Ўзлик ва улуғликка бошлаган сиймо

0
37

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда учрашувлар, тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Миробод туманидаги 110-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ташкил этилган “Ислом Каримов – миллий армиямиз асосчиси” деб номланган тадбирда мактаб директори ўринбосари О.Қодиров ва бошқалар Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўзининг серқирра сиёсий фаолияти билан ўчмас из қолдирган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, унинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш навқирон авлоднинг комил ва ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайишида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг ривожланишида муҳим ўрин эгаллаган тарихий шахс ва сиёсий арбобдир.  Биринчи Президентимиз Ватанимизни энг қалтис ва оғир вазиятлардан олиб чиқиб, эркин ва обод давлатга айлантирди.

Давлат қурилишининг жуда муҳим ва узвий қисми бўлган Ўзбекистон Рес­публикаси Қуролли Кучларининг барпо этилиши ва унинг тараққиёт даври ҳам бевосита Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари ва эзгу ташаббуслари билан боғлиқ. Хусусан, Мудофаа вазирлигининг ташкил этилиши, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмаларнинг Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилиши, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилиниши, маҳаллий ҳарбий кадрлар масаласини ҳал қилиш мақсадида ҳарбий таълим соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши шулар жумласидандир.

Тадбирда капитан Муҳаммадсоли Дўстқуловнинг миллий армиямизнинг разведкачи гуруҳлари халқаро мусобақаларда эришаётган ютуқлар ҳақидаги ҳикояси ўқувчиларда катта таассурот уйғотди.

– Биз гуруҳимиз билан ўтган йили икки маротаба халқаро ҳарбий мусобақаларда қатнашдик, – дейди у. – Ўтган йилнинг июль-август ойларида Россияда ўтказилган мусобақада учинчи ўрин, октябрь ойида Буюк Британияда бўлиб ўтган халқаро беллашувда иккинчи ўринни эгалладик.

Разведкачи гуруҳларнинг ҳарбий-тактик чиқишлари, миллий армиямиз фаолиятини акс эттирувчи кўргазма намойиши барчада катта қизиқиш уйғотди.

Н.ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА мухбири


Биринчи президентимиз “Фарғона тонг отгунча” қўшиғини шу ерда эшитиш орзусида эди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги  “Ўзбекистон Рес­публикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Фарғоналиклар учун энг қадрли жой қаер эканини биласизми? Бугун Фарғонага келган меҳмон бўладими ёки хорижлик сайёҳ, албатта, бу масканга ташриф буюради. Бу Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройи. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган мазкур санъат саройи Фарғона аҳли учун азиз туҳфалардан бири сифатида янада қадрли.

Шарқ ва ғарб меъморчилиги анъаналарини уйғунлаштирган ушбу  улуғвор кошона узоқдан кўлда сузиб юрган оққушни эслатади. Унинг миллий услубда безатилган эшик ва устунлари, саҳна теграсидаги ранго-ранг ёритгичлар, томоша зали узра осмон гумбазининг бир парчаси тасвирланган манзара, бошқа яна бир қанча қулайликлар бу сарой яхлит бир муҳташам санъат асари эканини намоён этади. Сарой жойлашган майдонда тўртта фаввора, суғориш ва ташқи ёритиш тизимлари, ноёб дарахтлар ва анвойи гуллар ҳамиша атрофга чирой бахш этиб туради.

– Ушбу муҳташам Театр-концерт саройи ўрнида илгари қўланса ҳид бурқсиб ётган кўримсиз ёғ-мой заводи бўлганини ҳозир фарзандларимизга, меҳмонларга айтсак, ишонишмайди, – дейди меҳнат фахрийси Дониёр Эргашев. – 40 гектарлик ҳудудни эгаллаган эски корхона бошқа жойга кўчирилиб, бинолари бузилиб, тупроғигача янгиланди. Бетакрор меъморий ечимга эга кошона барпо этилиб, атрофи кўкаламзорлаштирилди. Бугун бу ердаги ажиб манзара, ўзига хос ободлик ва бетакрор гўзалликни кўриб, инсоннинг қўли гул, бугунимиз фаровон, эртамиз янада порлоқ эканига ишонч ҳосил қиласиз. Буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Дарҳақиқат, Ислом Каримов бунёдкорлик соҳасида амалга оширган ва бугун унинг сафдошлари, шогирдлари томонидан давом эттирилаётган улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари Ўзбекистоннинг бутун жаҳон эътиборини тортаётган ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган. Фарғонадаги улкан бунёдкорлик ишларининг бош меъмори – Ислом Каримовдир. 2011 йилда бошланган Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш ишлари шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб, одамлар  дунёқарашини кенгайтирди. Бугун фарғоналиклар Биринчи Президентимизнинг эзгу ишларини фахр билан тилга олади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қарорига мувофиқ, мазкур санъат масканига мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилгани тарихий воқеа бўлди. Бу фарғоналикларга чексиз қувонч, фахр-ифтихор бағишлади. Бугун ким билан суҳбатлашманг, Ислом Каримовнинг мустақиллигимиз, халқимизнинг эркин ва фаровон яшаши йўлида улкан матонат ва маънавий жасорат  кўрсатгани ҳақида тўлқинланиб сўзлайди. Қайси касб эгаси бўлмасин, у хоҳ ўқитувчи, хоҳ тадбиркор ё фермер, хоҳ оддий нуроний, барча билан самимий мулоқотда бўларди, кўнглига йўл топа оларди, деб эслайди.

– Биринчи Президентимизнинг олижаноб фазилатлари барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб қолди, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Ботиржон Темиров. – Айниқса, Фарғона шаҳридаги мислсиз бунёдкорлик ишлари бевосита у кишининг ташаббуси билан амалга оширилди. Шаҳримиздаги санъат саройи ана шулардан бири. У киши бу масканнинг қурилишига бош-қош бўлди. Биринчи Президентимиз вилоят фаоллари билан учрашувида “мазкур санъат саройи битса, сизлар билан ўтириб, “Фарғона тонг отгунча”ни бир эшитаман”, деб ният қилган эдилар. Бу сарой барчамиз учун азиз маскан сифатида у кишини доимо эслатиб туради.

Фарғона азалдан маданият ва санъат ўчоғи сифатида ном қозонган. Мазкур санъат маскани ҳам бу анъаналарни янгича мазмунда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Бугун Фарғонада ўтказиладиган кўп­лаб тадбирлар ана шу масканда ташкил этилмоқда. Театр жамоаларининг спектакллари, санъаткорларнинг байрам дастурлари намойиш қилинмоқда. Бу санъат масканига келган киши ўзига катта маънавий руҳ, мадад олиб қайтади.

– Мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов. – Мустақиллигимиз меъмори Ислом
Каримов томонидан бу борада бошлаб берилган эзгу ташаббуслар бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтининг Фарғона филиали ташкил этилгани,  Қўқон шаҳрида “Ижодкорлар уйи” фойдаланишга топширилгани, э-ҳе, буларни санаб адоғига етиш қийин. Вилоят ўзбек давлат мусиқали драма театри жамоаси ҳам мазкур санъат саройида томошабинлар учун янги саҳна асарларини намойиш этиб келмоқда.

М.СУЛАЙМОНОВ,
ЎзА мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг