Медиатор ким, давлат харидлари нима, дарё ўзанлари учун ким мутасадди?

0
149

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. ЎзМТДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳалари юзасидан фракция позициясини билдирган ҳолда фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Мухтабар ҲУСАНОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Қуйи палатада биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар — медиаторлар иштирокида бартараф этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш, судлар зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Медиация — можарони холис, адолатли, бундан манфаатдор бўлмаган учинчи томон — медиатор иштирокида ҳал этишнинг муқобил шакли. Медиатор томонларга низо юзасидан муайян битим тузишга ёрдам беради. Медиацияда томонлар низони бартараф этишга ҳамда уни ҳал этиш шарт-шароитларига доир қарор қабул қилиш жараёнини тўлиқ назорат қила оладилар.

Низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш вақтни тежаш ва низолашувчи томонлар — фуқаролар, ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг суд харажатларини қисқартириш имконини беради. Улар юзага келган низоларни судгача олиб бормасдан, адвокатларни жалб этмасдан ва суд муҳокамаси билан боғлиқ давлат божи ва харажатларни тўламасдан ўзаро манфаатли шартлар асосида ўзлари учун қулай жой ва вақтда тез ҳамда арзон ҳал этиш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу қонун лойиҳаси ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан ҳар қандай низони халқимизга хос муроса-ю мадора йўли билан ҳал этишга интилиш каби дастурий вазифалар билан тўла уйғун ва  ҳамоҳангдир. Фракциядошларимиз партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳасига оид таклифларини билдириб, уни маромига етказишда фаол иштирок этади. Зеро, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши низоларни судга қадар бартараф этиш соҳасида юзага келувчи муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва кенг кўламлилигини таъминлайди, самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратади.

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларда, энг аввало, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари бу борада белгилаб берган вазифаларга мувофиқ тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш биринчи галдаги масалалардандир. Шу муносабат билан ишлаб чиқилган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, амалиётдаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва эскирган меъёрларни бартараф этиш мақсадига қаратилган.  Зеро, давлат харидлари соҳасида давлат харидларининг барча субъекти учун қулай муҳитни шакллантириш, давлат харидларини амалга ошираётган вақтда коррупция ва бошқа қонунбузарликларга қарши курашиш муҳим ҳисобланади.

Хўш, давлат харидлари нима? Давлат харидлари — буюртмачиларнинг товар, иш ва хизматларни тўлиқ ёки қисман қўлга киритиши. Улар бюджет тизими маблағлари ва бошқа фонд ҳамда давлат ташқи кредитлари ва чет эл грантлари эвазига харид қилинади. Халқаро тажрибани ўрганганимизда, АҚШ, Чили, Россия, Беларусь ва Қозоғистон сингари мамлакатлар давлат харидларининг энг самарали тизимига эга экани, уларда хариднинг бутун жараёни ягона ҳужжат — қонун билан тартибга солингани аён бўлди.

Мазкур қонун лойиҳасида давлат харидларининг махсус ахборот порталини очиш назарда тутилмоқда. Бу давлат харидлари тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди. Шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат харидларининг аниқ тизими йўлга қўйилишига, бюджет маблағлари ва бошқа молиявий маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Натижада соҳада соғлом рақобат муҳити мустаҳкамланади. Фракциямиз аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, ўз таклифларини билдирдилар.

Жуманазар ОТАЖОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудуди бунёдкорлик майдонига айланди, тадбиркорлик фаолияти изчил қўллаб-қувватланмоқда. Аммо бу жараёнда ўрнатилган қонун-қоида ва тартибларни бузмасдан ҳаракат қилиш муҳим масаладир.

Дарёлар ўзанлари ва сув муҳофаза минтақаларида юзага келган вазият таҳлили бу борада қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Ушбу минтақаларда жойлашган ер қаъри ва кенг тарқалган фойдали қазилмалардан рухсатсиз ё тартибсиз фойдаланиш, қум-шағал материалларининг назоратсиз қазиб олиниши оқибатида ер усти ва ер ости сувлари камайиб, ифлосланиб бормоқда, сув ҳавзалари, ўсимлик дунёси, газ, сув қувурлари ва кўприкларга зиён етмоқда. Қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар дарёлар ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш ҳудудлари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб олиш учун шарт-шароитлар яратмоқда.

Қонунчиликдаги бу каби бўшлиқларни тўлдириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун муайян тартибда маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузган фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган. Янги қонун лойиҳасида эса фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорини фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса  эллик бараваридан юз бараваригача кўтариш кўзда тутилган.

Фракциямиз аъзолари мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар, аммо айрим меъёрларида номутаносибликлар мавжудлигини, уларни қонун лойиҳасининг концепциясига мувофиқлаштириш зарурлигини  қайд этдилар. Бу борада қатор таклиф-тавсия, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қонун лойиҳасидан кўзда тутилаётган мақсад партия дастурий ғояларига муштарак ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қазилма бойликларни, табиатимизни асл ҳолича асраб-авайлашга қаратилгани билан аҳмиятлидир.

Дониёр ЭРКИНЖОНОВ,
ЎзМТДП фракциясининг ижрочи котиби:

— Давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 июлда парламент аъзолари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида қонунларни қабул қилишда жамоатчилигимиз, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаётганига алоҳида урғу бериб, қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли билан муҳокама қилиш тизимини жорий этишни таклиф этган эди. Муҳим қонун лойи­ҳаларини биринчи ўқишда қабул қилгандан кейин уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, таклиф ва мулоҳазаларни эътиборга олиб, янада такомиллаштирган ҳолда иккинчи ўқишга киритиш тартибини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги айтилган эди. ЎзМТДП фракцияси айни шу мақсадда қуйи палатада биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаларини партия Марказий кенгаши, унинг ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари ходимлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, электорат вакиллари муҳокамасига тақдим этиб келмоқда.  2017 йил якунига қадар Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган 15 та қонун лойиҳаси ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлари муҳокамасига юборилиб, улардан олинган таклифларнинг қарийб 300 таси масъул қўмиталарга тақдим этилди.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида ҳам ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан — фуқаролардан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан олиш, қонун лойиҳаларини кенг аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш зарурлиги яна бир карра қайд этилди. 2018 йилда фракциямизнинг бу борадаги фаолиятини кучайтиришни, партия ташкилотлари ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Айни пайтда юқорида тилга олинган ва бошқа қонун лойиҳалари ЎзМТДП вакиллари эътибори ва муҳокамасига ҳавола этилди. Ушбу амалиёт қонунларимизнинг янада халқчиллиги ва ҳаётийлигини таъминлайди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг