Тасвирий санъат маликаси

0
40

Аждодларимиз барча даврда дунё илм-фани, маданияти ва санъати равнақига катта ҳисса қўшиб келган. Айниқса, бунда тасвирий санъат усталарининг алоҳида ўрни бор. Мазкур санъат турига аёл мусаввирлар ҳам муносиб ҳисса қўшгани эътиборга молик. Шамсирўй Ҳасанова ана шундай тасвирий санъат усталаридан бири эди.

…1917 йил 6 августда Тошкент шаҳрида оддий меҳнаткаш оилада қиз фарзанд дунёга келади. Ота-онаси унга яхши ният билан Шамсирўй деб исм қўйишди. Отаси узоқ вақт заводда ишчи сифатида ишлаб, 1933 йилда ногирон бўлиб қолади. Рўзғор ташвиши ва фарзандлар тарбияси уй бекаси бўлган она зиммасига тушади.

Шамсирўй 1924 йилда Тошкент шаҳридаги Зебунисобегим номли мактабда таълим ола бош­лайди. Кейинчалик мактабнинг номи бутунлай ўзга бир шахс номи билан аталган бўлса-да, ёш қизнинг қалбида шоира Зебунисобегим сиймоси муҳрланиб қолди. (Ижодкор рассом бўлиб улғайганида унинг сиймосини бетакрор рангларда гавдалантиришга муваффақ бўлади.

Шамсирўй мактабни тамомлагач, ўқишни аввал Тошкент педагогика билим юртида, орадан икки йил ўтиб, Тошкент тасвирий санъат билим юртида давом эттирди. Таълим жараёнида кўп­лаб устозлардан, жумладан, замонавий ўзбек рассомчилиги намояндаларидан бири Александр Волковдан рассомлик сир-асрорларини ўрганди.

Шамсирўй Ҳасанова Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси қошидаги ёш рассомлар студиясида икки йил малака оширади. Шу билан бирга 1939 йилдан Ўзбекистон давлат санъат музейи­да экскурсия олиб борувчи сифатида фаолият бошлайди.

Бўлажак рассом ҳаёти ва ижодида Ўзбекис­тон давлат санъат музейи ёрқин из қолдирган. Музейнинг ХХ аср 40-50 йиллардаги  фаолияти айнан мана шу фидойи аёлнинг матонати, меҳнати ва  шижоати билан бевосита боғлиқ. Шу билан бирга унинг таниқли рассом, маҳоратли ижодкор бўлиб етишишида ҳам музей ва унинг жамоасининг ўрни беқиёс. Рассом умрининг охирига қадар шу даргоҳда фаолият олиб борди ва ижод қилди, ўз ижодий услубига эга бўлди. У узоқ йиллар музейда илмий ходим, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида фаолият юритди. Йигирма тўққиз ёшида унга Ўзбекистон давлат санъат музейи директори лавозими ишониб топширилди.

Мусаввир Шарқ ва Ғарб тасвирий санъати услубларини чуқур ўрганган, Марказий Осиё миниатюра мактаблари тажрибалари ҳамда қадим услуб ва йўналишларни Европа реалис­тик санъати анъаналари билан уйғунлаштириб ўзига хос янги пластик ечимга эришган. Рассом портрет жанрида ҳам серқирра ижод намуналарини яратган. “С.Норқўзиев портрети”, “Қизалоқ портрети” “Автопортрет” асарлари шулар жумласидандир.

Шамсирўй Ҳасанова учун халқимиз маданияти, маънавияти чексиз илҳом манбаи бўлди. У мумтоз адабиётимизда муҳаббат, садоқат ва вафо куйчилари бўлган шоираларимиз Нодирабегим, Увайсий, Зебунисобегим портретларини миллий руҳда маҳорат билан тасвирлаган. Суратларда ўзбек аёлига хос фазилат ва ҳислатлар, айниқса, ҳаё ва меҳр барқ уриб туради. Яна бир муҳим жиҳат: у ўзбек тасвирий санъатида биринчилардан бўлиб натюрморт жанрида асарлар яратди. Ҳар бир ранг гаммасига эътибор қаратди ва унинг воситасида реалликни тўла-тўкис ифода эта олди. Унинг асарлари республика ва хориж мамлакатларида, жумладан, Москва, Прага, Париж шаҳарларида бўлиб ўтган кўргазмаларда намойиш этилди.

Шамсирўй Ҳасанова 1956 йили оғир хасталикдан сўнг бу ёруғ дунёни тарк этди. Бироқ ўттиз тўққиз йиллик қисқа умри давомида рассом ўз номини тасвирий санъат тарихига муҳрлаган асарлар ярата олди.

Ўзбекис­тон давлат санъат музейида Шамсирўй Ҳасанова таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон тасвирий санъатининг маликаси” номли кўргазма ташкил этилди. Унда рассомнинг, асосан, миллий руҳда яратилган энг сара асарлари намойиш этилди. Кўргазмада юртимизнинг турли ўқув даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар, таниқли рассомлар, санъатшунос олимлар ва кенг томошабинлар иштирок этди.

— Миллийлигимиз, азалий қадриятларимиз, ўзбекона қиёфамиз, тафаккуримиз жо бўлган асарлар ҳамиша, ҳамма вақт юксак эътибор қозонган, — дейди рассомнинг укаси Эркин Каримов. — Опам Шамсирўй Ҳасанова ижодидаги миллий руҳнинг устунлиги, айниқса,  унинг ўзбек аёллари сиймосини тасвирлашида яққол акс этади. Бугунги кўргазма ҳам ижодкор асарларига ҳурмат-эътибор намунаси ва ёшларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Обид ТАНГИРОВ,
Шодлик ХИДИРОВ,
Ўзбекистон давлати санъат музейи
илмий ходимлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг