Кино ва театр санъати: эзгуликка хизмат қилиши керак

0
45

“Агар биз аждодларимиз хотирасини улуғламоқчи, шу асосда ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати орқали амалга оширишимиз керак”. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 августда мамлакатимиз ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда айтган бу сўзлари миллий кино ва театр санъати мутасаддилари зиммасига улкан масъулият ва вазифаларни юклади. Дарҳақиқат, кино ва театр санъати инсон маънавиятини юксалтиришда беқиёс ўрин тутади. Тас­вирга олинган ёки саҳналаштирилган асар, актёрлар маҳорати, кўтарилган мавзу, сюжет — буларнинг барчаси биргаликда инсонни ё эзгулик сари бошлайди ёки уни тубсиз чоҳга итқитади.

Яратилаётган кино ва спектакллар бугунги давр талабига қанчалик жавоб бера олади? Улар миллий анъаналаримиз ва менталитетимизга нақадар мос? Бу асарларда аждодларимиз қиёфаси ва замон қаҳрамони образи қай даражада акс этмоқда?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Бизнинг кино, бизнинг театр” лойиҳаси шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида ишлаб чиқилди. 2018 йилда мазкур лойиҳа доирасида партиянинг ҳудудий ташкилотлари ҳам турли давра суҳбати, учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил қилишни режалаштирган. Партиянинг Самарқанд шаҳар кенгаши “Шарқ юлдузи” кинотеатрида ташкил этган миллий меросимизни асраш ва кенг тарғиб этиш, замонавий қаҳрамонлар тимсолларини яратиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган очиқ мулоқот айни шу мақсадга қаратилган.

Тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими ҳамда вилоят мусиқали драма театри ходимлари, Самарқанд давлат университети талабалари, бошланғич партия ташкилоти фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Азим Солиев, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри директори Баҳодир Шаропов юртимизда миллий кино ва театр санъати ривожи йўлида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, юртимизда кино ва театр санъатини тубдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбекфильм” ва илмий-оммабоп ҳужжатли фильмлар киностудиялари, театр бинолари жаҳон андозаларига мос реконструкция қилинмоқда. Яратилган фильмлар, қолаверса, миллий тарихий асарларни суратга олишга давлатимиз кенг шароит яратаётир.

— Биз ижодкорлар қачонки миллий маданиятимиз, тарихимиз, қадриятларимиз, буюк аждодларимиз аслида ким эканини ҳаққоний тасвирлай олсак, ўз фильмларимиз, спектакл­ларимиз билан томошабинда, халқимиз қалбида аждодларимизга чексиз ҳурмат туйғусини шакллантирсак ўз мақсадимизга етган бўламиз. Бунинг учун бизда барча имконият бор. Фақат ташаббус кўрсатиб ижод қилишимиз керак, — деди вилоят мусиқали драма театри директори Баҳодир Шаропов.

Очиқ мулоқотда хусусий киностудиялар суратга олаётган айрим кинофильмларнинг савияси паст, тарбиявий аҳамияти саёз экани кенг муҳокама этилди. Миллий-­тарихий қаҳрамонлар образларини янада кўпайтириш, уларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш, бунда мутасадди ташкилотлар, мутахассислар ва ёшлар билдираётган ғоя ва фикрларни инобатга олган ҳолда фаолият олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

— Бугун айрим “кино”чилар санъатга фақатгина даромад манбаи, машҳурликка элтувчи йўл сифатида қарайди ва ўзининг дунёқарашига яраша ижод қилади. Унинг “ижод маҳсули”, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб ҳам кўрмайди, — деди Самарқанд давлат университети талабаси Содиқжон Худойназаров. — Экранлаштирилган ёки саҳнага олиб чиқилган асар миллий маънавиятимиз, анъаналаримизни ёшлар онгига сингдиришда муҳим аҳамият касб этар экан, уларнинг бадиий савияси, сифати ва музмун жиҳатдан мукаммаллиги, замонавий технология имкониятларидан кенг фойдаланиш масаласи биринчи ўринда туриши шубҳасиз. Мулоқот чоғида соҳа вакиллари билан муҳокама этилган бу борадаги фаолият танқидий таҳлил этилди, ёшлар мазкур масалаларга оид ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Очиқ мулоқот давомида театр ва кино санъати инсоннинг қалби ва тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган куч эканлиги эътироф этилди. Иштирокчиларга тарбиявий аҳамиятга эга бўлган “Ота уй” номли фильм намойиш этилди.

Жамшид ХУШВАҚТОВ,
ЎзМТДП Самарқанд
шаҳар кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг