Фуқаролар фақат ўз дарду ташвишини айтмаяпти, балки…

0
28

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳа¸тбахш ғояси бугун мамлакатимиз давлат бошқаруви тизимида қатъий тамойилга, барча даражадаги раҳбарлар фаолиятига баҳо беришда асосий мезонга айланмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари шаҳар ва туманлар, чекка қишлоқларда ўтказаётган сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, муаммоларга ечим топиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши Бойсун туманининг Ҳунармандлар, Меҳриобод, Кўчкак маҳаллаларида ўтказган ана шундай тадбирларда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман партия ташкилотлари ходимлари аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди. Очиқ мулоқотда 30 га яқин мурожаат ўрганилиб, аксарияти мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида жойида ижобий ҳал этилди.

— Фарзандларимиз бўш вақтини мазмунли ўтказса, кўнглимиз хотиржам бўлади, шу боис, маҳалламиз ҳудудида кичикроқ бўлса ҳам футбол майдони барпо этишда кўмак сўраб мурожаат қилдим, — дейди Ҳунармандлар маҳалласида яшовчи Шавкат Норов. — Туман ҳокимлиги ва партия ташкилоти мурожаатимни ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам берадиган бўлди.

Сайёр қабулда Меҳриобод маҳалласида яшовчи, 3-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулнора Нормаматова маҳалла ҳудудида мактабгача таълим муассасаси қуришда, 3-умумтаълим мактаби директори Шуҳрат Фармонов яроқсиз ҳолга келиб қолган ва узоқ йиллардан бери фойдаланилмаётган мактаб биноси ўрнига бошланғич синфлар учун қўшимча бино қуришда ҳамда мактаб кутубхонаси фондини бадиий китоблар билан бойитишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаатлар ўрганилиб, 2018 йилда ҳудудни ривожлантириш бўйича маҳаллий дастурга киритилди.

Меҳриобод маҳалласида истиқомат қилувчи Фароғат Норқулова банкдан таълим кредити олиш масаласида амалий ёрдам сўради. Фуқаронинг бу мурожаати ўрганилиб, халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Абдулла Раҳимов томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Кўчкак маҳаласида ташкил этилган сайёр қабулда ҳам фуқаролар фаол иштирок этди.

— Маҳалламиз ҳудудида жойлашган 7-умумтаълим мактаби 240 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бироқ бугун ушбу таълим масканида 600 ўқувчи таълим олмоқда, — дейди мактаб ўқитувчиси Самат Сафаров. — Шу сабабли ўқитиш жараёни уч сменада амалга оширилмоқда. Мактаб биносини кенгайтириш ёки янгисини барпо этиш зарур. Ана шу масаладаги мурожаатимни депутатлар ўрганиб чиқиб, вилоят халқ таълими бошқармасига депутатлик сўрови юборадиган бўлди.

— Аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар ўз самарасини бераётир, — дейди ЎзМТДП Бойсун туман кенгаши раиси Даврон Орипов. — Бугунги сайёр қабулда кўплаб мурожаатларни ўргандик. Фуқаролар сайёр қабулда фақат ўз дарду ташвиши билан чекланиб қолмаяпти, балки ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан мурожаат қиляпти. Депутатлар уларнинг мурожаатларига атрофлича жавоб қайтарди. Кўплаб мурожаатларга шу жойнинг ўзида ечим топилди. Айрим масалалар бўйича учрашув қатнашчиларига тегишли ҳуқуқий маслаҳат берилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига депутатлик сўрови юборишга келишиб олинди.

Ойдин НАСРИДДИНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг