Касбидан эъзоз топган устоз

0
41

…Шинам аудитория. Ҳушёр бир сукунат чўмган. Талабалар бутун вужуди қулоқ бўлиб, устоз ваъзини тинглаб, муҳим ўринларини дафтарга қайд этиб бормоқда. Машғулот қўнғироқ чалунгунча юқори пардаларда давом этади. Соҳасининг пири бўлиб кетган устоз гапни нимадан бошлаб, қандай тугатишни роса чамалаб олган. Буни у “композиция” дейди. Ушбу тушунча талабаларга алоҳида сабоқ сифатида ҳам ўргатилади. Ахир улар фақат назария билан қуролланиб қоладиган кишилар эмас, балки ўрганганлари асосида ижод қиладиган соҳа вакиллари. Қолаверса, мана шу хусусият касбнинг асосий белгиси ҳисобланади. Олим назарияни билим сифатида сақлайди, журналист эса у билан қуролланиб, ижод қилади.

Устоз маърузада давом этар экан, тингловчиларни бир-бир назардан ўтказиб, кўнгли ҳаприқиб кетади. Талабалар ҳам чакки эмас, кўпининг биринчи китоблари аллақачон нашр этилган ёки шов-шувли чиқишлари билан исми тилга тушган — машҳурларининг мухлислари ортидан эргашиб юради. Ҳамма ҳам журналист қавмининг суҳбатига ошиқади. Шогирдлар камоли устознинг бахти-да. Шуларни хаёлдан кечириб, устоз пардани яна ҳам баландроқ олади, жаҳон журналистикаси тарихидаги энг илғор тажрибаларни “майдонга тушириб”, талабалар қизиқишини баттар орттиради. Сабоқ шу тарзда давом этади…

Устоз Сайди Умировни доим шунақа “турмуш тарзи”да тасаввур этаман. Балки бул зот билан илк учрашувим дорулфунун аудиториясида рўй берганиданми, у доим талабаларга сабоқ берадиган алпозда муҳрланиб қолган. Ҳолбуки, кейинчалик ҳаёт кўрсатди — Сайди Умиров фақат ўқитувчи-олим эмас, ёзувчи-публицист, жамоат арбоби, таълим ташкилотчиси, ёшларнинг севимли мураббийси ҳам экан.

Устоз эсдаликларининг бирида: “Журналистика факультети ўқитувчилари уч тоифага бўлинади:
1) ёзиш-чизишни биладиган; 2) бу ишни нари-бери, ҳаминқадар, чала-чулпа бажарадиган; 3) ёзиш-чизишдан умуман йироқ, фақат “назарий тайёргарликка эга одамлар” тарзида қайд этади. Муаллифнинг ўзи бу ҳолни шундай шарҳлайди: “Журналистика факультети ўқитувчиси илм, ижод, мураббийликни бирга олиб бормоғи ҳам қарз, ҳам фарз, айтганингни ўзинг амалда кўрсатиб берсанггина талаба сенга ишонади. Бирор чолғу асбобини чалолмаган кишининг мусиқа билим юртида ишлаши, копток тепишни билмайдиган одамнинг футбол мураббийи, сузишни билмайдиган одамнинг сузишдан йўриқчи (инструктор) бўлиши шубҳали”. Нақадар адолатли эътироф, қолаверса, ўзига ишонган ва ўзига нисбатан талабчан мутахассиснинг иқрори бу. Шубҳасиз, Сайди ака биринчи тоифага мансуб, аммо ул зотнинг қолган икки тоифа, айниқса, учинчи тоифага хос “одам”лар билан ҳам бир умр ишлаб келганини тарозига қўйсак, бундай очиқ эътироф, мардлик қанчалик таъналарга сабаб бўлганини ҳам тасаввур этиш қийин эмас.

Шуниси эътиборлики, домланинг факультет(лар)даги фаолияти майда-чуйда иззатталабликлардан юқори, улуғвор ва саховатли кечган. Унинг маърузаларидан кўпчиликнинг касбий малакаси шаклланган бўлса, ҳаётий ўгитлари орқали яшаш илмидан сабоқ олган. Ҳар бир соҳанинг ўзига хосликлари бўлганидек, журналистика ҳам бундан мустасно эмас. Агар бўлажак касб соҳиби ҳам, унда сабоқ берадиган устоз ҳам ана шу “сир”ни тушуниб етмаса, умумий “хор”га қўшила олмайди. Бу соҳа тинимсиз тарашлаб туриладиган ва фақат асл ўзагигина қоладиган савр дарахтига ўхшайди. Жараён мана бундай: кўплар “журналистика сўзининг жарангига учиб” (профессор Очил Тоғаев ибораси) бу соҳага қадам қўяди. Кириш имтиҳонларидан ўтади ҳам, аммо дастлабки сабоқларданоқ хатосини тушуниб, факультетни тарк этади. Бу жараён баъзан охирги курсгача давом этади. Қўлга диплом теккач ҳам айримларнинг ишлаб кетиши қийин кечади. Ишлаганлар қаторидан ҳам маълум қисмнинг юлдузи ёрқин порлайди. Бу шафқатсиз “пирамида” устоз Сайди Умировга тажрибадан ёд бўлиб кетган. Ва вақтида берилган тўғри йўналиш баъзиларнинг умрини бекорга совурилишининг олдини олгани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ умидли дунё, шундай пайтда домла шогирдларига бу соҳа тинимсиз ўқиб-ўрганишни талаб қилишини, чексиз қувват ва шу билан бирга мудом сабрли бўлиш лозимлигини ҳам қатъий таъкидлайди. Бугунги кунда миллий журналистикамизда фаолият кўрсатаётган ходимларда ушбу эслатишлар касб йўриқномаси бўлиб қолган ва унга амал қилганлар юқори марраларни забт этиб боряпти.

Ўз маслагига содиқ қолган устоз нафақат ўгитлари, балки ижод борасида ҳам талабаларга ўрнак бўлиб келмоқда. “Ҳуррият” газетасида
эълон қилинган Навоий иқтисодий зонаси ҳақидаги “Дадил одимлар” очеркини ўқиб, ҳали устоздан ўрганадиган нарсаларимиз кўплигига амин бўласиз. Таҳлилий-иқтисодий йўналишдаги очеркда журналис­тика назариясида жамланган жами қоидаларнинг амалдаги истифодаси  ўз аксини топган, мужассамлашган. Шу маънода уни ўқув қўлланмаларига киритиш мумкин. Ёки дунё миқёсидаги машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ҳақидаги тадқиқотларининг энг нуфузли нашрларда эълон қилиниши нафақат муаллифнинг, балки журналистикамизнинг ҳам ютуғи. “Сайёравий тафаккур адиби” тадқиқоти билан устоз шогирдларига писанда қилаётганга ўхшайди: “Чингиз Айтматовдек бўлинглар, шунда  сиз ҳақингизда ҳам мақола ёзаман”.

…Аудиторияда сабоқ давом этмоқда. Бугун янги мавзу. Устоз ҳам янгича усул қўллайди. Ўртага савол ташланади: “қани, айтинг-чи, корреспонденция нима?” Кимдир “катта мақола” дейди, кимдир бадиий тус беради: “мақоланинг акаси”. Иштибоҳ пайдо бўлади ва устоз заргарона назар билан бу икки жанрнинг фарқини тушунтириб беради. Устоз назарида, назарий тайёргарлик бу — аккумиляция қилинган энергия. Машинанинг ёнилғиси қанча кўп бўлса, у шунча узоқ йўл босади — устоз хулосасининг халқона талқини шундай. Сайди Умировнинг шогирдларини доим ўқиш-ўрганишга, изланишга чорлаши шундай мантиққа асосланган. Устознинг ўзи эса эришган ютуқлар билан кифояланмасдан, янада юксак марралар сари боришдан, шу йўлда ўз билим ва тажрибасини, касб малакаси ва маҳоратини муттасил бойитиб, такомиллаштиришдан асло чарчамайди. Нега деганда ўз ишидан қониқмасдан, доимо янгиликка интилиб, билим ва малакасини ошириш устида ишлайдиган, ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган устозларгина ҳар томонлама етук инсонларни камол топтиришга қодир бўлишини устоз яхши англайди.

Ҳаким САТТОРИЙ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг