Ўрганиш натижалари сессияларда муҳокама қилинди

0
38

Парламент аъзолари жойларда бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда аҳолининг муаммоларини ўрганди. Мавжуд масалалар, фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Депутатлар ва сенаторларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари натижаси тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларида қизғин муҳокама қилиниб, ҳаётий қарорлар қабул қилинди, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва етук авлодни вояга етказишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу боис соҳа ривожига, айниқса, чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Парламент аъзолари ҳам жойлардаги фаолияти давомида тиббиёт муассасаларининг ҳолати, кўрсатилаётган хизматлар сифати билан яқиндан танишди. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг парламент аъзолари иштирокида ўтган навбатдаги сессиясида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Азиз Жўраев  тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

— Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан вилоятда тиббий хизмат тизими аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қайта ташкил этилмоқда. Бунинг натижасида оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларига аҳолининг профилактика мақсадидаги қатнови йил давомида 34 фоиздан 42 фоизга ошган. Тез тиббий ёрдамнинг чақирув манзилига кечикиб бориши 60 фоизга камайган. Тез тиббий ёрдам бригадасини молиявий таъминлаш 2 бараварга, дори воситаси билан таъминлаш 2,5 бараварга кўпайтирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан вилоятдаги бир қатор ихтисослашган тиббиёт муассасаларига малакали мутахассислар раҳбар этиб тайинланди. Уларнинг асосий вазифаси – ўз йўналишида вилоятимизда таж­риба мактаби яратишдан иборат. Бир қатор мураккаб операция ва муолажалар бевосита вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт муассасаларида амалга оширилмоқда. Соҳада эришилаётган самарали натижалар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, вилоят скрининг маркази фаолиятини янада яхшилаш лозим. Чунки скрининг маркази туғма хасталикларни тўла аниқлашга мослаштирилмаган. Бундай ускуна ҳозирда марказда йўқ. Натижада кўп ҳолларда туғма хасталикларни эрта аниқлаш имкони қўлдан бой бериляпти.

Соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар  сессия иштирокчиларининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Депутатлар тиббий хизмат сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Сессия якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

* * *

Халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгаши сессиясида ҳам туманда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар кўлами сарҳисоб қилиниб, муаммоларни ҳал этиш чоралари муҳокама марказида бўлди.

Йиғилишда Хоразм вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, республика ихтисос­лашган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбар ва мутахассислари, вилоят ва туман мутасаддилари, нодавлат ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Иноят Ҳожиев туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволини ўрганиш натижалари тўғрисида маъруза қилди. Шунингдек, туманда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Маълумки, Янгибозор тумани вилоят марказидан нисбатан узоқ жойлашган. Бугунги кунда туманда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатувчи 11, шу жумладан, 3 хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

Туманда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида бир қатор ташкилий ва амалий ишлар олиб борилган. Хусусан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича тумандаги мавжуд 12 қишлоқ врачлик
пункти негизида 3 қишлоқ врачлик пункти ва 3 оилавий поликлиника ташкил этилган. Шунингдек, туман тез тиббий ёрдам бўлими иккита “Дамас” русумли автомашина ҳамда битта реанимобиль билан таъминланиб, 64-сонли оилавий поликлиника қошида ҳамда “Оёқдўрман” ҚВП негизида тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил қилинган. ҚВП ва поликлиникаларнинг иш вақти соат 8:00 дан 20:00 гача қилиб белгиланган, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиш даражаси яхшиланган. Тез тиббий ёрдам шохобчаларини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича тез тиббий ёрдам бўлимидаги телефон тармоқларига автоматик овоз ёзиб олиш мосламалари ўрнатилган ва компьютерлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилган.

Сессияда туман ДСЭНМ ва молия бўлими раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Таъкидланганидек, туманда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш борасида бир қатор ишлар қилинган. Аҳоли, айниқса, болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларга қарши эмлаш ишлари тўлиқ назоратга олинган.

Сессияда туманда соҳага доир талай муаммолар ҳам мавжудлиги танқид қилинди. Хусусан, туман марказий шифохонасининг қабулхонасида беморлар учун зарур шароитлар яратилмаган, қабул жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш мақсадида замонавий АКТ имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмаган, беморлар ва уларнинг яқинлари учун кутиш жойлари номигагина ташкил этилган, шифохонада юмшоқ жиҳозлар, чойшаблар етишмайди. Шунингдек, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ишлар яхши йўлга қўйилмагани, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш жараёнлари талаб даражасида ўтказилмаётгани, патронаж ҳамширалар фаолиятини янада жонлантириш лозимлиги таъкидланди.

Сессия муҳокамалари асосида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мутахассисларни зарур компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда улар томонидан юритиладиган ҳужжатларни мақбуллаштириш ва соддалаштириш, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни, тегишли дастурларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, бу ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларини кўриш белгиланди. Депутатлар ҳар ўн кунда ўзлари сайланган ҳудудда жойлашган тиббиёт муассасаларига бориб, уларнинг ҳолати билан танишиш ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этишда фаоллик кўрсатиши бўйича фикр алмашилди.

Сессияда муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг