Халқ билан мулоқот — муаммоларга ечим

0
73

Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш ва ҳал этиш чораларини кўриш жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларнинг бартараф бўлишига, ҳудудлар ривожига хизмат қилади. Аввал хабар берилганидек, парламент аъзолари ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказди, уларни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишди. Шунингдек, депутат ва сенаторлар жойлардаги фаолияти давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор мақсад-вазифалар аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб-ташвиқ этдилар. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси аъзолари ҳам ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, мутасадди ташкилотларга уларнинг ечимини топишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Талаб ва истаклар ўрганилди

Мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад халқимизга хизмат қилиш ва одамларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари айни шу мақсадда аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш, фуқароларни қизиқтирган муҳим масалаларга ечим топиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш учун Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида бўлди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Нодир Мухторов ўзи сайланган “43-Поп” сайлов округидаги Меҳнат­обод ва Гулбоғ ҳудудида яшовчи сайловчилар билан учрашди. 37-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мулоқотда дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда жамиятимиз, Ватанимиз равнақи йўлида белгилаб берилган долзарб вазифалар ҳақида кенг тушунча берилди. Депутат Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинган 2018 йилга мўлжалланган туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида шу ҳудуд билан боғлиқ назарда тутилган режалар, амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари хусусида батафсил тўхталди.

Мулоқотда сайловчилар бир қатор истиқболли таклиф-мулоҳазаларни, ўз ечимини кутаётган долзарб муаммоларни кун тартибига қўйди. Жумладан, 400 дан зиёд хўжалик истиқомат қилувчи мазкур ҳудудда электр энергияси таъминотида юзага келаётган узилишлар аҳолига ноқулайлик туғдираётгани, бу масалани бартараф этиш лозимлиги айтилди.

Шунингдек, 320 ўринга мўлжалланган, аммо айни пайтда икки сменада 380 ўқувчи таҳсил олаётган 37-умумтаълим мактабининг янги ўқув биносини қуришга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди. Мулоқот чоғида Мингбулоқ, Чуст ва Поп туманлари аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Сирдарёнинг шу ҳудудлардан оқиб ўтувчи қисмига кўприк барпо этиш масаласи ҳам ўртага ташланди.

Депутат билдирилган таклиф ва масалаларни тез орада туман ва вилоят даражасида ҳал этиш чоралари кўрилишини таъкидлади. Қолаверса, республика миқёсида ечим топадиган масалаларнинг ҳал бўлишида парламент назорати ва депутатлик сўровидан фойдаланишини қайд этди.

Депутат Нодир Мухторовнинг тумандаги “Ёшлик”, “Толлиқ”, “Қўғаликўл” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб ўтказган очиқ мулоқотларида ҳам бир қатор масалалар жойида ҳал қилинишига эришилди. Фуқаролар Раҳматулло Турғунов ва Ҳусниддин Ўришев билан кечган суҳбатда ҳудудда электр энергияси таъминотидаги носозликларни бартараф этиш масаласи кўтарилди. Бунинг учун янги трансформатор ўрнатиш зарурлиги айтилди. Ушбу масала депутат ташаббуси билан туманнинг 2018 йилги манзилли дастурига киритилди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган Жомашўй мелиорация қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс марказига қарашли 1-шохобча кутубхонаси маҳалла аҳлига ҳам хизмат кўрсатади. Лекин 3 мингдан зиёд китоб фондига эга зиё масканидаги шарт-шароит­лар бугунги давр талаблари даражасида эмас. Одамларда китоб мутолаасига бўлган қизиқиш ошиб бораётгани сабаб ҳозирда кутубхонага аъзо бўлганлар сони 460 нафарга етди. Бир кунда бу ерга ўртача 40-50 китобхон келмоқда. Маҳалла фаолларининг истакларидан келиб чиққан ҳолда депутат мазкур кутубхонани капитал таъмирлаш бўйича бюджетдан маблағ ажратиш юзасидан туман ҳокимлиги, туман молия бўлимига мурожаат қилди. Зиё масканини ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара, дурдона адабиётлари билан тўлдириш борасида “Ёшлик” МФЙ раиси ва фаолларига Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди  ташкил этаётган грант танловларида иштирок этиш тавсия этилди.

Ёш авлод кўчасидаги 41-хонадонда бўлган суҳбат чоғида уй соҳиби Давлатали Холмирзаев 14 ёшли ногирон қизи борлиги, ўғли сартарошлик қилишини, оиланинг тирикчилиги шундан ўтиши, айни пайтда тўй тараддудида эканлигини билдирди. Бироқ қурилаётган уй-жойининг том қисмини ёпишга имконияти йўқ. Бу масала депутат ташаббуси билан ижобий ҳал этилиб, хонадонга ҳомийлар кўмагида шифер етказиб берилди.

— Ўғлим Жамолиддин икки йилдан буён қанд­ли диабет хасталигидан қийналади, — дейди “Толлиқ” МФЙда истиқомат қилувчи Инобат
Баратова. — Вилоят эндокринология диспансерида даволанаётган ўғлимнинг зарур тиббий муолажа олишида моддий ёрдам сифатида 800 минг сўм ажратилди. Бундай эътибордан  кўнглим тоғдек кўтарилди.

Нафақадаги шифокорлар
ишга қайтяпти

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўхтабоев фуқароларни ўйлантириб келаётган бир қатор муаммоларга ечим излаш билан бирга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ўрганиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси, қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, тез ёрдам бўлимлари фаолиятини ўрганди. Асосий эътибор соғлиқни сақлаш муассасаларида яратилган шароитлар, тиббий хизмат сифати, айниқса, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати билан танишишга қаратилди. Шунингдек, тиббиёт муассасаларига келаётган кишилар, даволанаётган беморлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Депутат Мингбулоқдаги ўрганишлари давомида туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли поли­к­линика, туман марказий ва ҳудудий тез тиббий ёрдам хизматлари, қишлоқ оилавий поликлиника ва врачлик пунктлари фаолияти билан танишди. Маълум бўлишича, бугун туманда эндокринолог, психиатр, лор, УТТ шифокорларига эҳтиёж мавжуд. Нафақадаги тажрибали шифокорларни ишга жалб қилишга қаратилган ишлар бир қадар самара берди: уларнинг тўрт нафари 7, 9, 10-сонли қишлоқ оилавий поликлиникалари ва “Қайроғоч­овул” ҚВПда ишга қайта расмийлаштирилди. Ўтган йили тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда клиник ординатура битирувчиларидан саккиз нафари йўлланма асосида тумандаги шифохона ва поликлиникаларга ишга жойлаштирилди.

Маълумки, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари ҳар 15 кунда маҳалла фаолларига амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот беришлари лозим бўлса-да, ўрганиш жараёнида аниқланганидек, барча муассаса раҳбарлари ҳам 2017 йилнинг сентябр-декабрь ва 2018 йил январь ойларида аҳоли олдида ахборотлар бермаган. Оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари томонидан 2018 йил учун маҳалла фуқаролар йиғинларида ахборот бериш юзасидан режа-жадвал тузилмаган.
8 ва 9-сонли оилавий поликлиникалар ахборот берганлигини тасдиқловчи баённомалар тақдим этган бўлса-да, маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан суҳбатлашилганида бу ахборотлар шунчаки қоғозбозлик, яъни расмиятчилик учун экани ойдинлашди.

Депутат тиббиёт муассасаларининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш ҳолатини ўрганди. Маълум бўлишича, “Қўғаликўл” қишлоқ врачлик пунктидан ташқари деярли барча қишлоқ оилавий поликлиника ва врачлик пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Бу масалани кечиктирмай ҳал этишга тумандаги тегишли мутасаддилар эътибори қаратилди.

— Патронаж ҳамшираларининг иш фаолияти қониқарли эмас, ўрганишларда туманда кичик тиббиёт ходимларини махсус сумкалар билан таъминланганлик даражаси ўртача 60 фоизни ташкил қилиши маълум бўлди, — дейди Шуҳрат Тўхтабоев. — Бу эса ҳудудда патронаж хизмати фаолияти қониқарли йўлга қўйилмаганидан далолат. Мисол учун, “Дўмса” ҚВПда 11 патронаж ҳамширасининг 5 нафарида, 9-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида 14 патронаж ҳамширасининг 8 нафарида сумка бор холос. Сумкалар билан таъминланмаган патронаж ҳамширалар эса ўз ҳисобидан тегишли жиҳозлар сотиб олишга мажбур бўлган. Мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш масаласи туман ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига тегишли тартибда маълум қилинди.

Қолаверса, тиббиёт муассасаларида ижро интизоми, ходимларнинг ишга келиб-кетиши аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Аҳолининг бу борадаги мурожаати ўрганилган худди шу куни ҳам 10-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида 50 ҳамширадан атиги бир нафари ишда экани, 8  шифокордан бирортаси ҳам ўз жойида йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Депутат тумандаги дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи шохобчалар фаолиятини ҳам ўрганди. Бўлиши шарт бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар айрим дорихоналарда етарли даражада эмаслиги аниқланди. Хусусан, “Дори-дармон” акционерлик жамиятига қарашли 40-сонли шохобча сотувчиси Фарҳод Мўминов юқорида қайд этилган мазкур рўйхатни топиб бера олмади. 57-сонли шохобча сотувчиси Шоҳсанам Хўжамбоева дорихоналарда бўлиши мажбурийлиги белгилаб қўйилган 32 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлардан 12 таси етишмаслигини айтди.

Ўрганишлар давомида “Дамкўл”, “Қайроғоч­овул”, “Қўғаликўл” қишлоқ врачлик пунктларида ижтимоий дорихоналар йўқлиги маълум бўлди. Мазкур тиббиёт муассасаларида аҳолига арзон ва сифатли дори-дармонларни имтиёзли тарзда етказиб берадиган ижтимоий дорихоналар фаолиятини йўлга қўйиш масаласи туман ҳокимлиги мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди.

Шуҳрат Тўхтабоев беморлар ва фуқаролар билан мулоқотлар жараёнида уларни ўйлантириб келаётган муаммолар билан қизиқди. Хусусан, инсульт касаллигига чалинган меҳнат фахрийси Қўзихон Холмирзаева депутат ташаббуси билан шифокор назоратига олинди. Унга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан керакли дори-дармон воситалари етказиб берилди.

Депутат кўмагидан
аҳоли мамнун

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир
Ширинов Бухоро вилоятининг  Ромитан туманида уйма-уй юриб, фуқаролар билан мулоқот қилди, ҳудуддаги муаммоларни ўрганди, айримларини жойида ҳал этди. Хусусан, тумандаги “Хоса” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган депутат Шодмонобод қишлоғига борувчи икки километрдан ортиқ йўлнинг аянчли аҳволда эканига гувоҳ бўлди. Ушбу йўллар, айниқса, ноқулай об-ҳаво шароитида янада ёмон аҳволга келиб қолади. Депутат мазкур йўлни таъмирлаш масаласида туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига мурожаат қилди ва унинг саъй-ҳаракати билан ушбу ҳудуддаги йўллар 2018 йилда жорий таъмирлаш режасига киритилди.

Парламент аъзосининг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти давомида фуқаролардан  турли масалаларда мурожаатлар бўлди. Масалан, ўнга яқин мурожаатда бандлик, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи кўтарилди. Бу борада аҳолига амалий ёрдам кўрсатилиб, аксарият фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Хусусан, “Деча” МФЙда яшовчи ёшлар Нозим Усмонов, ғайрат Қодиров, Аҳад ва Ато Тешаевлар энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача миқдорда ойлик асосида жамоатчилик ишларига жалб этилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож 8 фуқарога, жумладан, фуқаро Абира Жўраева, Челонғу қишлоғида яшовчи Собир Асадов ва бошқаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими моддий ёрдам ажратадиган бўлди.

“Урганжиён” маҳалла фуқаролар йиғини Кўлипалос қишлоғида яшовчи Моҳинур Ҳабибова 2 фарзанди билан турмушидан ажрашгани боис нафақа ва алиментга муҳтож эканини айтиб, бу борада кўмак сўради. Депутат бу масалани ҳам ижобий ҳал этди — фуқарога шу йилнинг февраль ойидан  моддий ёрдам тайинланадиган бўлди. Шунингдек, туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси шифокорлари уни тиббий кўрикдан ўтказди. Моҳинур Ҳабибовадан ташқари тиббий кўрикка муҳтож бўлган яна 6 фуқаро ҳам тўлиқ бепул тиббий текширувдан ўтказилди, зарур муолажалар қилинди.

Депутат “ғазберон” МФЙ ҳудудидаги ўрганишлари давомида 34-умумтаълим мактаби шарт-шароитлари билан танишди. Иситиш тизимида учраётган муаммолар депутат эътиборини тортди — мактаб маъмурияти газ босими пастлиги боис синфхоналарни иситиш қийин кечаётганини айтиб кўмак сўради. Депутат ушбу масалада тегиш­ли мутасаддиларга мурожаат қилди. Натижада мазкур таълим даргоҳи жойлашган газ тақсимлаш пунктида қўшимча қувур ўрнатилиб, газ босими оширилишига эришилди.

Ўрганишлар жараёнида “Тошработ” ва “Урганжиён” МФЙ ҳудудида  мактабгача таълим муассасаларига эҳтиёж борлиги аниқланди. Жаҳонгир Ширинов ушбу масалада ҳудуддаги бир гуруҳ тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Мазкур ҳудудда хусусий мактабгача таълим муассасасини барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди. Депутат бу борада тадбиркорларга зарур ҳуқуқий маслаҳат берди. Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида ҳудуд болалари учун янги таълим-тарбия даргоҳини барпо этишга келишиб олинди.

Челонғу қишлоғида яшовчи Равшан Тўлаевнинг фарзанди Дилшод Асадовда ногиронлик бор, уни нафақага чиқариш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш зарур. Ушбу хонадонда бўлган парламент аъзоси бу оилага кўмак бериш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимига мурожаат қилди ва моддий ёрдам ажратилишига эришди.

— Ўзимиз сайлаган депутат билан юзма-юз учрашиб, муаммо-масалаларни айтиб, кўмак сўрадик, мана, ўғлимга, оиламизга ёрдам кўрсатилди, — дейди Равшан Тўлаев. — Парламент аъзоларининг шундай уйма-уй юриб, аҳолидан хабар олаётгани, муаммоларимизни ҳал қилиб бераётгани Президентимиз илгари сурган халқ билан мунтазам мулоқот қилиш ғоясининг амалдаги ифодаси бўлаётир.

Ошкора мулоқот
ва амалий таклифлар

Ҳудудларни ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишда халқ вакили ҳамиша фаол ва талабчан бўлиши, сайловчилар манфаати йўлида тиниб-тинчимаслиги лозим. ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Жумабоев Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот қилди.

“Фозилмон” ва “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан ўтган учрашувларда қатор мурожаатлар бўлди. Жумладан, 15 январь куни “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидаги аҳоли билан мулоқотларда турли масалаларга оид 13 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти  жойида ҳал этилган. Мурожаатларнинг 4 таси шаҳар, 4 таси вилоят ҳамда 3 таси респуб­лика даражасида ҳал этилиши инобатга олиниб, барчаси депутат назоратига олинган. Шу куни депутат ҳудуддаги ўндан ортиқ хонадонга бориб, уй эгаларини қийнаётган муаммоларни ўрганди. Аниқланган муаммолар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли йўл-йўриқлар берилди. Жумладан, кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган С.Аҳмадалиевга Хонобод шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар уй-жой ажратиш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди.

Фуқаро М.Рўзиматова соғлиғи яхши эмаслигини, тиббий кўрикдан ўтишга имконияти йўқлигини айтиб, депутатдан кўмак сўради. Акмал Жумабоев ушбу масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилди. Натижада фуқаро рўйхатга олиниб, шифохонага ётқизилди.

Фозилмон кўчасида истиқомат қилувчи аҳолидан тушган мурожаатга кўра, кўча атрофидаги симёғочлар эскиргани боис уларни янгисига алмаштириш зарурати бор. Ушбу масала ҳам депутат кўмаги билан ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, депутат ҳудуддаги ўрганишлари давомида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, ишбилармон аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бу борада “Ишонч Пудрат” масъулияти чекланган жамияти вакиллари мазкур МЧЖ фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан кредит олишда кўмак беришини сўраб мурожаат қилди. Депутат кўмаги билан Республика АТ “Халқ банки”га 100 миллион сўм миқдорида кредит олиш бўйича тегишли ҳужжатлар тақдим қилинди.

Мутасаддилар масъуллигини ошириш —
депутат зиммасидаги муҳим вазифа

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида бўлган ЎзМТДП фракцияси аъзоси Дилфуза
Жалилованинг ҳудуддаги ўрганишлари натижасида аксарият муаммони жойида ҳал қилиш имкони борлиги маълум бўлди. Бу эса турли соҳа вакилларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлашини тақозо этади, холос. Дастлаб туманнинг “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган депутат Чандир қишлоғи ҳудудидаги Машъал, Тинч­лик, Бўстон, Насаф, Амир Темур ва Бобур Мирзо кўчаларини асфальтлаштириш бўйича туман ободонлаштириш бошқармасига таклиф киритди.

Тумандаги 32-умумтаълим мактаби 300 ўринга мўлжалланган, айни пайтда бу масканда 500 ўқувчи таҳсил олмоқда. Шу боис, 1990 йилда қурилиши тўхтаб қолган мактабнинг янги биносини реконструкция ва қайта таъмирлаш ишларини йўлга қўйиш жоиз. Бу масалани яқиндан ўрганган депутат Халқ таълими вазирлигига депутатлик сўрови билан чиқадиган бўлди.

Миришкор туманида қишлоқлараро автотранспорт қатновини йўлга қўйиш ҳам асосий масалалардан саналади. Бу масала, айниқса, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига анча ташвиш туғдираяпти. Депутат аҳоли вакилларининг ушбу муаммолари юзасидан Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Қашқадарё вилоят филиалига таклиф киритди.

Туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган Дилфуза Жалилова дастлаб бу ердаги мактабгача таълим муассасаси билан танишди. Мазкур муассаса таъмирталаб ҳолга келиб қолган, унинг шарт-шароитларини яхшилаш, болалар қамровини кенгайтириш зарур. Ушбу МТМнинг ҳолатини яхшилаш депутат назоратига олинди.

Аҳоли томорқаларини оқова сув билан суғориш тизимини йўлга қўйиш ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Аммо ҳудудда талай муаммо бор. Депутат томонидан Миришкор тумани “Чандир ҳаёт булоғи” сув истеъмолчилари уюшмасига киритилган таклиф ҳам тез орада ўзининг ижобий ечимини топадиган бўлди. Уюшманинг мутасадди раҳбарлари бу амалий ишга ҳозирдан киришилганини билдирди.

“Чандир” маҳалла фуқаролар йиғини — Миришкорнинг энг катта ҳудуди саналади. Мазкур ҳудуддаги ўрганишлар давомида депутат қатор муаммо ва масалаларга эътибор қаратди. Жумладан, 31-умумтаълим мактаби фаолияти билан танишилганда, 2 нафар инглиз тили ва 2 нафар рус тили ўқитувчиси етишмаслиги маълум бўлди. Депутат ушбу масалада Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси ва Миришкор туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига таклиф киритди.

Соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, ушбу жабҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишларни босқичма-босқич амалга ошириш — давр талаби.  Президентимиз ташаббуси билан тиббиёт соҳасидаги амалий ишларни назорат қилиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг масъуллигини ошириш мақсадида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузилгани, қўмитага ЎзМТДП фракцияси масъул этиб белгилангани партиямиздан сайланган депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, Дилфуза Жалилова ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида ҳам бўлиб, улар фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар давомида “Чандир” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги тез тиббий ёрдам бўлимига тез ёрдам машинаси ажратиш ҳамда Чандир қишлоқ шифохонасида реконструкция ишларини олиб бориш, шифохонада бир нафардан стамотолог ва акушер-гинеколог,
2 нафардан педиатр ва терапевтга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Бу борада парламент аъзоси Соғлиқни сақлаш вазирлигига депутатлик сўрови билан чиқадиган бўлди.

Ҳар бир оила, ҳар бир
одам манфаати йўлида

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шерзод  Қулматов Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги ўрганишлари давомида тиббиёт ва таълим муассасалари ҳолати билан танишди, 3 маҳалла фуқаролар йиғини ва қатор хонадон вакиллари билан учрашди. Учрашувлар мобайнида депутатга аҳоли вакиллари ўзларини ўйлантираётган, қийнаётган муаммолар, камчиликлар ва таклифлар билан мурожаат этдилар. Масалан,  Қурбонали Жўраев кам таъминланган оилалар рўйхатида туради. Тўрт марта инсульт касаллигини бошидан кечирган. Фуқаро депутат билан мулоқот чоғида ўзини 1-гуруҳ ногиронлигига ўтказиш, аёлига унга қараётганлиги боис меҳнат дафтарчаси очиш, беморнинг аҳволидан хабар олиш учун ҳамшира тайинлаш ҳамда ўғли Салоҳиддин Жўраевни иш билан таъминлаш юзасидан мурожаат қилди. Юқоридаги масалалар бўйича туман Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари билан Салоҳиддинни февраль ва март ойлари учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларига бириктириш юзасидан келишиб олинди.

Мустақиллик маҳалласи Маърифат кўчасида яшовчи Лола Жўраева 1-гуруҳ ногирони. Фуқаронинг хонадонига борилганида унинг соғлигида муаммолар борлиги маълум бўлди ва зудлик билан туман шифохонасига ётқизилди.

“Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қаҳрамон  Йўлчиев бандлик масаласида кўмак сўраб мурожаат қилган эди. У депутат кўмаги билан “Оқолтин Агро капитал” фермер хўжалигига ишга жойлаштирилди.

Оқолтинликлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўз вакиллари билан юзма-юз мулоқот жараёнида турли масалаларда мурожаат қилдилар. Депутатга аҳолидан келиб тушган мурожаатлариннг 22 таси уй-жой, коммунал соҳа, 6 таси бандлик, 4 таси соғлиқни сақлаш, 4 таси банк-кредит, 3 таси тадбиркорлик, таълим ва транспорт, йўл қурилиши соҳаларига тегишли экан. Кўтарилган  масалаларнинг аксарияти жойи­да ҳал этилди. 17 масала туман, 3 масалани эса вилоят миқёсида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Тадбиркорлар фаолияти
доимий эътиборда

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида бўлган ЎзМТДП фракцияси аъзолари Акмал Умрзоқов ҳамда Шерзод Раҳимов тумандаги “Ёзёвон”, “Тегирмонбоши” ва “Баҳор” МФЙ ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот олиб борди. Ушбу ҳудудларда маҳаллий аҳолидан асосан уй-жой-коммунал, бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, банк-кредит, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши каби масалаларда мурожаатлар бўлди.

“Баҳор” МФЙ ҳудудидаги Бахмал кўчасида яшовчи Розияхон Ҳусанова иссиқхонасини кенгайтириш мақсадида кредит сўраб мурожаат қилди. “Тегирмонбоши” МФЙ ҳудудидаги Истеъдод кўчаси 2-уйда яшовчи Раҳматжон Аҳмадалиев 2017 йил май ойида тадбиркорлик фаолияти юритиш учун Амир Темур кўчасида бўш турган ердан жой сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Лойиҳалар чизилиб, ҳужжатлар тасдиқланган. Аммо шу вақтга қадар ажратилаётган ер кимошди савдога қўйилиши керак, деган баҳона билан масала ҳал этилмай қолиб кетган. Тегирмонбоши кўчаси 25-уйда яшовчи Адҳамжон Маҳмудов бир неча бор “Агробанк” маъмуриятига асаларичилик билан шуғулланиш мақсадида лойиҳа тайёрлаб, кредит олиш учун ёрдам сўраган, лекин турли баҳоналар билан ололмаган. Лутфий кўчаси 19-уйда яшовчи Махситали Усмонов ҳам иссиқхонасини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредит сўраб мурожаат қилди.

Учрашув давомида аксарият мурожаатлар тегишли мутасаддилар иштирокида жойида ҳал этилган бўлса, қолган муаммолар юзасидан тегиш­ли тушунтиришлар берилди ва назоратга олинди.

— Парламент аъзоларининг ҳар бир ҳудудда бўлиб, оддий одамларнинг дарду ташвишлари билан қизиқаётгани, муаммоларимизга ечим топишга интилаётгани бизни беҳад қувонтириши билан бирга, янги куч-ғайрат билан ишлашга, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ундайди, — дейди фуқаро Адҳамжон Маҳмудов. — Депутатлар билан бўлиб ўтган учрашув давомида тадбиркорлик фаолиятимизда дуч келаётган масалалар юзасидан  мурожаат қилдик. Бу борада улар кўмаги билан аниқ натижага эришамиз.

ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишлари, аҳоли билан мулоқотлари ҳар жиҳатдан самарали кечди. Кўплаб масалалар, соҳалар ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар, одамларни ўйлантираётган, ўз ечимини кутаётган масалалар депутатлар кўмагида ҳал этилди ва уларнинг назоратига олинди. Бу эса парламент ва депутатлик назоратини ўрнатган ҳолда  жойлардаги масалаларни ҳал этиш имконини беради.

Муслима РЎЗИЕВА,
Савриой МАЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Бухоро, Сирдарё вилоят
кенгашлари  матбуот котиблари,
Муҳтарама КОМИЛОВА,
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг