Асосий мақсад — халқимизни ҳаётдан рози қилиш

0
47

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилинган, мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришни кўзда тутувчи Ҳаракатлар стратегияси чуқур ўйланган, кенг қамровли ислоҳотларни ўз ичига оладиган йирик дастур сифатида ҳар биримизнинг фаолиятимизда дастуруламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмаган. Уни халқимиз жуда катта қизиқиш билан қарши олди. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳар бир йилга бағишланган Давлат дастурининг қабул қилиниши ва унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Бунинг натижасида жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда, мамлакатимиз жадал ривожланмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини сифат жиҳатидан яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий соҳа, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, вазмин ва амалий ташқи сиёсат юритишга қаратилган қатор аниқ ва амалий чора-тадбирлар кўрилди, халқ иродасини ифода этишнинг янги механизмлари яратилди. Давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт  — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Бу барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди. Депутат ва сенаторларнинг тизимли равишда жойларга чиқиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиши, халқ билан мулоқот қилиши йўлга қўйилди.

Бу борадаги ишлар 2018 йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрь куни парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида мавжуд муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни ҳал этиш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб номланиб, шу муносабат билан Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди, аҳоли ўртасида кенг ва атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида фуқаролардан 4,4 мингта таклиф билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 22 январдаги  фармони билан мазкур Давлат дастури тасдиқланиб, унинг асосий йўналишлари ва амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари белгиланди. Фармондан фуқаролардан келиб тушган таклифларнинг аксариятида билдирилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий меъёрлар ўрин олган. Бу, бугун мамлакатимизда муҳим ҳужжатлар демократик асосда, халқ фикрини ўрганган ҳолда қабул қилинаётгани,  ҳаётий ва халқчил эканидан далолат беради.

Беш бўлимдан иборат Давлат дастурининг тўртинчи — ижтимоий йўналишида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини янада яхшилаш, соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган, бунда замонавий инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига “ақлли тиббиёт” тизимини, “Ягона тиббий маълумотлар маркази” тизимини жорий қилиш, аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилган. Барча ҳудудда ҳомиладор, ёш болали аёллар ва чақалоқларга кўрсатилаётган перинатал ёрдамни такомиллаштириш, скрининг марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан ҳар бир туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига скрининг текширувларини ўтказиш учун юқори технологияли УТТ сканер аппаратлари бериш орқали ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг эрта ногиронлигини аниқлаш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш чоралари кўрилади.

Давлат дастурида ўз ифодасини топган бу каби вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида белгиланган соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини янада кўпайтириш, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилиш каби вазифалар билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу эса, фракциямиз аъзолари, партиямиз фаолларининг бу борадаги дастурий вазифалардан келиб чиқиб, Давлат дастури ижросини таъминлашда масъулият билан фаол иштирок этишини, парламент ва депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланишини талаб этади.

Зумрад БЕКАТОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш
масалалари қўмитаси аъзоси


Давлат дастури ижроси бизни янада
фаолликка ундайди

Сўнгги кунларда мамлакатимизда Интернетдан фойдаланувчи ҳар бир инсон борки, Тараққиёт стратегияси маркази сайти (strategy.uz)га кириб, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол  тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технология­ларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси билан танишгани бор гап. Лойиҳага  юзасидан билдирилган жўяли фикр-муносабатлар, ижтимоий тармоқлардаги қизғин баҳс-мунозаралар бир ҳақиқатдан дарак беради: халқимизнинг ижтимоий-сиёсий савияси ошмоқда, дахлдорлик ҳисси юксалмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқ хоҳиш-иродаси ҳисобга олинаётгани, фуқаролар халқ ва давлат аҳамиятига молик ҳужжатларни қабул қилишда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлаётганидан далолат беради. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки ҳар қандай қонун ҳамда йирик дастурлар кенг жамоатчилик ва аҳоли муҳокамасидан ўтказилиб, уларнинг таклиф-ташаббуслари билан бойитилса, ислоҳотлар самарадорлиги ошади, ҳужжатларнинг халқчиллиги таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, эркин фуқаролик жамияти ҳамда кучли демократик давлат барпо этишнинг муҳим омили саналади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январдаги фармони асосида Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол  тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланиб,  унда қатор ҳаётий мақсад-вазифалар белгилаб қўйилгани келгусидаги тараққиётимизни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Дастурда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишни амалда таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимлик органлари ваколати кенгайтирилди. Унга кўра энди  ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, масъулиятни тўла ўз зиммасига олиши, керак бўлса, ўз аравасини ўзи тортиши ҳамда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларга масъ­ул бўлган раҳбарларни танлаш ва жой-жойига қўйиши талаб этилади. Хусусан, бундан буён тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими, иқтисодиёт, молия бўлимлари, солиқ инспекцияси ва бошқа тузилмалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этишни туман ҳокими амалга оширади. Маҳаллий раҳбарларга бундай кенг ваколат ва имкониятлар берилиши ҳудудларни ривожлантириш самарадорлигини таъминлайди.

Бу механизм, ўз навбатида, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Боиси, ҳокимлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан маҳаллий Кенгашларга ҳисоботлар тақдим этади. Маҳаллий Кенгашлар ўз ўрнида тегишли қарорлар қабул қилади. Ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетни ижро этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиш каби фаолияти устидан халқимиз ўз вакиллари орқали тегишли назоратни амалга ошириши айни шу ерда кузатилади. Бу эса биздан янада фаол ва ташаббускор бўлишни, халқ вакили сифатида улар билан доимий мулоқот қилишни, ўз сайловчиларимиз, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишни тақозо этади.

Давлат дастури мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур ўрганиб, унинг ижросини таъминлашда биз депутатлар ҳам ўз вазифа-ваколатимиздан унумли фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритишимиз лозим. Партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлар сессияларига доимий равишда ташаббус-масала олиб чиқиш, аҳоли, айниқса, сайловчилар, электоратимиз манфаати ҳимоясига доир тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантиришимиз зарур.

 Аҳмаджон БОБОЕВ,
халқ депутатлари Сурхондарё
 вилоят Кенгаши депутати

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг