Пресс-холда ижтимоий соҳа муҳокамаси

0
19

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида тезкор ёритиш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда журналистлар ўртасида юзма-юз мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузурида Пресс-хол фаолияти йўлга қўйилган эди. Брифинг шаклида бўлиб ўтган навбатдаги тадбир давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январда имзоланган “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов таъкидлаганидек, “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган ўқитиш муддатларида амалга оширилади. Бунда касб-ҳунар коллежларида ўргатилаётган касб-ҳунарлар сонини ошириш ҳам кўзда тутилганлиги аҳамиятлидир. Бундан ташқари, мазкур фармон мавжуд касб-ҳунар коллежлари фаолиятини оптималлаштириш, кадрларга бўлган реал эҳтиёжни тўла қоплаш, иш берувчи корхоналар таклифлари асосида иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш имконини беради.

Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудида 11 йиллик таълим тизими қайта тикланган эди. Бу, айниқса, ота-оналар, ўқитувчилар, кенг жамоатчилик ҳамда 9-синф битирувчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Ўрганишлар ҳам ўқувчининг ўзи туғилиб ўсган ҳудуддаги таълим масканида ўқишни давом эттириши унинг таълим олиш сифатига ижобий таъсир кўрсатишини намоён этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам фуқароларнинг тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини тўла қондиришга, хусусан, тез тиббий ёрдам самарадорлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур қарорга биноан, эндиликда мулкчилик шаклидан қатъий назар, тез тиббий ёрдамга муҳтож кишиларга нафақат давлат, балки хусусий клиникаларда ҳам бепул тиббий хизмат кўрсатилади. Қарорда, шунингдек, тиббиётнинг мазкур тезкор тизимини энг замонавий алоқа ва техника воситалари билан таъминлаш, бирламчи тиббий ёрдам муддатини янада қисқартириш, унинг сифатини яхшилаш, бу борада илғор иш услубларини жорий этиш билан боғлиқ амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудий филиаллари тез тиббий ёрдам станциялари негизида бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган, ягона телефон рақамида узлуксиз фаолият юритадиган Call-марказлар ташкил этилади. Қамчиқ довонида ҳар 20 километрда тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматлари фаолият юритадиган бўлди.

Мухтасар айтганда, ҳар иккала ҳужжат ҳам ижтимоий соҳада амалга ошрилаётган ислоҳотларнинг мантиқий ва мазмуний давоми бўлиб, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
           “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг