шу муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратиши мақсадга мувофиқлиги, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этиб, унинг аъзолари асосан ҳудудларда фаолият кўрсатиши таклифини билдирган эди.

Парламент қуйи палатасининг 4 январь куни бўлиб ўтган мажлисида  Қонунчилик палатасида янги — Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасини тузиш бўйича қарор қабул қилинди ҳамда қўмитанинг таркиби сайланди. Мазкур қўмитанинг асосий фаолияти аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш, ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш ҳамда парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириб, соҳа ривожига ҳисса қўшишга қаратилгани билан эътиборга молик.

— Давлатимиз раҳбари инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратиб келаётгани нафақат бугунги кун, балки узоқ истиқбол учун миллат генофондини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ўзига хос стратегик йўл сифатида намоён бўлмоқда, — дейди Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Иноят Ҳожиев. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган қўмитамиз соҳадаги ислоҳотларга кўмакдош бўлиб, парламент назоратини ўрнатган ҳолда соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш йўналишидаги ислоҳотларнинг ижроси самарадорлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Албатта, соҳада жорий этилган парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратининг бугунги ҳолати ва унинг натижалари қониқарли эмас — бу борадаги фаолиятни амалий ҳаракатлар билан такомиллаштириш, соҳа ривожини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини юқори босқичга кўтариш лозим. Шу маънода қўмитамиз аъзолари аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан бевосита ҳудудларда фаолият юритиб, парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширган ҳолда тиббиётни аҳолига яқинлаштириш борасида аниқ таклифлар тайёрлайди, соҳага доир қонунлар ижросини ўрганади ҳамда  бу борадаги қонун ижодкорлиги жараёнини фаоллаштиришга эътибор қаратади. Айни пайтда қўмитанинг йиғилишини ўтказиб, Президентимиз биздан кутаётган натижа нима, деган савол асосида олдимизда турган вазифаларни белгилаб олдик. Қўмита аъзоларини ҳар бир ҳудудга бириктириш ҳамда асосан ҳудудларда фаолият кўрсатиш бўйича аниқ бир тизимни жорий этишга келишиб олинди.

Дарҳақиқат, мазкур қўмита зиммасига юкланган масъулият катта, вазифалар кўлами кенг. Бу қўмита аъзоларидан янада фаол ҳаракат қилишни, илғор ғоя ва ташаббусларни илгари суришни талаб этади. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, мазкур қўмитага ЎзМТДП фракцияси масъул бўлди. Бу, албатта, партия ва унинг фракцияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Барча даражадаги депутатлар ва партия ташкилотлари ўз ваколатларидан унумли фойдаланган ҳолда самарали ҳаракат қилишлари, жойларда аҳолининг тиббиёт соҳасига оид мурожаатларини ҳал этишга кўмаклашиши, фракция ва қўмитага бу борадаги таклифларини тақдим этиб боришлари  лозим бўлади.  Бу, ўз навбатида, партия сайловолди Платформасида соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Феруза ИБРАГИМОВА,
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари
қўмитаси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Қонунчилик палатасида ташкил этилган мазкур қўмита қуйи палатанинг бу борадаги фаолиятини янада кучайтиради, депутатларнинг соҳа тараққиётидаги иштирокини кенгайтиради. Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорларининг жойлардаги ижросини ўрганиш, аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий ва кўндаланг қўйиш орқали уларни ҳал этиш қўмита назорат-таҳлил фаолиятининг асосий йўналишини ташкил этади. Шунинг­дек, қўмита аъзолари соҳага оид мавжуд қонунларни инвентаризациядан ўтказиб, қонун ижодкорлиги жараёнида инновацион ғоялар ва технологияларга алоҳида эътибор қаратиши, бунда ушбу ҳужжатларнинг аҳоли ўртасида кенг муҳокамасини ташкил этиши лозим. Энг асосийси, соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинадиган қонунлар халқимиз манфаатларини тўла акс эттириши ва оддий одамлар буни ўз ҳаётларида тўла ҳис қилишларига алоҳида эътибор қаратиш олдимизда турган муҳим вазифалардандир.

Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг