Туризм ва маданият соҳаси ривожи: унга ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши қандай ҳисса қўшмоқда?

0
59

Мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш, шубҳасиз, халқимизнинг бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини, маданий мерос объектлари, шаҳарларимизнинг ўзига хос жиҳатларини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда туризм ва маданият соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада кўплаб муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани замирида ҳам мана шундай мақсад мужассам.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузуридаги Пресс-холда ташкил этилган матбуот анжуманида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов таъкидлаганидек, бугун мамлакатимиз туризм салоҳиятини тубдан янгилаш, тизимда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, халқимизнинг тарихий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш, “Хавфсиз туризм” концепцияси ижроси, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларини жаҳон сайёҳлик бозорига олиб чиқиш борасида кенг қамровли амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар мавжуд. Хусусан, анъанавий маданий-тарихий туризм билан бирга унинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гострономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик, болалар, ўсмирлар, ёшлар туризми, оилавий ва кексалар учун ижтимоий туризм каби янги турларини ривожлантириш, ички туризмни янада кенгайтириш — бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Хўш, бу борада ўз сайловолди Платформасида туризм соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, жумладан, туризм марказларидан бири ҳисобланган Бухоро вилоятида партия ҳудудий ташкилоти қандай амалий ишларни илгари сурмоқда?

— Партия вилоят кенгаши Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган, — дейди ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Саид Ҳамроев. — Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи Президентимизнинг “2017-2019 йилларда  Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри туризм салоҳиятини жадал ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини муҳокама қилди. Муҳокама доирасида ушбу масала юзасидан Туризмни ривожланлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи
Ш.Маҳмудовнинг ҳисоботи тингланди. Ушбу ҳисобот халқ депутатлари Когон шаҳар, Когон, Шофиркон, Жондор ва Бухоро туманларидаги партия гуруҳлари томонидан ҳам эшитилди. Муҳокама жараёнида асосан вилоятда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ камчилик ва муаммоларга эътибор қаратилди.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида партия ташкилоти Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси билан вилоятдаги 660 маданий мерос объек­тини тўлиқ хатловдан ўтказди. Уларни асраш, келажак авлодга етказиш ҳамда вилоятда туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида маҳаллий Кенгашлар сессияларига 11 ташаббус-масала киритилди. Бунинг натижасида таъмирлаш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 4 миллиард сўм ажратилиб, Арк мажмуаси, Тоқи Заргарон, Тоқи Телпакфурушон, Лаби Ҳовуз, Мири Араб мадрасаси, Моҳи хосса ва Чорминор мажмуалари жорий таъмирдан чиқарилиб, 20 дан ортик маданий мерос объектлари ободонлаштирилди.

Шунингдек, ЎзМТДП вилоят кенгаши аъзолари ҳамда депутатлар Когон темир йўл вокзалида бўлиб, ундаги меҳмонхона ва божхона постлари ҳолатини, у ерда йўловчи ва сайёҳлар учун яратилган шароит ва қулайликларни ўрганди. Ўрганиш натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Партия вилоят кенгаши Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва маданият бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро туризм коллежи талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этди. Унда ёшларга юртимизда маданият ва туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, Президентимизнинг соҳа вакиллари билан учрашувидаги фикр-мулоҳалари ва вазифалар мазмун-моҳияти тушунтирилди. Шунингдек, очиқ мулоқот коллежда туризм соҳасини ўқитиш қандай ташкил этилгани, бу борадаги янгиликлар таълим жараёнига қай йўсинда татбиқ этилаётгани ҳақида ёшларнинг эркин фикрларини ўрганиш имконини берди, уларнинг хоҳиш-истаклари билан ўртоқлашилди.

Мазкур ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳозир амалда бўлган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонунини такомиллаштириш жараёнида амалиётдан келиб чиққан ҳолда қатор таклифлар берилди.

— Партия ташкилотимиз вилоятда маданият соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш,
ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган халқимизнинг маданий, илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ўрганиш ва янада кўпайтириш, маданият ва санъатимиз ютуқларини халқаро майдонда тарғиб қилиш каби мақсад-вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида ҳам фаоллик кўрсатишга интилмоқда, — дейди ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Беҳзод Жўраев. — Партия вилоят кенгаши маданият бошқармаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолагач, қатор лойиҳалар йўлга қўйилди. “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли” лойиҳаси доирасида турли тадбир ва семинарлар, “Мустақил Ватанда оналар эъзозда” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар, “Миллий тикланиш” соврини учун” спорт мусобақалари, “Озод юртнинг бахтли фарзандлари!” мавзусида фестиваль, сайёр қабуллар доирасида навқирон авлод билан очиқ мулоқотлар, ёшлар иқтидорини қўллаб-қувватлашга қаратилган танловлар шулар жумласидандир.

Вилоят маданият бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда яқинда қабул қилинган “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида қатор таклиф ва фикр-мулоҳазалар берилди.

Мухтасар айтганда, партия Бухоро вилоят кенгаши Президентимизнинг маданият ва туризм соҳалари ривожи учун белгилаб берган вазифалари, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш,  мамлакатимизда маданият ва туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган мақсад-­вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида жорий йилда янги лойиҳа ва амалий саъй-ҳаракатларни илгари суришни режалаштирган. Зеро, бугун сиёсий партиялар мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозим.

Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг